“Яшил макон”: Самарқанд вилоятида 4 йилда 66 миллион туп кўчат экилган(ми?)

16:21 26 Ноябрь 2024 Жамият
213 0

Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ/«Халқ сўзи». Кўчат экиш ва яшил ҳудудларни кўпайтиришнинг аҳамияти беқиёс. Шу боис мамлакатининг барча ҳудудларида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчат экиш ишлари олиб борилмоқда.

Давлатимиз раҳбари 20 ноябрь куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида 2025 йилни юртимизда “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йили” деб эълон қилишни таклиф этди. Йиғилганлар ушбу ташаббусни тўлиқ қўллаб-қувватлади.

Жорий йилнинг 21 октябрь куни “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси муҳокамасига бағишланган йиғилишда Президентимиз мамлакатимизда ҳар йили 200 миллион туп дарахт ва бута кўчатлари экилиб, яшилликни 2030 йилгача 30 фоизга етказиш бўйича марра олинганини таъкидлади.

Йиғилишда яшиллик даражасини ошириш бўйича ислоҳотларни кўп раҳбарлар тушуниб етмаётгани айтиб ўтилди. Баҳор мавсумида 28 та туман кўчат экишда режани бажармагани танқид қилинди. Иқлим шароитини ҳисобга олмасдан, сув йўқ жойларга дарахт экилгани учун минглаб туп кўчат кўкармаган.

Ҳисоботга қўшиб ёзиш энг кўп Бухоро, Тошкент, Андижон, Сурхондарё, Самарқанд вилоятларида ва Тошкент шаҳрида қайд этилган.

Маълумотларга кўра, 2021 йилда Самарқанд вилоятида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида 16 миллион туп мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилган. 2022 йилда 16 миллион 388 минг туп кўчатлар экилиб, ҳар бир шаҳар ва туманда 84 гектар майдонда “Яшил боғ” барпо этилган. Яна “Ҳокимлик боғи”, “Янги Ўзбекистон боғи”, “Яшил жамоат парклари” ҳам ташкил қилинган.

Ҳисоботларда келтирилишича, вилоятда ўтган йил баҳор ва куз фаслида 17 миллион туп кўчат экилган. Бу йилги режаларни ҳам қўшадиган бўлсак, тўрт йилда 66 миллион тупдан ортиқ дарахт кўчатлари ўтқазилган. Асосан йўл бўйлари, дала четларига экилаётган ана шу кўчатлар қани?

Вилоятда бу соҳага ихтисослашган бир нечта ташкилот, олимлар меҳнат қилади. Бир неча йил давомида улардан бирортаси қайси туманга қандай турдаги мевали ёки манзарали кўчат мос келиши тўғрисида маълумотлар бергани йўқ. Натижада бўш майдонга тўғри келган кўчат экилди, лекин барчаси бирдек кўкармади. Янгилик сифатида хориждан валюта ҳисобига келтирилаётган кўчатларнинг аксарияти иқлимга мос келмаганлиги учун қуриб қоляпти. Уларни маҳаллий шароитга мослаштириш борасида ҳам бирор маълумот топилмайди. Самарқанд вилоятининг туманларида иқлим шароити бир-биридан фарқ қилади. Бир ҳудудда лалми майдонга, бошқасида сувсизликка ва шамолга чидамли кўчатлар экиш лозим. Амалда барчасига бирдек шумтол, катальпа, лола дарахти, павлония, арча, қрим қарағайи, япон сафораси каби кўчатлар экилмоқда. Улар қаторида иқлим шароитимизга мос, кўп йиллар давомида яхши ўсадиган чинор, эман, каштан, заранг, тут сингари дарахт ниҳоллари кўпроқ экиш фойдали эмасми?

Яқинда вилоят ҳокимлигида ўтказилган йиғилишда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида 2024 йил баҳор мавсумида кўчат экиш ишларида йўл қўйилган камчиликлар танқид қилинди.

— Вилоят ҳудудида баҳор мавсумида 11 миллион 619 минг туп кўчат экилиб, режа 114 фоизга бажарилган, — деди вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов. — Лойиҳа доирасида баҳорда 96,4 минг туп кўчат суғориш тизими мавжуд бўлмаган майдонларда экилган. Суғориш тизимининг ташкил этилмаганлиги ва парвариш ишлари амалга оширилмаганлиги сабабли экилган кўчатларнинг 100 мингдан зиёди қуриб қолган. Самарқанд ва Қўшработ туманларида 20 минг, Пайариқ ва Булунғур туманларида 19 минг, Ургут ва Нуробод туманларида 18 минг, Иштихон, Каттақўрғон ва Жомбой туманларида 15 минг туп кўчат кўкармаган. “Yashilmakon.eco” электрон платформасига кўрсаткичлар киритилишида эса кўзбўямачиликка йўл қўйилган.

Баҳор мавсумида вилоятда 50 минг туп, шундан Иштихонда 39 минг, Пайариқда 3800, Қўшработда 3700, Нурободда 1500 туп кўчат платформага қўшиб ёзилган ҳамда кўрсаткичлар сунъий ошириб кўрсатилган.

Атроф-муҳитга таъсир хавфи юқори I-II тоифадаги корхоналар томонидан “Яшил белбоғ”лар барпо этиш ишлари ҳам ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Режа Каттақўрғон туманида 69, Пахтачида 53, Булунғурда 27 фоизга бажарилган бўлса, Иштихон туманида мутлақо амалга оширилмаган.

Кўчат экиш ишлари жойида ўрганилганда аксарият кўчатлар фақат ҳисобот учун номигагина экилганлиги ҳамда уларни парваришлаш тизими ташкил этилмаганлиги ойдинлашди. Пайариқ тумани Халқобод ва Томойрот маҳаллаларида ташкил этилган эркин иқтисодий зонага кириш қисмида туман фавқулодда вазиятлар бўлими ва 3-сон касб-ҳунар мактаби томонидан экилган минг тупдан ортиқ мевали ва манзарали дарахт кўчатлари кўкармаган.

Нуробод тумани марказидаги 4Р-53 автомобиль йўли ёқасида туман ҳокимлиги ва туман ташкилотлари томонидан фақатгина ҳисоботларда акс эттириш учун номигагина экилган 5 минг тупдан ортиқ манзарали ва мевали дарахт кўчатлари кўкармаган, бундан ташқари, кўчатлар экилган ҳудуд ёниб ҳам кетган.

Жомбой туманида тижорат банклари томонидан темир йўли ёқасида экилган 2 минг тупдан ортиқ терак кўчати ҳам фақат қоғозда акс этган, холос.

Ургут туманидаги Қуйи Камонгарон маҳалласида туман ҳокимлиги томонидан барпо қилинган “Ҳокимлик боғи” ва “Яшил жамоат парки”да, шунингдек, Тинчлик ва Раҳматобод маҳаллалари ҳудудида ободонлаштириш бошқармаси томонидан экилган минг тупдан зиёд кўчатлар кўкармаган.

Тойлоқ туманидаги Ғўлба маҳалласида 0,25 гектар ер майдонда барпо қилинган “Ҳокимлик боғи”да аҳоли томонидан чорва моллари боқилганлиги сабабли кўчатлар пайҳон қилинган.

Самарқанд шаҳри ҳудудидан ўтувчи М-37 автомобиль йўли ёқасида собиқ ЙПХ пост штаби рўпарасида вилоят солиқ бошқармаси томонидан экилган 500 туп арча кўчатлари номигагина экилганлиги ва парвариш қилинмаганлиги сабабли қуриб қолган.

Иштихон тумани ҳудудидан ўтувчи М-37 автомобиль йўли ёқасида “Самарқандйўлкўкалам” корхонаси томонидан экилган 200 туп манзарали дарахт кўчатлари, Шайхларкент маҳалласида экилган 100 туп мевали дарахт кўчатлари ҳам нобуд бўлган.

Самарқанд вилояти экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси раҳбар ва мутахассислари яқинда Самарқанд шаҳридаги “Ёшлик” истироҳат боғида мониторинг ўтказди. Болажонлар мириқиб дам оладиган масканда ўнлаб дарахтларнинг ости бетонлаб ташлангани аниқланди. Бу ҳолат охир-оқибат кўп йиллик дарахтларнинг қуриши ва сўлим гўшанинг қақраб қолишига сабаб бўлиши табиий.

Ўрганиш давомида аттракционлар атрофини ободонлаштириш баҳонасида табиатга зарар етказган тадбиркорлар огоҳлантирилди. Тезкор тартибда дарахтлар атрофини бетон қопламаларидан тозалаб, белгиланган талаб даражасига келтириш, шу билан бирга ҳудудда санитар тозаликни сақлаш борасида топшириқлар берилди.

Ҳа, афсуски, бизда ҳамон дарахтлар, умуман, табиатга нисбатан эътибор ёмонлигича қолмоқда. Масалан, бирор жойда дарахт кесган қонунбузарнинг кесилган дарахт ўрнига 10 ёки 100 туп ниҳол экканини кўрмаймиз, фақат арзимас жарима солингани ҳақида хабар берилади. Бу ҳам аслида экологияга эътиборсизликнинг “мева”си ҳисобланади.

Умид қиламизки, “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йили”да бу каби камчиликларга йўл қўйилмайди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер