«Яшил макон»: муайян ҳудуд учун экиладиган кўчатлар тўғри танланяптими?

12:53 14 Ноябрь 2022 Жамият
295 0

Фото: Халқ сўзи

Сирдарё вилояти Ширин шаҳридаги 4-умумтаълим мактаби боғига «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида ёнғоқ ва анор кўчатлари ўтқазилди. Мазкур таълим даргоҳида боғ яратиш бўйича азалдан бой тажриба бор. Ҳозир мавжуд бўлмасада, ўтган аср охирларида бир неча гектарлик олхўризори, мўъжаз кўчатчилик майдончаси ҳам бор эди. Ташландиқ қурилиш майдони ўрнида бугунги шовуллаган боғ, дарахту гуллар билан безанган мактаб ҳовлиси – буларнинг бари ушбу таълим масканида яшиллик яратиш иштиёқи баландлигидан далолат беради. Муҳими, кўчат ўтқазиб, дов-дарахтларни кўпайтиришга шунчаки хўжакўрсинга эмас, узоқни ўйлаб, самарани кўзлаб қаралади. Хусусан, буни мактабда ёнғоқзор ва анорзор ташкил этилганидан ҳам билса бўлади.

Бинобарин, ҳудудларда «Яшил макон» доирасидаги кенг кўламли ишларни кузатар эканмиз, ўз-ўзидан савол туғилади: кўчатлар тўғри танланяптими? Йўл четларига манзарали дарахт ниҳоллари билан бирга мевалиларини ҳам ўтқазса бўлмайдими? Дейлик, бир қатор манзарали, бир қатор мевали шаклида. Албатта, бунда ҳосили унча-мунчага тўкилмайдиган беҳи, жийда сингарилар мақбул танлов, бизнингча.

Гап шундаки, назаримизда «Яшил макон» лойиҳаси асосида қилинаётган ишларда фақат юқори кўрсаткичга эришиш бош вазифага айланаётгандек. Қаерга қандай кўчат ўтқазган маъқул, ер шароити экилаётган ниҳолнинг таъбига мосми, деган талаблар эсдан чиқиб қолмаяптими, деган хаёлга ҳам борасан киши. Яна игнабарглилар, яъни арчалар ҳаддан зиёд кўпайиб кетмаяптими? Натижада яшиллик оламининг ранг-баранглиги бир хиллик билан тўсилиб қолмаяптими?

«Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси – узоқ ва яқин келажак кўзланган, оқилона ва хайрли ташаббус. Ишонч билан айтиш мумкинки, бу борада бугунги эзгу ҳаракатларимиз тез орада Ўзбекистонимизни янада яшнатиб юборади. Ватанимизни боғу роғларга, яшилликка буркайди. Симираётган ҳавомиз мусаффолашади. Фақат юқорида келтирилган мисолимиз – Шириннинг бир мактабидаги сингари экаётган ниҳолларимизни тўғри танласак, айни муддао бўлур эди.

Аҳмадали ШEРНАЗАРОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?