“Яшил” иқтисодиёт — Ўзбекистонда ёшлар бандлигини таъминлашнинг стратегик йўналиши сифатида

Бугунги кунда “яшил” иқтисодиёт глобал миқёсда барқарор ривожланишнинг муҳим йўналиши сифатида қаралади. Ўзбекистонда ҳам экологик тоза технологияларни жорий этиш, энергия тежамкорликни ошириш ва табиий ресурсларни оқилона бошқариш орқали иқтисодий ўсишга эришиш йўлида салмоқли лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Эътиборлиси шундаки, мазкур жараён ёшлар учун янги, барқарор ва тоза иш ўринларини яратиш имконини беради.
“Яшил иқтисодиёт” (Green Economy) атамаси БМТнинг Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш дастури (UNEP) томонидан шундай таърифланган: “…ҳаёт сифатини яхшилашга қаратилган иқтисодий фаолият бўлиб, у атроф-муҳитга хавф етказмасдан, табиий ресурслардан самарали фойдаланишни таъминлайди ва ижтимоий тенгликни қўллаб-қувватлайди”.
Шунингдек, “яшил” иш ўринлари — бу атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, энергия самарадорлиги, қайта тикланувчи манбалар ҳамда экологик тоза технологиялар соҳасидаги иш ўринларидир. Уларнинг асосий хусусиятлари:
— иқлим ўзгаришини чеклашга хизмат қилиши;
— экологик барқарорликни таъминлаши;
— ишчи кучининг янги кўникма ва малака талаб қилишидир.
Мазкур иш ўринлари нафақат саноат ёки энергетикада, балки қишлоқ хўжалиги, туризм, қурилиш, хизмат кўрсатиш, таълим ва инновациялар соҳаларида ҳам яратилиши мумкин.
Хўш, мамлакатимизда “яшил” иш ўринларини ривожлантириш ҳолати ва имкониятлари қандай?
Таъкидлаш ўринлики, Ўзбекистонда “яшил иқтисодиёт”ни ривожлантириш масаласи давлат сиёсатида устувор йўналиш сифатида белгиланган. Мамлакатимизда 2019 — 2030 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасининг «яшил» иқтисодиётга ўтиш стратегияси қабул қилиниб, у қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этиш, энергия самарадорлигини ошириш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш орқали янги иш ўринлари яратишни мақсад қилади.
Айниқса, ёшлар учун янги иш ўринлари яратишга давлат томонидан алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Таҳлилларга тўхталадиган бўлсак, 2023-2024 йилларда бир қатор соҳаларда “яшил” иш ўринлари яратилди. Жумладан, энергетикада қуёш ва шамол станцияларида муҳандислик, мониторинг, техник хизмат соҳаларида минглаб ёшлар иш билан таъминланди. Қолаверса, қишлоқ хўжалиги йўналишида органик етиштириш, дрон технологияларини жорий қилиш, сув тежовчи усуллар каби соҳаларда ёш фермерлар фаоллашмоқда.
Экологик қурилиш соҳасида эса шаҳарсозлик ва энергия самарадор бинолар лойиҳаларида ёш архитектор ҳамда муҳандислар иштирок этмоқда. Таълим ва касб-ҳунар тизимида касб-ҳунар марказларида “яшил касблар” бўйича қайта тайёрлаш курслари очилди, жумладан, эколог, агро-инженер, энергия таҳлилчиси кабилар шулар жумласидандир.
Шу билан бирга, Ёшлар ишлари агентлиги, UNDP, GIZ ва бошқа ташкилотлар ёшлар учун грантлар, стартаплар ва малака ошириш дастурларини амалга оширмоқда.
Юқори демографик ўсишга эга Ўзбекистон учун ёшлар бандлигини таъминлаш масаласи доимо долзарб бўлиб келган. Негаки, мамлакатимизда аҳолининг қарийб 60 фоизи ёшлардан иборат. Улар учун янги иш ўринлари яратиш эса ижтимоий барқарорликни таъминлаш билан бирга, ишсизлик ва миграциянинг олдини олади, қолаверса, иқтисодий фаоллик ва янги инновацияларни рағбатлантиради.
“Яшил” иш ўринлари эса замонавий билим ва кўникмаларга эга бўлган ёшлар учун катта имкониятдир. Улар технологик янгиликларни тез ўзлаштириш қобилияти, экологик онгнинг шаклланиши ва глобал жараёнларга мослашувчанлиги билан ажралиб турадилар.
Халқаро амалиёт ва миллий тажриба уйғунлиги
Халқаро тажрибадан кўриш мумкинки, Жаҳон банки, Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) ва БМТ ташкилотларининг тадқиқотларига кўра, ривожланган ва ривожланаётган давлатларда “яшил иқтисодиёт” орқали яратилган иш ўринлари сони 2030 йилгача 24 миллиондан ортиши кутилмоқда.
Германия, Жанубий Корея, Қозоғистон каби давлатлар “яшил” касб-ҳунар таълими, субсидиялар ва хусусий секторни жалб қилиш орқали ёшлар учун янги бандлик имкониятларини ярата олган.
Ўзбекистон ҳам мазкур тенденциядан четда қолмай, “яшил” ривожланиш стратегиясини амалга ошириш, инвестициялар жалб қилиш ва ёшларни қайта тайёрлашга қаратилган дастурларни ишлаб чиқмоқда.
Қайта тикланувчи энергетика. Бу йўналишда 2022 — 2024 йилларда Навоий, Қашқадарё, Бухоро ва Жиззах вилоятларида қурилган қуёш ҳамда шамол электр станцияларида минглаб муҳандис ва техник ёшлар жалб этилди. «Masdar», «ACWA Power» каби халқаро компаниялар билан ҳамкорликдаги лойиҳаларда 4 мингдан зиёд мутахассис тайёрланмоқда.
Қишлоқ хўжалигида “яшил” технологиялар. “Smart agriculture” (ақлли қишлоқ хўжалиги) доирасида томчилатиб суғориш, органик ўғитлар, дрон технологияларидан фойдаланиш орқали 500 дан ортиқ ёш фермер фаолият бошлади. «UNDP» ҳамкорлигида амалга оширилаётган “Climate Leadership” дастури 2024-2025 йилларда 4 мингга яқин ёшлар учун таълим ва амалиёт ташкил қилмоқда.
Экологик қурилиш. Тошкент, Самарқанд ва Наманган шаҳарларида энергия самарадор бинолар қурилишида “яшил сертификат” олиш талаблари жорий этилди. Бу соҳадаги лойиҳаларда ёш муҳандислар, архитекторлар ва IT мутахассислар жалб этилаётир.
Айтиш керакки, молиявий ва ташкилий ёрдам механизмлари асосида Ёшлар ишлари агентлиги 2023 йилда “яшил стартаплар” учун алоҳида йўналиш ташкил этди ва 1,5 млрд. сўмдан ортиқ маблағ ажратди. Экологик жамғармалар ва грантлар — хорижий ташкилотлар (UNDP, GIZ, KOICA) томонидан ёшлар «стартап»ларига техника, малака, грант ва субсидиялар кўринишида ёрдам кўрсатилмоқда.
Ижтимоий ҳамкорлик — маҳаллий ҳокимиятлар, хусусий сектор ва таълим муассасалари ўртасида “учинчи сектор” модели асосида ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Ўзбекистонда “яшил” иқтисодиётга ўтиш жараёни барча соҳаларда ўз таъсирини кўрсатмоқда. Ёшлар учун яратилган иш ўринлари сони йил сайин ошмоқда, таълим ва қайта тайёрлаш дастурлари кенгаймоқда, халқаро ҳамкорлик кучаймоқда. Бироқ ҳали ҳам инфратузилмавий ва институционал тўсиқлар мавжуд. Уларнинг таҳлили кейинги бўлимда кўриб чиқилади.
Муаммо ва ечимлар
Ҳар қанча имконият ва дастурлар амалга оширилаётган бўлса-да, Ўзбекистонда “яшил” иш ўринларини кенг кўламда шакллантиришда бир қатор тўсиқ ва муаммолар мавжуд. Уларни бартараф этиш учун қуйидагиларга эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз.
— “Яшил” касб-ҳунар таълими тизимини шакллантириш: касб-ҳунар ва техникумларда махсус мутахассисликлар ташкил этиш, халқаро сертификат дастурлари жорий этиш;
— молиявий қўллаб-қувватлашни кучайтириш: махсус грантлар, имтиёзли кредитлар, бизнес инкубаторлар ташкил этиш;
— ахборот ва тарғиботни фаоллаштириш: “яшил касблар — келажак касблари” шиори остида тадбирлар ўтказиш;
— ҳудудий лойиҳаларни ривожлантириш: ҳудудларда “яшил сектор” ва аграр кластерларни очиш;
— «Яшил» касбларни тизимли ривожлантириш: таълим тизимини такомиллаштириш, халқаро сертификатлаштириш жорий этиш;
— Ёшлар учун молиявий қўллаб-қувватлашни кучайтириш: грантлар, субсидиялар, бизнес инкубаторлар.
— ҳудудий ва соҳа йўналишларини диверсификация қилиш: ҳудудларга мос “яшил сектор”ни белгилаш.
— ахборот-таҳлилий платформалар яратиш: маълумот платформалари ва кенг тарқатиш.
Бир сўз билан айтганда, «яшил» иш ўринлари яратиш — барқарор иқтисодий ўсиш ва ёшлар келажагини таъминлаш учун стратегик йўналишдир. Бу йўналишдаги ишларни янада такомиллаштириш ва ривожлантириш фақат фойда келтиради.
Фотимабону ДОНИЁРОВА,
Тошкент давлат иқтисодиёт университети
Меҳнат иқтисодиёти кафедраси доцент в.б.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар миқдори 10 фоизга оширилади
- Олимлар Альцгеймер касаллигидан ҳимоя қилувчи парҳез ҳақида маълумот беришди
- Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар хронологияси ёхуд бугунги «уруш»нинг илдизи қаерда?
- Доллар курси ошишда давом этмоқда
- Паркентда йилига 20 минг сайёҳни қабул қиладиган туристик мажмуа очилмоқда
- Ўзгаришларни сўз билан уйғотган журналист
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг