«Яшил энергетика»: ислоҳотлар натижаси амалий ишларда намоён бўлмоқда

21:04 28 Июль 2024 Жамият
375 0

Ғайрат Отажонов/«Халқ сўзи». Мамлакатимиз энергетика балансида қайта тикланувчи энергия қувватини 2030 йилга қадар 40 фоизга етказиш режалаштиргани, сўнгги йилларда юртимизда муқобил энергия улуши икки бараварга кўпайгани эътиборга молик.

Яқинда Президентимиз раислигида ҳудудлар ва тармоқларда иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш бўйича биринчи ярим йиллик таҳлили ҳамда йил якунига қадар устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида «яшил энергетика» соҳасида ишга тушган 2,4 гигаваттли 10 та қуёш ва шамол электр станциялари ҳисобига биринчи ярим йилликда 1,6 миллиард киловатт «яшил энергия» олингани алоҳида қайд этилди.

Шу ўринда, энергия тежамкорлигини ошириш, экологик тоза, қайта тикланувчан энергия манбаларидан фойдаланиш кўламини кенгайтириш борасида Қорақалпоғистон Республикасида амалга оширилаётган чора-тадбирларга тўхталиб ўтамиз.

— Қорақалпоғистон Республикасида 1 минг 227 та ижтимоий соҳа объектлари ва давлат идораларида 12,3 МВт кичик қувватли қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатиш режалаштирилганди, — дейди Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг бош мутахассиси Музаффар Калназаров. — Шунингдек, 1 минг 754 та тадбиркорларнинг бино ва иншоотларида 14,1 МВт қуёш панеллари ўрнатилиши ҳисобига 10,9 миллион кВт/с электр энергияси ишлаб чиқариш, кўп қаватли уйларнинг том қисмида 0,4 МВт ва аҳоли хонадонларда 7,4 МВт қуёш панеллари, 19,8 минг литр қуёш сув иситиш ускуналарини ўрнатиш каби тадбирлар ҳам белгиланган эди.

Бугунги кунга келиб «Яшил энергия» ахборот тизимига асосида айтадиган бўлсак, жами 930 та ижтимоий соҳа объектлари ва давлат идораларида 12,72 МВт кичик қувватли қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмалари ҳамда 26,9 минг литр гелио-коллекторлари ўрнатилган. Масалан, Амударё туманида 88 та объектда 0,6 МВт, Беруний туманида 67 та объектда 0,46 МВт, Нукус шаҳрида эса 166 та объектда 5,75 МВтни ташкил этади.

Тадбиркорларнинг 1034 та бино ва иншоотларида 7,14 МВт қуёш панеллари жойлаштирилди. 2 417 та аҳоли хонадонларида 4,98 МВт кичик қувватли қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмалари ҳамда 7,9 минг литр гелио-коллекторлари ўрнатилди. Шунингдек, қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатган тадбиркорлик субъектлари томонидан ҳар ой давомида ягона электр энергетика тизими орқали узатилган ва истеъмол қилинган электр энергияси ҳажмининг ҳисоби «Ҳудудий электр тармоқлари» корхонасининг биллинг тизимида юритилиб, ой якунланиши билан тармоққа узатилган ва истеъмол қилинган электр энергияси ўзаро ҳисоб-китоб қилинади.

— Бугунги кунгача «Soliq.uz» иловасининг «Қуёшли хонадон» дастури орқали 2275 та аҳоли хонадонлари вакилларидан қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланаётгани ва эндиликда электр тармоқлари тизимига электр сотиш имконияти юзага келаётгани юзасидан мурожаатлар келиб тушди, — дейди «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ Қорақалпоғистон ҳудудий филиалининг Қайта тикланувчи энергия манбаларидан олинган электр энергияси ҳисобини юритиш бўлими бошлиғи Мадияр Смайлов. —Аҳолининг ушбу мурожаатлари ўрганиб чиқилиши ва хатловдан ўтказилиши натижасида 2001 хонадондан 5471,7 кВтли энергияни умумий тармоққа узатиш белгиланди.

Ҳозирги кунгача аҳоли хонадонларига ўрнатилган қурилмалар томонидан 2 252 825,08 кВт/соат электр энергияси тармоққа узатилган бўлса, шундан 904 208,71 кВт/соат электр энергияси хонадан эгалари томонидан умумий тармоққа сотилган. Натижада 904 миллион 208 минг 710 сўм маблағ юқоридаги хонадон эгаларига ҳисобига тўланиши назарда тутилган. Қуёш панеллари ўрнатиб, тармоққа энергия сотаётган хонадон эгалари ҳисобига туширилган маблағларни «Soliq.uz» иловаси орқали олиш имкониятига мавжуд.

Бундан ташқари, 613 та ижтимоий ва давлат органлари объектларига 9 572,4 кВтли ва 514 та тадбиркорлик субъектлари объектларига 2 625,9 кВт қуёш панеллари ўрнатилди. Улар билан ҳам ўзларининг эҳтиёжидан ортган электр энергиясини харид қилиш учун шартномалар тузилди. Бу борада қуёш панеллари ўрнатилган объектлардан ягона энерго тизимига 6 953 185,50 кВт/соат электр энергияси узатилди. Ижтимоий ва давлат идоралари ҳамда тадбиркорлик субъектларга 659 370,30 кВт/соат тармоққа узатган электр энергияси учун 413 миллион 911 минг 607 сўм маблағ тегишли истеъмолчиларнинг ҳисоб-рақамларига ўтказиб берилди.

Юқорида келтирилиб ўтилганидек, корхона-ташкилотлар ва аҳоли хонадонларига қуёш панеллари ўрнатилиб, муқобил энергиядан фойдаланиш ошмоқда. Ушбу янги йўналиш бўйича ўрнатилган ускуналарга сервис хизматларини кўрсатишни йўлга қўйиш мақсадида «Yashil Energiya» масъулияти чекланган жамияти ташкил этилди.

— Фаолиятимизни ўтган йилнинг декабрь ойида бошлаган бўлсак, айни пайтда сервис ва хизмат кўрсатиш марказимизда 5 нафар ходим ишламоқда, — дейди «Yashil Energiya» МЧЖ Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлинмаси бошлиғи Икрамжан Абдуллаев. – Ходимларимиз ўрнатилган қуёш фотоэлектр станцияларининг доимий ишчи ҳолатда бўлишини таъминламоқда.

Қорақалпоғистон Республикасида ижтимоий соҳа объектлари, давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг бино ва иншоотларига қуёш фотоэлектр станцияларини ўрнатиш бўйича кенгаш билан ҳамкорликда манзилли рўйхат шакллантирилган.

Бугунги кунга қадар «Yashil energiya» МЧЖ томонидан Қорақалпоғистон Республикасида умумий қуввати 2040 кВт бўлган қуёш фотоэлектр станциялари ўрнатилди. Ушбу қуёш фотоэлектр станциялари орқали 2024 йил июль ойига қадар 1,8 млн кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилди. Жорий йилда «Yashil energiya» МЧЖ томонидан 4600 кВт қувватдаги қуёш фотоэлектр станциялари ўрнатилиши режалаштирилган бўлиб, ҳозирда 370 кВт қувватдаги қуёш фотоэлектр станцияларида ўрнатиладиган жойлар ўрганилиб, ўрнатиш ишлари бошланди.

Маълумотларга кўра, тижорат банклари томонидан жорий йилнинг ўзида қуёш панелларини ўрнатиш учун 9,07 млрд. сўм кредит маблағлари ажратилган. Бунда 26 та тадбиркорлик субъектларига 2,9 млрд. сўм ва 278 та жисмоний шахсларга 6,08 млрд. сўм кредит маблағлари берилган.

Эътиборлиси, «яшил энергия»дан фойдаланишни бошлаган идора-ташкилотлар ҳамда хонадон эгалари ўзларидан ортган энергияни тармоққа узатаётмоқда. Бу электр энергияси танқислигининг олдини олиш, янги технологияларни кенгроқ жорий этишга хизмат қилаётир. Бир сўз билан айтганда, Қорақалпоғистонда «яшил энергетика» соҳасидаги ислоҳотлар натижаси амалий ишларда намоён бўлмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер