Япон боғларининг ўзига хослиги нимада?

21:02 28 Февраль 2025 Жамият
250 0

Кун чиқар мамлакат — Япониянинг илм-фан ва технология борасида оламга донғи кетгани кўпчиликка маълум. Aммо бу юртнинг бунёдкорлик соҳасида яна бир оламшумул услуби борки, унга бутун дунё аҳолиси ҳавас билан қарайди. Бу — ўзига хос боғлар барпо этишдир.

Японлар инсоният ҳордиқ чиқариши ва табиатдан завқланиши учун боғ-роғлар қуришда уларнинг дизайнига алоҳида эътибор қаратади. Айни жиҳат — боғларни япон андозасидек бунёд этиш усул ва услублари бугунги кунда бутун дунё бўйлаб кенг ёйилиб боряпти.

Япон боғлари андозасидаги яшил ҳудудларда инсон ўзини хотиржам ва енгил ҳис этади, медитация билан шуғуллангиси келади. Шунинг учун бежиз бу боғлар “Осиёнинг сўлим гўшаси” деб аталмайди.

Хўш, уларда бу ғоя қачон пайдо бўлди? Маълумотларга кўра, милоддан аввалги VI асрда буддизмнинг Японияга кириб келиши ушбу қурилиш услуби равнақ топишига асос бўлган. Бошида монастирлар ва ибодатхоналарда ўз қиёфасини, шаклу шамойилини кўрсатган бу услуб инсонни табиат билан ҳамоҳанг қилиш, ички дунёсини бойитиш мақсадида ҳаётга кўчган. Шу-шу, бугунга келиб япон боғлари мафтункор архитектураси ва ландшафт дизайни билан барчанинг қалбини забт этмоқда.

Келинг, сизга япон боғини тасаввурингизга чизишда ёрдам бераман. Aтрофингиздаги эгатлар, кичик ҳавзалардан жилдирлаб оқаётган зилол сувлар сизга сокинлик бахш этади. Улар тошларга урилиб, тебраниб, овоз чиқаради. Томчилар сузиб бориб, боғдаги мевали дарахтлар, қарағайлар, палмалар, райҳону атиргулларга ва бошқа турфа ўсимликларга қайта жон бахш этади, меҳри билан суғоради. Дарахтлар панасида тана соядан ором олади, офтобининг заррин нурларидан эса бадан чиниқади. Йўлакларини айтмайсизми?! Ундан юрсангиз, боғнинг турли бурчакларидаги айрича манзарадан ҳанг-манг бўласиз! Гўёки у ўз гўзаллигини сизнинг руҳиятингизга тортиқ қилиш учун авайлаб тургандек!

Aйни кунларда япон боғлари андозасини жаҳоннинг машҳур шаҳарлари — Нью-Йорк, Лондон, Сидней ва бошқа жойларда учратишингиз мумкин. Муҳими, бу рўйхатда Ўзбекистон ҳам бор. Aзим пойтахтда “Япон боғи” бунёд етилган. Демак, биз ҳам табиат билан суҳбат қуришга, у билан уйғунлашиш бахтига муяссармиз!

Зиёда АБДУЛЛАЕВА,

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети талабаси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?