Янгича яшайдиган, ишлайдиган давр бошланмоқда
Мамлакатимизда яқинда бўлиб ўтган сайловлар якунлари мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида ҳамда Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик Палатаси ҳамда маҳаллий кенгашлар фаолиятида ҳам янги даврни бошлаб бераётганини кўрсатди. Бунинг мантиқий давоми сифатида ўтган ҳафта мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида муҳим воқеаларга бой бўлди.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг биринчи мажлисидаги ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Бош вазир лавозимига номзодни кўриб чиқиш ва Вазирлар Маҳкамасининг яқин ва узоқ истиқболга мўлжалланган ҳаракатлар дастури муҳокамасига бағишланган мажлисида сўзлаган нутқларида ана шу янги даврда жамият, халқимиз, давлат органлари олдида турган вазифаларни бирма-бир санаб кўрсатди. Мамлакатимизни яқин келажакда тараққий эттириш, уни дунё ҳамжамиятидан ўзининг буюк ўтмиши ва бугунги иқтисодий-ижтимоий салоҳиятига мос ўрин эгаллаши учун амалга оширилиши лозим бўлган ишларнинг аниқ-равшан режасини баён этиб берди.
Президентимиз аввало давлат ва жамиятимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг давомийлиги ва узвийлиги, тизимлилиги, ислоҳотлар пакетининг турли қисмлари бир-бирини мустаҳкамлаётгани, ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар бир-бирини тўлдириб ва такомиллаштириб бораётганига тўхталди. Айнан ана шу фактор туфайли Ўзбекистоннинг халқаро рейтинглардаги ўрни яхшиланиб бораётгани қайд этилди.
Мамлакатимиз рейтинги қонун устуворлиги бўйича 8 поғона, электрон ҳукумат бўйича 18 поғона, иқтисодий эркинлик бўйича 49 поғона, логистика ва инновация бўйича 10 поғона юқори кўтарилгани табиийки, ислоҳотларнинг мантиқий-узвий боғлиқлиги ва улар муваффақиятли амалга оширилаётганининг яққол кўрсаткичидир.
Сенат мажлисида сўзлаган нутқида Президентимиз янгиланган Конституциямизда Сенат билан Қонунчилик палатаси ваколатларидаги такрорий ҳолатлар бартараф этилиб, уларнинг ҳар бирига тегишли вазифалар аниқ кўрсатилгани ва кейинги сайлов якунларига кўра шакллантирилган Сенат фаолиятига қонунларни муҳокама қилишда янгича механизмларни жорий этиши зарурлигини қайд этди. Бу механизм қонун ижодкорлиги жараёнига маҳаллий Кенгашларни кенг жалб этиш, ҳар бир қонун бўйича уларнинг фикрини олиш амалиётини йўлга қўйиш орқали амалга оширилади.
Маҳаллий бошқарувда сифат жиҳатидан янги модель жорий этилгани бунга имконият ва пойдевор яратиб бермоқда. Энди Халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига ҳокимлар эмас, балки депутатлар орасидан сайланган Кенгаш раислари бошчилик қилиши, Кенгашларда кўтарилган, муҳокама қилиб пишитилган ва жойларда, аҳоли қатламлари орасидаги долзарб муаммо ва эҳтиёжларни тўғридан-тўғри олий вакиллик органларига қадар ҳеч қандай тўсиқсиз олиб чиқиш каби ажойиб қонун таклифи тайёрлаш модели яратилди. Давлатимиз раҳбари ушбу сиёсий ислоҳот орқали халқимизнинг 30 йиллик орзусини рўёбга чиқарганини жуда тўғри таъкидлади.
Мамлакатимиз ўз олдига қўйган стратегик ва жорий вазифаларни амалга оширишда, барча бўғиндаги ижро органлари, аввало, ҳукумат ва унинг раҳбари, жойлардаги маҳаллий ҳокимиятлар зиммасидаги масъулият ҳозирги мураккаб замонда ҳар қачонгидан ҳам ортиб бораётганига омма эътиборини қаратган Президентимиз Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Бош вазир лавозимига номзодни кўриб чиқиш ва Вазирлар Маҳкамасининг яқин ва узоқ истиқболга мўлжалланган ҳаракатлар дастури муҳокамасига бағишланган мажлисида: “Халқимиз бугун янги ҳукуматдан аниқ натижаларни кутмоқда. Янги Ўзбекистон – демократия, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари борасида умумэътироф этилган норма ва принципларга қатъий амал қилган ҳолда, жаҳон ҳамжамияти билан дўстона ҳамкорлик тамойиллари асосида ривожланадиган, пировард мақсади халқимиз учун эркин, обод ва фаровон ҳаёт яратиб беришдан иборат бўлган давлатдир”, деган фикри билан ўзбек жамиятини тўлқинлантириб келган ва у барча бўғинлардаги раҳбарлар ва давлат ташкилотларидан кутаётган ижроатларни жуда лўнда ифодалаб берди.
Ҳақиқатан ҳам давлатимиз раҳбари давомли равишда таъкидлаб келаётганидек, Янги Ўзбекистонни “ижтимоий давлат” тамойили асосида қуриш мақсад қилиб олинган.
Ижтимоий давлат бу, энг аввало, инсон салоҳиятини рўёбга чиқариш учун тенг имкониятлар, одамлар муносиб ҳаёт кечиришига зарур шароитлар яратиш, камбағалликни қисқартириш демакдир. Янги Ўзбекистонни ўз ҳаётидан рози, бахтли инсонлар мамлакатига, ҳар томонлама ривожланган ижтимоий маконга айлантириш ушбу йўналишдаги ислоҳотларимизнинг асосий мақсадидир. Ушбу жабҳадаги эзгу ишларимизни давом эттириб, ижтимоий адолат тамойили асосида аҳолининг ёрдамга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш, камбағалликни бартараф этишни давлат сиёсати даражасига кўтардик, деган эди бу борадаги ислоҳотларнинг бошланғичидаёқ Президентимиз.
Давлат раҳбари ўтган ҳафтада юксак минбарлардан туриб сўзлаган нутқларида “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида келгуси йиллар учун катта марралар белгилаб олинди. Хусусан, мамлакатимиз ялпи ички маҳсулоти ҳажмини 160 миллиард долларга етказиш мақсад қилиб қўйилгани, дастлаб бунга айримлар шубҳа ёки иккиланиш билан қараган, лекин ўз вақтида зарур чора-тадбирлар амалга оширилгани, барча имкониятлар ишга солингани туфайли бу йилнинг ўзида ялпи ички маҳсулот ҳажми 110 миллиард долларга етишини таъкидлади.
Иқтисодиётдаги тараққиёт ва ўзгаришлар аҳоли турмуш даражасининг ошиб боришига асос бўлиши, ҳар бир иқтисодий муваффақият ўз ортидан халқнинг моддий турмушини яхшилашга олиб келишига урғу берди. Янги Ҳукумат, барча раҳбарлар биргаликда қаттиқ ишлаб, ислоҳотлар шиддатини пасайтирмасдан, ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий ҳаётимиздаги ўзгаришларни жадал давом эттирса, 2030 йилга бориб, иқтисодиёт ҳажмини 200 миллиард долларга етказиш мумкинлигига ишонч билдирилди.
“Яна бир бор айтаман, бундай натижаларга эришиш учун куч ва имкониятимиз ҳам, салоҳиятимиз ҳам етади!”, — деди Президент. Бу натижани таъминлаш орқали аҳолининг турмуш даражаси ва сифатини кескин яхшилашга эришилади.
Бу ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларни узлуксиз амалга ошириш, мамлакатдаги маънавий-ҳуқуқий янгиланишларни тизимли равишда давом эттириш дунё миқёсидаги вазият мисли кўрилмаган даражада кескин ва мураккаб бўлиб бораётган ҳозирги шароитларда амалга оширилмоқда.
Президентимиз буюк шоир ва мутафаккир Паҳлавон Маҳмуднинг жуда ибратли фикрини келтирди, “қадимги аждодлар битта тўфон кўрган бўлса (Нуҳ тўфони), бугун биз мингта тўфон кўрмоқдамиз”.
Турли минтақалардаги қонли тўқнашувлар, экологик ва техноген фожиалар, иқлим ўзгаришлари, иқтисодий инқирозлар, терроризм ва экстремизм таҳдидлари, қочоқлар муаммолари тобора кучайиб бораётгани бугунги куннинг аччиқ реалликларидан биридир.
Инсоният дуч келаётган глобал муаммоларнинг ҳар бири битта тўфон, уларнинг ҳар бири инсонларнинг ўз жонларидан, туғилган юртларидан, ризқу насибасидан мосуво қилмоқда. Зеро, кучли иқтисодиёт ҳамда самарали ижтимоий сиёсат, бу тебраниб турган дунёда халқимизни хотиржам қиладиган, уни ўз юрти камоли учун толмай меҳнат қилишга йўналтирадиган энг самарали қуролдир.
Бинобарин, юртимиз тинчлиги ва равнақини таъминлаш ҳар қачонгидан ҳам устувор вазифага айланмоқда. Давлатимиз раҳбари ўз нутқларида бир неча марта тўхталганидек, 21-асрнинг иккинчи чораги Ватанимиз учун мутлақо янги ва порлоқ даврни бошлаб беради.
Бу янги давр Янги Ўзбекистонимиз жадал ривожланадиган, янада юксак тараққиёт чўққиларини забт этадиган давр бўлишига барча халқимизнинг ишончи комилдир.
Бу охирги саккиз йилда амалга оширилган ҳаётбахш ва муваффақиятли ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва ҳуқуқий ислоҳотлар туғдирган, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси ва Давлат раҳбарининг ўтган ҳафта юксак минбарлардан сўзлаган нутқларида баён этиб берилган тараққиёт стратегияси ва порлоқ режалар илҳом берган ишончдир.
Президентимиз ҳақли равишда таъкидлаганидек, “Бугун халқимиз билан юртимиз тараққиётидаги бутунлай янги даврга қадам қўймоқдамиз. Ишончим комил, бу – Янги Ўзбекистонимиз жадал ривожланадиган, янада юксак тараққиёт чўққиларини забт этадиган давр бўлади. Бу давр парламент ва ҳукумат фаолиятида янгича ишлаш, халқимизга садоқат билан хизмат қилиш бўйича ибратли анъаналар шаклланадиган ва тарихга муҳрланадиган давр бўлади”.
Жўлибой ЭЛТАЗАРОВ,
филология фанлари доктори, профессор,
Самарқанд давлат университети
филология факультети декани.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Машинада хавфсизлик камарини тақиш мумкин бўлмаган касалликлар рўйхати тасдиқланади
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
- “Доҳа — Қатарнинг юраги, тунги ритмда уриб турган шаҳар”
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг