Янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси нега олти ойдан кейин кучга киради?

13:08 08 Ноябрь 2022 Жамият
935 0

Фото: Халқ сўзи

Навоий шаҳрида Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатасининг қўшма иш режасига мувофиқ «Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексини тасдиқлаш тўғрисида»ги Қонуннинг мазмун-моҳиятини тушунтиришга бағишланган семинар бўлиб ўтди. Унда вилоятдан сайланган сенаторлар ҳамда Қонунчилик палатаси депутатлари, халқ депутатлари вилоят, туман (шаҳар) Кенгашлари депутатлари, йирик корхона ва ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди.

Тадбирни Олий Мажлиси Сенати аъзоси Қ. Турсунов кириш сўзи билан очиб, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексини янги таҳрирда қабул қилиш зарурати билан боғлиқ жиҳатларга эътибор қаратди. Хусусан, 1995 йилда қабул қилинган амалдаги Меҳнат кодекси бугунги кун талабларига мос келмаслиги ва хусусий тадбиркорлик ривожланиши жараёнида иш берувчининг масъулияти, фуқароларни меҳнат фаолиятига жалб қилишнинг янги шакллари фаол ривожланиши билан боғлиқ масалалар акс этмагани, иш берувчиларга қўшимча ишчиларни меҳнатга жалб қилишнинг содда шаклларини танлашга имкон берадиган етарли шарт-шароитлар яратмаслиги таъкидланди.

— Янги кодекс орқали мамлакатимизда Халқаро меҳнат ташкилотининг бир қатор талаб ва белгилаган меъёрлари асосида меҳнат муносабатларида иш берувчи ва ходимларнинг ҳуқуқларини тартибга солишга эришилди, — деди Қонунчилик палатаси депутати Ақшагул Тулеганова. — Шу асосда ишлаб чиқилган Кодекс меҳнат ҳуқуқининг айрим институтларига бағишланган ва бандлик, индивидуал меҳнат муносабатлари, ходимларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, айрим тоифадаги ходимлар меҳнатини тартибга солиш хусусиятлари, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, меҳнат низоларини кўриб чиқиш каби янги нормаларни ўз ичига олган.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ўктам Исламов янги таҳрирдаги Меҳнат кодексини ишлаб чиқишда хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар, жумладан, Германия, Швеция, Норвегия, Буюк Британия, Латвия, Эстония, Япония, Жанубий Корея ҳамда МДҲ давлатлари тажрибаси чуқур ўрганилиб, бозор иқтисодиёти талабларини ҳисобга олган ҳолда ходимлар ва иш берувчилар манфаатлари мувозанатини таъминлаш, шунингдек, халқаро ҳуқуқ нормалари, шу жумладан, Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган халқаро шартномаларга мослаштирилганини қайд этди.

— Янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси нега расмий эълон қилинган кундан олти ой ўтгач, кучга киради, деган ҳақли савол туғилади, — деди Ўктам Исламов. — Бунинг асосий сабаби мана шу муддат ичида янги Меҳнат кодексидаги ҳуқуқий меъёрларни миллий қонунчилигимиздаги бошқа меъёрлар билан мослаштиришимиз, унда белгиланган тартибларга сўзсиз риоя этилишини таъминлаш учун иш берувчилар тайёргарлик кўришларини таъминлашимиз зарур. Мисол учун, янги Меҳнат кодексига кўра иш берувчи ойлик иш ҳақи тўловини кечиктирганлиги учун жарима тўлаши белгиланган. Табиийки, бунга барча иш берувчилар ҳали тўлиқ тайёр эмас. Олти ой муддат бу йўналишда ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитларни мустаҳкамлашга имкон беради.

Семинарда янги таҳрирдаги кодекс кучга киргач, кичик бизнес субъектлари ва якка тартибдаги тадбиркорлик билан шуғулланадиган аҳоли меҳнатини ҳуқуқий тартибга солиниши, расмий ва норасмий тармоқларда мавсумий иш билан банд бўлганларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги бўшлиқ ва қарама-қаршиликларни бартараф этиш, меҳнат муносабатларида коррупция хавфи камайиб, «Ягона миллий меҳнат тизими» рақамлаштирилиши атрофлича тушунтирилди.

Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер