Янги таҳрирдаги Конституция: инсон қадри тамойили устувор

11:16 26 Ноябрь 2024 Жамият
341 0

2023 йил 30 апрель куни бўлиб ўтган референдумда халқимиз ўзининг юксак ҳуқуқий маданияти ва дунёқарашини намоён этиб, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини қабул қилди. Шу тарзда замонавий мезонлар асосида янгиланган Асосий Қонунимиз давлатчилик, ижтимоий-сиёсий ва суд-ҳуқуқ соҳасини янада барқарор ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратди.

Аввало, янгиланган Конституциямизда илгари амал қилиб келган “давлат – жамият – инсон” тамойили “инсон – жамият – давлат” деб ўзгартирилди ва инсон манфаати ҳар нарсадан устун эканлиги қатъий белгилаб қўйилди.

Бош Қомусимизда давлатнинг ижтимоий мажбуриятларига оид нормалар қарийб уч бараварга ошди. Хусусан, фуқароларнинг эҳтиёжманд тоифасини уй-жой билан таъминлаш, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори инсонга муносиб яшашини таъминлашни ҳисобга олган ҳолда белгиланиши ҳамда барча тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмини давлат ҳисобидан олишга ҳақлилиги ва бошқалар шулар жумласига киради.

Педагог ходимларга оид қоидалар қайта кўриб чиқилди ва ўқитувчи касбига нисбатан юксак ҳурматни ҳамда уларнинг ижтимоий ҳимоясини назарда тутувчи алоҳида янги модда киритилди. 52-моддага кўра, Ўзбекистон Республикасида ўқитувчининг меҳнати жамият ва давлатни ривожлантириш, соғлом, баркамол авлодни шакллантириш ва тарбиялаш, халқнинг маънавий ва маданий салоҳиятини сақлаш ҳамда бойитишнинг асоси сифатида эътироф этилди. Бундан ташқари, давлат ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиши, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий ўсиши ҳақида ғамхўрлик қилиши алоҳида норма сифатида мустаҳкамланди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 54-моддасида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш – давлатнинг олий мақсади экани белгилаб қўйилган бўлса, 20-моддасида айнан ушбу мақсадга эришиш учун инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсизлиги, давлат органлари томонидан инсонга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципига асосланиши ва қонунларда назарда тутилган мақсадларга эришиш учун етарли бўлиши кераклиги қайд этилган.

Аҳамиятли жиҳати шундаки, инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатларда юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин қилиниши белгиланди.

Энг муҳими, эндиликда Конституция тўғридан-тўғри ишлайдиган ҳужжат сифатида эътироф этилди. Яъни фуқаролар ўзининг кундалик ҳаётида ҳам Конституцияга мурожаат қилиши, ундаги барча нормалар, уларни қандай амалиётда қўллашни очиб берувчи қонунчилик ҳужжати мавжуд ёки мавжуд эмаслигидан қатъи назар, тўғридан-тўғри ишлаши таъминланади.

Шунингдек, “Хабеас корпус” институти кўламини янада кенгайтириш мақсадида шахсни 48 соатдан ортиқ суднинг қарорисиз ушлаб туриш мумкин эмаслиги, телефон сўзлашувларини эшитиш ва тинтув ўтказиш фақат суд рухсат берсагина амалга оширилиши мумкинлиги белгиланди. Жиноятда гумонланиб ушланган шахсга сукут сақлаш ва бошқа ҳуқуқлари ҳамда ушлаб туриш асослари содда тилда илк сонияларданоқ тушунтирилиши, ҳеч ким ўзига ва яқин қариндошларига қарши кўрсатма беришга мажбур эмаслиги каби “Миранда” қоидалари Конституция даражасида белгиланганлигини алоҳида эътироф этиш лозим. Бу қоидалар инсонни ноҳақ жиноий таъқибдан ҳимоя қилади.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда адвокатларнинг ролини ошириш, уларнинг прокурорлар билан тенг тортишувчанлик принципи асосида фаолият кўрсатишини таъминлашга қаратилган нормалар адвокатурага бағишланган янги 24-бобга киритилганлигини алоҳида эслатиб ўтиш лозим.

Одил судловга эришиш даражасини ошириш ва судьялар мустақиллигини таъминлашга қаратилган қоидалар сўнги йилларда амалга оширилган ислоҳотларнинг Конституция даражасида ҳал этилиши имконини берди. Судьянинг бошқа органлар ва шахслардан холи бўлишини таъминлаш мақсадида судьялар муайян ишлар бўйича ҳисобдор бўлмаслиги ҳамда суднинг қайта ташкил этилиши ёки тугатилиши судьяни лавозимидан озод этиш учун асос бўлмаслиги белгиланди.

Мухтасар айтганда, Конституциямизнинг янги нормаларида асосий эътибор инсон, жамият ва давлатнинг барқарор ривожланишини таъминлашга қаратилган. У “инсон шаъни ва қадр-қиммати учун” тамойили асосида бу борадаги ҳаётбахш ислоҳотларни янада юксалтириш, инсон, фуқаролик жамияти ва давлат ўртасидаги ижтимоий муносабатларда адолат, қонун устуворлиги таъминланишига хизмат қилади.

Қобилжон МУТАЛИЕВ,

Судьялар олий мактаби тингловчиси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?