Янги спортчилар учун умид ёхуд Дэйна Уайт ва Турки Аль аш-Шейхнинг янги бокс лигасида қанча гонорар тўланади?

Дэйна Уайт ва Турки Алалшиҳнинг TKO бокс лойиҳаси атрофидаги миш-мишлар спорт оламида катта муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. «Boxing Scene» нашри томонидан эълон қилинган хабарга кўра, бу лойиҳа доирасида таклиф қилинаётган маош тизими ёш ва ҳали ном қозонмаган боксчилар учун жозибадор, аммо Жервонта Дэвис ёки Саул «Канело» Алварес каби юлдузлар учун унчалик мақбул эмас.
Нашр маълумотига кўра, TKO билан шартнома имзолаган боксчилар қуйидагича тўлов тизимига дуч келади: рейтингга кирмаган боксчилар 10 раундлик жанг учун 20 минг доллар, рейтингда 5–10-ўринларда турганлар 50 минг доллар, 3–4-ўринлар учун 125 минг доллар олади. Чемпионлик учун жанг қилувчилар 375 минг доллар, чемпионликни ҳимоя қилувчилар эса 750 минг доллар гонорар олиши кўзда тутилган.
Шартнома шартларига кўра, боксчилар илк жангларидан кейин уч йиллик муддат давомида TKO билан эксклюзив шартномага эга бўладилар. Бу даврда уларнинг ўйин ҳуқуқлари, ташқи кўринишидан фойдаланиш ҳуқуқлари (масалан, видеоўйинлар учун) TKO тасарруфида бўлади. Ташкилотчилар боксчиларга «Performance Institute» ва бошқа замонавий тайёргарлик марказларида машғулотлар ўтказиш имконини ҳам беришади.
Албатта, бу тўлов тизими юлдуз боксчиларни ўзига жалб этолмаслиги мумкин. Шу боисдан, TKO бокс лигаси расмий старти 2026 йилга режалаштирилган ва шу вақтгача ташкилот иқтидорли спортчиларни қидириб топиб, уларнинг имижини яратишга уринади. Шунингдек, боксчиларни оммага танитиш учун ижтимоий тармоқлардаги инфлуенсерлар билан ҳамкорлик қилинади.
«Boxing Scene» нашрида келтирилган яна бир муҳим бандга кўра, ҳар бир боксчига беш ойда бир марта жангда қатнашиш имкони яратилади, биринчи йил давомида эса тўртта жанг таклиф этилиши режалаштирилган. Бу орқали ташкилот боксчиларни фаол сақлаб қолишни ва уларнинг машҳурлигини оширишни кўзламоқда.
Шунингдек, TKO мусобақаларининг асосий жангларида иштирок этувчи боксчилар билан гонорар ёки даромад улуши бўйича алоҳида келишув тузилади. Бу шуни англатадики, TKO ёки UFC ҳали тўлиқ pay-per-view моделидан воз кечмаган. Бу тизим энг яхши спортчилар учун юқоридаги тарифлардан кўра катта даромад олиш имконини беради.
Агар TKO боксчини учинчи томон тадбирларида, масалан, Риёд мавсуми тадбирларида қатнаштирса, у ҳолда спортчи компания олган тўловнинг 90 фоизини олиш ҳуқуқига эга бўлади. Бу ёндашув юлдуз боксчилар учун эмас, балки имкон кутаётган кўплаб ёш спортчилар учун катта эшик бўлиши мумкин.
Турки Аль аш-Шейх бу ҳақдаги хабарларни «ҳақиқатга мос эмас» дея рад этган бўлса-да, айнан қайси жиҳат нотўғри экани аниқ эмас. Шундай бўлса-да, бу модел боксчиликда янги йўналишни бошлаб бериши ва TKO боксга янгича қиёфа бериши мумкинлиги билан диққатга сазовор.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
- Самарқандда ЮНЕСКОнинг 43-сессиясига тайёргарлик авжида
- Туркий халқларнинг маънавий яловбардори
- Ўз халқини Сиз каби чин дилдан севадиган давлат раҳбарини учратмадим – «ACWA Power» компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад Абунайян
- Россия Осиё грандни мағлуб этди
- Камбағал оилалар фарзандларининг тўгарак харажатларининг 80 фоизгача қисми давлат бюджети ҳисобидан қопланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг