Янги Ўзбекистон ва барқарор конституциявий тараққиёт

12:38 26 Ноябрь 2020 Сиёсат
1512 0

8 декабрь — Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун

Президентимиз ташаббуси билан ишлаб чиқилган ва 2017 йил 7 февралда тасдиқланган «2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси»ни амалга оширишнинг тўртинчи йили ҳам якунига етмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси негизида ишлаб чиқилган Ҳаракатлар стратегияси ўтган қисқа даврда давлат ва жамиятни ривожлантиришнинг мутлақо янги босқичига асос солди. Бу муҳим ҳужжат том маънода янги Ўзбекистонни бунёд этишнинг мустақил ҳуқуқий пойдевори эканини амалда намоён этиб улгурди.

Ҳаракатлар стратегияси Ўзбекистон Республикаси Конституциясини такомиллаштириш учун асос бўлди. Бунда Конституциямиз Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб берилган демократик ислоҳотларни амалга оширишнинг асоси сифатида хизмат қилишига алоҳида эътибор қаратилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда, «1992 йил 8 декабрда мустақил Ўзбекистонимиз Конституциясининг қабул қилиниши мамлакатимиз ҳаётида муҳим тарихий воқеа бўлди». Конституция ва миллий тикланиш, маънавият ва маърифат, ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданият, миллий ўзлик ва азалий қадриятлар, бу кўҳна замин одамлари кўнглида устувор бўлган адолат ва одиллик, иймон ва олижаноблик, бағрикенглик ва мардлик, инсонпарварлик ва тантилик каби улуғ хислатлар Конституциядан муносиб ўрин олган.

Кейинги даврда Ўзбекистон Республикаси Конституциясига 7 маротаба муҳим ўзгартиришлар киритилди.

Суд ҳокимиятининг конституциявий асосларини такомиллаштириш

Биринчи ўзгартириш: 2017 йил 6 апрелда Конституциянинг 7 та моддасига киритилган тузатишларда қуйидаги 3 та устувор вазифа:

- фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кенгайтириш;

- одил судловга эришиш даражасини, суд иш юритувининг самарадорлиги ва сифатини ошириш;

- номзодларни танлаш ва судьялар лавозимларига тайинлаш тизимини янада такомиллаштириш – суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муҳим йўналишлари сифатида мустаҳкамлаб қўйилди.

Мазкур конституциявий ўзгартиришлар суд тизимини бошқаришдаги бир-бирини такрорловчи функцияларни бартараф этишга ҳамда ягона суд амалиётини шакллантиришга хизмат қилиши билан катта аҳамиятга эга бўлди.

Шу мақсадда Конституциянинг 80, 81, 83, 93, 107, 110, 111-моддаларига тегишли ўзгартишлар ва қўшимча киритилди. Ушбу тузатишларга мувофиқ, Олий хўжалик суди ва Олий суд фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий суд иши юритуви соҳасидаги суд ҳокимиятининг ягона олий органига – Ўзбекистон Республикаси Олий судига бирлаштирилди.

Конституцияга суд ҳокимиятининг фаолиятини тубдан яхшилашга, нуфузини оширишга, судлар тузилишини такомиллаштиришга ҳамда судьяларни танлаш ва лавозимларга тайинлаш тизимини демократлаштиришга қаратилган ўзгартиш ҳамда қўшимчаларнинг киритилиши фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари, эркинликлари, қонуний манфаатлари судда ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш, мамлакатда қонун устуворлигини, қонунийликни мустаҳкамлашнинг муҳим омилига айланди.

Ижро этувчи ҳокимият тизимини такомиллаштириш

Иккинчи ўзгартириш: 2017 йил 31 майда Конституциянинг 4 та моддасига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Асосий қонунимизнинг 80 ва 93-моддаларига киритилган ўзгартишларга кўра, Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси этиб қайта ташкил этилганлиги ва у ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳисобот бериши ҳамда Қўмитанинг раиси ва раис ўринбосарлари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тақдимномасига биноан лавозимга тайинланиши ҳамда лавозимидан озод қилиниши белгиланди.

Конституциявий суд фаолиятининг конституциявий асослари. Конституциянинг 108-моддасига киритилган тузатишларга мувофиқ, Конституциявий суд Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Олий Мажлис Сенати томонидан Судьялар олий кенгаши тавсия этган шахслар орасидан, Қорақалпоғистон Республикасининг вакилини қўшган ҳолда сайланадиган бўлди.

Конституциянинг 108 ва 109-моддаларига киритилган тузатишларда Конституциявий қонунларнинг, халқаро шартномаларни ратификация қилиш тўғрисидаги қонунларнинг имзолангунига қадар Конституцияга мувофиқлигини текшириш, Олий суднинг муайян ишда қўлланилиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисида судлар ташаббуси билан киритилган мурожаатларини кўриб чиқиш, шунингдек, ҳар йили Олий Мажлис палаталарига ва Ўзбекистон Республикаси Президентига мамлакатдаги конституциявий қонунийликнинг ҳолати тўғрисида ахборот тақдим этиш борасидаги Конституциявий суднинг ваколатларини кенгайтириш назарда тутилди.

Ушбу конституциявий янгиликларнинг ҳаётга татбиқ этилиши давлатимизда судлов тизимини янада такомиллаштириш, Конституциявий суд фаолиятининг самарадорлигини ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликлари ишончли ҳимоясини таъминлашга хизмат қилмоқда. Шу билан бирга, бу конституциявий янгиланишлар судьялар ва суд тизими ходимларини ижтимоий рағбатлантиришни юқори даражага кўтарди.

Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2020 йил 10 ноябрь куни бўлиб ўтган навбатдаги мажлисида депутатлар «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқдилар. Ушбу қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш вазифаси Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясида кўзда тутилган.

Қонун лойиҳасида фуқаролар ва юридик шахсларга, шунингдек, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари – Бола ҳуқуқлари бўйича вакилга Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқи берилиб, Конституциявий судга мурожаат қилувчи субъектлар доираси кенгайтирилмоқда.

Шунингдек, қонун лойиҳасида Конституциявий суд ваколатлари, Конституциявий суд судьясининг мақоми, Конституциявий суд ишларини юритиш, Конституциявий судга мурожаат қилиш ва мурожаатни дастлабки тарзда кўриб чиқиш ва ўрганиш масалалари аниқ қилиб белгиланмоқда.

Бу ҳақда сўз борганда, ҳозирги вақтда Конституциявий суднинг фаолияти 2017 йил 31 майда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди тўғрисида»ги Конституциявий қонун билан тартибга солинишини таъкидлаш лозим. Аммо, Конституциявий судда иш юритишнинг процессуал қоидалари Конституциявий суднинг ўзи томонидан тасдиқланган Регламент билан белгилаб берилган.

Аксарият мамлакатлар Конституциявий судлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларида бундай қоидалар Конституциявий суд томонидан эмас, балки қонун билан белгиланиши назарда тутилган. Чунки, иш юритишнинг процессуал қоидалари бевосита инсон ҳуқуқларини амалга ошириш билан боғлиқ ва шунинг учун ҳам улар қонун билан белгиланиши лозим.

Бундан ташқари, конституциявий суд ишларини юритиш амалиётининг таҳлили мамлакатимизда фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини ҳимоя қилишда ҳал этилиши лозим бўлган яна бир қатор долзарб муаммолар ҳамда ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солинишни тақозо этадиган масалалар мавжудлигини кўрсатмоқда.

Тошкент шаҳри туманлари фаолиятининг конституциявий асослари

Учинчи ўзгартириш: 2017 йил 29 августда Конституциянинг 99-моддасидаги «шунингдек шаҳар таркибига кирувчи туманлардан» деган сўзлар чиқариб ташланди. Конституциянинг 99-моддасига ўзгартириш киритиш орқали Тошкент шаҳри туманларида халқ депутатлари Кенгашларини ташкил этишнинг конституциявий асоси мустаҳкамлаб қўйилди.

Конституциянинг 102-моддасига ҳам учта ўзгартириш киритилди. Яъни, Тошкент шаҳри таркибидаги 11 та туманнинг барчасида халқ депутатлари Кенгашлари ташкил этилиши муносабати билан Конституциянинг 102-моддасида туман ва шаҳар ҳокимларини тайинлаш ва лавозимидан озод қилишнинг ягона тартиби ўрнатилди.

Ушбу конституциявий ўзгартиришлар, авваламбор, пойтахт жамоатчилигига Тошкент шаҳридаги ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий ислоҳотларни амалга оширишдаги иштироки ва ролини кучайтириш, туманларни ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшиш имконини бермоқда.

Шу билан бирга, маҳаллий бюджетни шакллантириш ва ижро этиш, ҳудудларни ривожлантиришнинг устувор дастурларини амалга ошириш, туманларнинг бош режалари ва қурилиш қоидалари, маҳаллий солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг миқдорини белгилаш, қонун ҳужжатларига мувофиқ улар бўйича имтиёзлар бериш устидан назорат қилиш механизми ўрнатилишини таъминламоқда.

Маҳалла ва Конституция

Тўртинчи ўзгартириш: 2018 йил 15 октябрда Конституциянинг 105-моддаси биринчи қисмидаги «икки ярим йил муддатга раисни (оқсоқолни) ва унинг маслаҳатчиларини» деган сўзлар «раисни (оқсоқолни)» деган сўзлар билан алмаштирилди.

Бешинчи ўзгартириш: 2019 йил 18 февралда Конституциянинг 80-моддаси 7-бандидаги ва 93-моддаси биринчи қисмининг 24-бандидаги «Миллий» деган сўз «Давлат» деган сўз билан алмаштирилди.

Вазирлар Маҳкамасининг конституциявий мақоми

Олтинчи ўзгартириш: 2019 йил 5 мартда Конституциянинг 3 та моддасига ўзгартиришлар киритилди. Бу янгиланишларга мувофиқ, эндиликда Президент Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси маъқуллаганидан кейин киритилган тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аъзоларини тасдиқлайди ва лавозимларидан озод қилади.

Конституция ва сайловлар

Еттинчи ўзгартириш: 2019 йил 4 сентябрда Конституциянинг 2 та моддасига ўзгартиришлар киритилди. Шунга мувофиқ, суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек, суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайланиши мумкин эмас.

Суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган, шунингдек, оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганлиги учун суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайловда иштирок этмайди. Бошқа ҳар қандай ҳолларда фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини тўғридан-тўғри ёки билвосита чеклашга йўл қўйилмайди.

Маълумки, ўтган уч-тўрт йил давомида ҳаётимизнинг барча соҳалари қатори суд-ҳуқуқ тизимида ҳам шиддатли ислоҳотлар амалга оширилди. Кейинги даврда Ўзбекистон суд-ҳуқуқ тизимига халқаро стандартларни жорий қилиш орқали судья ва адвокатларнинг мустақиллигини таъминлаш Ҳаракатлар стратегиясининг асосий вазифаларидан бири этиб белгиланган.

Бу борада муайян натижаларга эришилгани халқаро экспертлар томонидан эътироф этилмоқда. БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг Судьялар ва адвокатлар мустақиллиги масалалари бўйича махсус маърузачиси Диего Гарция-Саяннинг таъкидлашича, ана шу туб янгиланишларнинг моҳияти, жумладан, судьяларнинг мустақил қарор қабул қилишига халал берадиган сиёсий таъсирларни камайтиришга қаратилганида яққол намоён бўлмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, Конституциямиз мустақиллик йилларида ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий ҳаётнинг барча соҳаларида изчил ва босқичма-босқич, узвий ва тизимли равишда амалга оширилаётган кенг қамровли демократик ислоҳотларнинг мустаҳкам юридик манбаи ҳамда асосий ҳуқуқий кафолатидир.

Ҳуқуқий давлатчилик сари интилган ҳар қандай демократик жамиятда Конституция устувор аҳамият касб этади. Бинобарин, Конституция инсониятнинг ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш ва ташкил этиш борасида кашф этган энг муҳим ютуқларидан биридир.

Конституция ўз-ўзича, яъни алоҳида, жамиятдан ажралган ҳолда мавжуд бўлиши мумкин эмас. Демакки, Конституцияни қотиб қолган қоидалар йиғиндиси, деб бўлмайди.

Конституция динамик, яъни доимий ҳаракатдаги, ўсиш ва ривожланиш жараёнидаги ҳужжатдир. У ҳаёт жўшқинлиги ва ўзгаришларини ўзида акс эттиради. Шу маънода, Ҳаракатлар стратегияси янги Ўзбекистоннинг янги конституциявий қиёфасига асос бўлиб хизмат қилди ва хизмат қилмоқда.

Акмал САИДОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Спикерининг биринчи ўринбосари

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?