Янги Ўзбекистон — мустақилликни мустаҳкамлаш ва тараққиёт йўли

Мамлакатимизда мустақиллигимизнинг 34 йиллиги «Ватан учун, миллат учун, халқ учун» деган бош ғоя асосида ўзига хос бунёдкорлик кайфияти билан кенг нишонланмоқда. Байрамнинг бу ғояси қалбимиз ва шууримизни илҳомлантиряпти.
Мустақиллик — барча ютуқ ва марраларимиз пойдевори, эркин ҳаётимиз кафолати, келажакка ишонч билан интилишимизни таъминлайдиган буюк неъмат. Бу сана нафақат тарихий йўлга назар ташлаш, балки истиқболни белгилаш, янги мақсадларни кўзлаш учун ҳам жуда муҳимдир. Зеро, мамлакатимизда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мустақиллигимизни мустаҳкамлаш ва Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида амалга оширилаётган улкан ислоҳотлар, халқимизнинг эркин ва фаровон ҳаёти, шаҳар ва қишлоқларимиздаги мислсиз ўзгаришлар, одамларни яратувчанлик кайфиятида яққол акс этмоқда.
Сўнгги 8 йилда Ўзбекистон юксалишнинг янги даврида яшамоқда. «Янги Ўзбекистон» ғояси асосида давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларида туб ўзгаришлар юз бермоқда. Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида давлат бошқаруви, иқтисодиёт, ижтимоий соҳалар ва ташқи сиёсатда шиддатли ва изчил ислоҳотлар жараёнлари кечмоқда.
«Халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халққа хизмат қилиши керак» деган тамойил давлат бошқарувининг асосий мезонига айланди. Янги таҳрирдаги Конституция эса инсон ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлайдиган, демократик давлатчилик асосларини мустаҳкамлайдиган муҳим ҳуқуқий асос бўлди.
Дунёда кечаётган геосиёсий таранглик, муросасизлик ва баъзи минтақаларда ўзаро ишончнинг йўқолиб бораётгани кўп мамлакатларнинг барқарор ривожланиши учун жиддий тўсиқ бўлмоқда. Мана шундай мураккаб вазиятда Президентимизнинг сиёсий оқиллиги билан Ўзбекистон дипломатиясида ўзига хос, миллий қадриятларимизга ҳамоҳанг манфаатли мулоқот услуби шаклланди. Натижада, халқаро ҳамжамиятда дўстларимиз, Президентимиз сиёсатини қўллаб-қувватлаётган ҳамкорларимиз сафи тобора кенгаймоқда.
Ўзбекистон Марказий Осиёда тинч, барқарор ҳаёт тарзи ва бунёдкорлик муҳитини мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барча соҳалардаги кўп йиллик масала ва муаммолар ечилди. Сувдан фойдаланиш, энергетика, транспорт коммуникациялари каби устувор тармоқларни Марказий Осиё мамлакатлари бирга ривожлантирмоқда.
Амалга оширилаётган очиқлик сиёсати, қулай ва жозибадор инвестициявий муҳит минглаб янги иш ўринларини яратишга кенг йўл очмоқда. Хусусан, 2024 йилда ялпи ички маҳсулот 6,5 фоизга ўсиб, илк бор 115 миллиард долларга етди. Хорижий инвестициялар ҳажми 1,6 баробар ошиб, қарийб 35 миллиард долларни ташкил этди. Экспорт ҳажми 27 миллиард долларга етди. Жорий йилда ЯИМ 130 миллиард доллардан, экспорт эса 30 миллиард доллардан ошиши кутилмоқда. Бу рақамлар —Янги Ўзбекистон тараққиётининг самараси.
Ўтган қисқа даврда солиқ тизими соддалаштирилиб, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик учун қулай шарт-шароитлар яратилди. Валюта либераллаштирилиши ва ташқи савдонинг эркинлашуви орқали хорижий инвестициялар оқими кўпайди. Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, фермер хўжаликлари учун бозор механизмларини жорий этиш ислоҳотларнинг муҳим йўналишига айланди.
Ижтимоий соҳада ҳам туб ўзгаришлар бўлмоқда. Таълим тизимида 11 йиллик умумий ўрта таълим тикланди, янги мактаб ва олий таълим муассасалари очилди. Хорижий университетларнинг филиаллари фаолият юритмоқда. Мактабгача таълим қамрови 2016 йилдаги 27 фоиздан 76 фоизга, олий таълимга қамров эса 9 фоиздан 42 фоизга етди.
Соғлиқни сақлаш соҳасида тиббий муассасаларни модернизация қилиш, аҳолини сифатли тиббий хизмат билан таъминлашга қаратилган дастурлар амалга оширилмоқда.
Ижтимоий ҳимоя тизимида «Темир дафтар», «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари» каби янги тизимлар аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлашда муҳим ўрин тутмоқда. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги бошчилигида ижтимоий ёрдам ва хизматлар кўрсатишнинг самарали тизими йўлга қўйилди.
Яна бир муҳим жиҳат — халқ фаровонлигининг ошиши. Агар 2021 йилда аҳолининг 17 фоизи камбағаллик чизиғидан пастда яшаган бўлса, 2024 йилга келиб, бу кўрсаткич 8,9 фоизга тушди. 2025 йил якунига қадар эса уни 6 фоизгача камайтириш мақсад қилинган.
Йўллар, энергия тармоқлари, ичимлик суви ва коммуникациялар ривожланмоқда. Янги уй-жой дастурлари амалга оширилиб, юз минглаб оилалар замонавий хонадонларга эга бўлди.
Биргина мисол, 1991-2016 йилларда мамлакатимизда 147586 хонадонли 3 636 та кўп қаватли уйлар қурилган бўлса, 2017 — 2024 йилларда қарийб 3,5 баравар кўп — 490 660 хонадонли 12 373 та кўп қаватли уйлар қурилди.
Охирги саккиз йилда электр ишлаб чиқариш 38 фоиз ошиб, 81,5 миллиард киловатт соатга етди. 2030 йилга бориб, жами генерацияда «яшил» энергия улушини 54 фоизга етказиш чоралари кўрилмоқда.
2009 — 2016 йилларда автомобиль йўллари тармоғини такомиллаштириш мақсадида жами 9,4 трлн. сўм маблағ ажратилган бўлса, 2017 — 2024 йилларда ушбу кўрсаткич 60 трлн. сўмдан ёки 6 баробарга ортди. 2009 — 2016 йилларда 21 минг км. йўлларда қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилган бўлса, сўнгги 8 йилда йўл ишлари ҳажми 5 баробарга ўсиб, 106 минг км. йўллар ҳолати яхшиланди.
Натижада, ўтган 8 йил давомида таъмирталаб йўллар улуши 68 фоиздан 27 фоизга камайтирилди. Жорий йилда яна 21 минг км. дан ортиқ йўллар реконструкция қилинади ва таъмирланади ҳамда 320 та кўприк иншоотлари қайта тикланади.
Бир сўз билан айтганда, янги шаҳар массивлари, кўп қаватли уй-жойлар, йўл ва кўприклар – буларнинг барчаси мустақиллик Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида амалга оширилаётган тараққиёт йўли самарасидир.
Қонун ижодкорлиги жараёни ҳам фаол ривожланмоқда. Айниқса, сўнгги 8 йилда ислоҳотларнинг ҳуқуқий асосини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатли ҳимоя қилишга қаратилган парламентнинг қонун ижодкорлигига доир иши ҳам миқдор, ҳам сифат нуқтаи-назаридан сезиларли даражада фаоллашди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида қонун лойиҳаларини кўриб чиқишда изчил ўсиш тенденцияси кузатилмоқда. Хусусан, 2009 – 2016 йилларда 305 та (йилига ўртача 38 та) қонун лойиҳаси кўриб чиқилган бўлса, 2017 — 2024 йилларда бу рақам 1286 тага етди. Депутатлар томонидан 2009 — 2016 йилларда жами 65 та, 2017-2024 йилларда эса 141 та қонун лойиҳаси ташаббус ҳуқуқи асосида киритилган.
Бу рақамлар Қонунчилик палатаси томонидан қонун лойиҳаларини кўриб чиқишнинг 4.2 бараварга ошганлигини кўрсатади. 2025 йилнинг 6 ойи мобайнида 86 та қонун лойиҳасининг кўриб чиқилгани янги чақириқ депутатлари ҳам юқори фаоллик билан иш бошлаганлигини англатади.
Истиқлол туфайли биз эркин ва фаровон ҳаёт қуриш йўлидан бормоқдамиз. Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар мустақилликнинг амалий самараси, унинг халқимиз ҳаётидаги чинакам қадриятга айланганидан далолатдир. Мазкур саъй-ҳаракатлар мамлакатимиз изчил тараққиётини, сиёсий барқарорлик, иқтисодий ўсиш, ижтимоий адолат ва инсон манфаатлари устуворлигини таъминламоқда. Энг муҳими, бу натижалар мустақил, қудратли ва замонавий Янги Ўзбекистонни барпо этишга хизмат қилмоқда.
Раҳимжон ҲАКИМОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Спикерининг ўринбосари.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Ўзбекистонда доллар курси ўзгарди
- Ўзбекистонда долларнинг расмий курси ўзгарди
- Президент Исмоил Жўрабеков вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди
- Ўзбекистон ва Туркманистон: барқарор ривожланиш йўлидан бораётган давлатлар
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг