Янги Ўзбекистон армияси – мамлакат қудрати, юксак ғурур ва садоқат тимсолидир

19:11 09 Январь 2024 Жамият
1613 0

Фото: Юнус Бўриев / “Халқ сўзи”

Мамлакатимиз Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони ташаббуси билан сўнгги йилларда юртимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида миллий армиямизнинг ҳам қиёфаси ва салоҳияти тубдан ўзгарди. Бугунги кунда Ўзбекистон Қуролли Кучлари мамлакатимиз хавфсизлиги ва барқарорлигини, сарҳадларимиз дахлсизлигини таъминлашга қодир бўлган, ҳаракатчан ва пухта қуролланган қудратли кучга айланди.

Бу жараёнда умумхалқ референдуми асосида қабул қилинган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси армиямизнинг ҳам қиёфасини тубдан ўзгартириш, қўшинлар жанговар шайлигини такомиллаштириш ва давлат мудофаа қобилиятини янада мустаҳкамлашга йўналтирилган кенг кўламли ислоҳотларни давом эттириш учун улкан имкониятлар яратиб берди.

2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясида юртимиз мудофаа салоҳиятини янада мустаҳкамлаш ва Қуролли Кучларимизни ривожлантириш устувор йўналишлардан бири этиб белгилангани инобатга олиниб, энг мураккаб шароитларда қўшинларни жанговар ҳаракатларга самарали ва қисқа муддатларда тайёрлашнинг янги шакл ҳамда услублари устида фундаментал ишлар олиб борилмоқда.

Сўнгги йилларда Янги Ўзбекистоннинг янги армиясини барпо этиш, унинг жанговар шайлиги ва тайёргарлигини кескин оширишга қаратилган ислоҳотларни амалга оширишда кадрлар сиёсатини юритиш бугунги куннинг устувор йўналишларидан бири этиб белгиланди. Яқин йилларгача офицерлар таркибининг кадрлар захирасини шакллантириш, уларни лавозимларга босқичма-босқич тайёрлаб бориш ва малакасини ошириш ҳамда ҳарбий таълим муассасаларида ҳарбий кадрларни тайёрлаш масалаларида бир қатор тизимли муаммолар ва камчиликлар мавжуд эди. Ўтган йиллар узлуксиз ҳарбий таълим тизимини жаҳон стандартлари даражасига олиб чиқиш борасида жиддий қадамлар ташланди. Қуролли Кучлар академияси ҳарбий илм-фан соҳаси локомотивига айланди, олий ҳарбий таълим муассасаларида янгича ёндашув ва ўқув услублари жорий этилди.

Кадрлар захирасига киритилган раҳбарий лавозимдаги офицерларнинг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш нафақат олий ҳарбий таълим муассасаларида, балки Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқарув академияси, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети каби нуфузли олий таълим муассасаларида халқаро муносабатлар, халқаро ҳуқуқ, дипломатик этикет ва дипломатик протокол йўналишларида ҳам билимлар оширилмоқда. Натижада Қуролли Кучларнинг илмий салоҳияти кўтарилиб, замонавий билимларга эга офицер кадрлар захирасини яратишга эришилди.

2022 йилдан Мудофаа вазирлиги олий ҳарбий таълим муассасалари илмий салоҳиятини юксалтириш мақсадида ўқитувчиларни педагогик йўналишдаги республикамизнинг олий таълим муассасаларининг магистратура босқичида ўқитиш, Қуролли Кучларни ривожлантириш истиқболлари ва қўшинлардаги эҳтиёждан келиб чиқиб, Қуролли Кучлар академиясининг магистратура босқичида икки йиллик сиртқи таълим шаклида “Қўшинларнинг оператив-тактик штаб қўмондонлиги” ҳамда “Ҳарбий педагогика ва психология” мутахассисликлари бўйича офицер кадрларни ўқитиш йўлга қўйилди.

Битирувчи босқич курсантлари ҳарбий округ, бирлашма ва ҳарбий қисмларнинг кенг кўламли тактик ўқувларида кузатувчи сифатида иштирок этиб, тўрт йиллик билим ва кўникмаларини мустаҳкамламоқдалар.

Мудофаа вазирлиги тизимида ҳарбий илм-фанни ривожлантириш борасида амалга оширилган ишлар натижасида сўнгги 5 йилда илмий салоҳият 4 фоиздан қарийб 46 фоизга ошди. 2023 йилда илмий салоҳиятни белгиловчи таркиб 694 нафарни ташкил этиб, уларнинг 28 нафари фан докторлари (DSc), 161 нафари фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD), 130 нафари доцентлардир.

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлар академияси Президентимиз, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан бугунги кунда янгича мазмун касб этди. Академия бугунги кунда республикамиздаги энг нуфузли олий ҳарбий таълим муассасаси ҳисобланади. Ушбу улуғ даргоҳ узоқ ва бой тарихга эга бўлиб, армия сафларига ҳар томонлама етук, ўз касбининг моҳир устаси – ҳақиқий офицерларни тайёрлаб келмоқда.

Бугун академияда умумқўшин, ҳарбий хавфсизлик ва давлат мудофааси, Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари, Ички ишлар вазирлиги қўшинларига кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш факультети ва Ички ишлар вазирлиги ҳарбийлашган бўлинмалари мутахассисларини тайёрлаш каби жами 17 та кафедра фаолият юритиб келмоқда.

Академияда курсантларнинг сиёсий, маънавий-маърифий, ижодий, лидерлик сифатларини ривожлантиришга йўналтирилган 20 дан ортиқ тўгараклар фаолияти йўлга қўйилган. Бугунги кунда академияда бир қатор хорижий мамлакатлардан ташриф буюрган курсант ва офицерлар бакалаврият, магистратура ва таянч докторантурада таҳсил олиши, шунингдек хорижий ҳарбий педагок кадларни малакасини ошириш ишлари йўлга қўйилган.

Академияда 4000 дан ортиқ китобга, интернет ва 15000 дан ортиқ электрон адабиётларга ва шахсий таркиб учун барча имкониятлар эга Ахборот-ресурс маркази фаолият юритади. Марказ академия фаолиятида муҳим аҳамият касб этади. Шунингдек, академиянинг музейида 100 йилдан ортиқ тарихга эга экспонатлар ва қўлёзмалар мавжуд.

Бугунги кунда мазкур олий ҳарбий таълим муассасасининг илмий салоҳияти 53%ни ташкил этади. Тингловчи ва курсантларга 10 нафарга яқин фан доктори, 40дан ортиқ фан йўналишлари бўйича фалсафа докторлари, 50 га яқин илмий унвонга эга бўлган малакали профессор-ўқитувчилар таълим-тарбия бериб келмоқда.

Академиянинг ўқув-моддий базаси ва ўқув аудиториялари энг сўнгги технологиялар асосида ишлаб чиқилган замонавий тренажёрлар, лабораториялар, асбоб-ускуналар ва компьютер техникалари билан жиҳозланган. Курсант ва тингловчиларнинг яшаши ва дам олиши учун шинам ва кўркам ётоқхоналар, спорт билан шуғулланиши учун ёпиқ сув ҳавзаси, спорт заллари, шунингдек, маданиий ҳордиқ маркази ва ошхона замон талаблари асосида жиҳозланган.

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари академияси фаолияти, таълим жараёнлари, таълим учун яратилган шароитлар билан ОАВ вакилларини яқиндан таништириш мақсадида 9 январь куни Мудофаа вазирлиги, Қуролли Кучлар академияси, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ва уюшма қошидаги ҳарбий-ватанпарварлик кенгаши ҳамкорлигида “Янги Ўзбекистон армияси – мамлакат қудрати, юксак ғурур ва садоқат тимсолидир!” мавзусида пресс-тур ташкил қилинди.

Дастлаб пресс-тур иштирокчилари ҳарбий оркестр садолари остида кутиб олинди ҳамда уларга академия саф майдонида ҳарбий оркестр, фахрий қоровул ва взвод бўлинмасининг қўл жанги бўйича кўргазмали чиқишлари, шунингдек Академия маданият марказида академия фаолияти, таълим жараёнлари ва шароитлари ҳақида тайёрланган видеоролик намойиш этилди.

Шундан сўнг олий ҳарбий таълим муассасаси бўйлаб экскурсия бошланди. Унда ОАВ вакиллари академия тарих музейидаги экспонатлар, ахборот ресурс марказида яратилган шароитлар, курсантлар бўлинмаси ётоқхонасидаги қулайликлар, “Амир Темур”, “Бобур”, “Жалолиддин Мангуберди” тематик синфлари ва “Психологик тайёргарлик маркази” ҳамда спорт мажмуасида яратилган шароитлар билан танишдилар.

Шу билан бирга журналистлар курсантларнинг ҳарбий ва зирхли техникалар тренажёрларида техникани бошқариш ва ҳайдаш бўйича амалий машғулотларда иштирок этиб, “ПКСТ-2” тренажёридан отиш бўйича ташкил этилган мусобақада ўзаро беллашдилар. Мусобақа натижаларига кўра ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Пресс-тур якунида иштирокчиларнинг қизиқтирган саволларига Мудофаа вазирлиги ахборот хизмати ва Қуролли Кучлар академияси масъуллари томонидан батафсил жавоб берилди.

Фото: Юнус Бўриев / “Халқ сўзи”

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?