«Янги нафас» марафонида наманганликлар ҳам фаоллик кўрсатди

12:15 26 Июнь 2022 Жамият
759 0

Фото: Халқ сўзи

Бугун эрталаб мамлакатимизнинг 8 шаҳрида бир пайтда старт олган «Янги нафас» оммавий югуриш мусобақалари Наманганда ҳам кўтаринки руҳда ташкил этилди. 30 июнь — Ёшлар кунига бағишланган марафонда беш мингдан зиёд иштирокчилар Наманган шаҳридаги Темир йўл шоҳ бекатидан «Уч фаввора» хиёбонигача бўлган уч километрлик масофани босиб ўтдилар.

—«Бир ватанда, бир вақтда, бир хил масофага, бир мақсадда — бирга югурамиз!» шиори остида ўтказилган тадбирда ўқувчи ва талаба-ёшлар, ишчи-хизматчилар ҳамда уюшмаган ёшлар вакиллари зўр иштиёқ билан билан қатнашдилар, — дейди Ёшлар ишлари агентлиги Наманган вилоят бошқармаси ахборот ва медиа хизмати раҳбари Ҳусанбой Пошшахонов. —Иштирокчилар орасида етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган югуриш ихлосмандлари, ҳатто,жисмоний имконияти чекланган фуқаролар ҳам бор. Масалан, Наманган давлат университетининг 73 ёшли муаллимаси Людмила Музаффарова белгиланган масофани тезкорлик билан босиб ўтган бўлса, ногиронлик аравачасида келган Поп туман ногиронлар жамияти раиси Элмурод Дадабоев чаққон ҳаракатлари билан кўпчилик эътиборига тушди.

Албатта, маррага пешқадамлар қаторида етиб келганлар муносиб тақдирланди. Уларга ташкилотчиларнинг телевизор, 1-3 миллион сўм миқдоридаги пул мукофоти расмийлаштирилган ваучер, диплом ва бошқа эсдалик совғалари топширилди.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер