Янги “Медиа-марказ” талабалар учун тажриба майдони бўлиб хизмат қилади

14:57 14 Январь 2026 Жамият
205 0

Самарқанд давлат чет тиллар институтида ўн икки тилда миллий контент тайёрлайдиган “Медиа-марказ” ўз фаолиятини бошлади. Марказнинг очилиши муносабати билан ташкил этилган пресс-турда иштирок этган Республика ва вилоят оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда блогерлар унинг фаолияти билан яқиндан танишдилар.

“Медиа-марказ” замонавий студия ускуналари, аудио ва видеоёзув воситалари билан тўлиқ жиҳозланган бўлиб, бу олинаётган материалларнинг сифатли, тезкор ва оммабоп бўлишини таъминлайди. Шунингдек, институт умумий фаолиятини янада такомиллаштириш, ахборот-коммуникация технологиялари ва сунъий интеллектдан самарали фойдаланган ҳолда замонавий медиа маҳсулотлар тайёрлаш имкониятини кенгайтиради. Бу жараёнга нафақат институтнинг профессор-ўқитувчилари ҳамда талабалари, балки барча хоҳловчилар жалб этилади.

Бу ерда яратилган шарт-шароитлар, техник имкониятлар ва режалар иштирокчиларда яхши таассурот қолдирди. Тадбир қатнашчилар марказ фаолиятига омад тилаб, унинг имкониятларидан унумли фойдаланиш бўйича қатор таклифларни билдирди. Хусусан, Самарқанднинг тарихий обидалари ҳақида 12 тилда контентлар яратиш, шу орқали миллий меросни жаҳонга тарғиб этиш муҳимлиги таъкидланди.

Талабалар иштирокида жаҳон халқлари тилларида аудиокитоблар тайёрлаш, Самарқандда ўтказилаётган нуфузли халқаро анжуманлар ҳақида ахборот ва видеолавҳалар яратиш, миллий контентни кенг аудиторияга етказиш ҳам медиа-марказ олдига қўйилган асосий вазифалардан ҳисобланади.

Айни пайтда институтда халқаро журналистика йўналиши талабалари иштирокида “Янги Ренессанс” газетаси фаолияти йўлга қўйилгани, келгусида эса алоҳида радио ташкил этилиши режалаштирилгани таълим даргоҳида ижодга, сўз эркинлиги ва амалий журналистикага бўлган муносабат юксак эканидан далолат беради.

- Ушбу медиа-марказ нафақат журналистика йўналишида таҳсил олаётган талабалар, балки чет тилларни пухта эгаллаётган барча ёшлар учун катта имкониятлар эшигини очади, — дейди институт ректори Баҳодир Холиқов. — Зеро, замонавий дунёда тил билишнинг ўзи етарли эмас, энг муҳими, ўша тилда фикрлаш, таҳлил қилиш ва жаҳон аудиториясига мос контент яратишдир. Ана шу вазифани амалга оширишда мазкур медиа-марказ муҳим платформа бўлиб хизмат қилади. Бу ерда талабалар ўз билимларини амалиётда синаб кўради, хатолардан хулоса чиқаради ва мустақил ижод қилишни ўрганади.

Ҳозирда институтда 60 нафардан ортиқ хорижлик талаба таҳсил олмоқда, улар учун яратилган инфратузилма халқаро стандартларга мос равишда босқичма-босқич такомиллаштирилмоқда. Пресс-тур доирасида хорижлик талабалар учун янгидан барпо этилган 48 ўринли хостелнинг рамзий очилиш маросими ҳам бўлиб ўтди. Янгидан фойдаланишга топширилган хостел нафақат яшаш жойи, балки турли миллат ва маданият вакилларини бирлаштирувчи муҳит сифатида хизмат қилади.

Бугунги кунда институтдаги 8 та факультетда 11833 нафар талаба таҳсил олмоқда. Бу ерда уларнинг чуқур билим олишлари ва мавжуд имкониятлардан кенг фойдаланишлари учун барча зарур шароитлар яратиляпти.

Институтда таълим сифатини назорат қилиш мақсадида барча факультетлар ва аудиторияларга замонавий кузатув камералари ўрнатилиб, ўқув машғулотларини мунтазам ва реал вақт режимида назорат қилиш имконияти яратилган.

Шунингдек, Ўқув-услубий бошқарма қошида марказлашган Ситуацион марказ ташкил этилиб, унинг фаолияти учун алоҳида махсус хона ажратилди ва ҳозирда ўқув жараёнлари доимий кузатилиб, таҳлил ва мониторинг ишлари тизимли равишда олиб борилмоқда.

Талаба ва битирувчиларнинг бандлигини таъминлаш, уларни меҳнат бозорига тайёрлаш ҳамда касбий ва молиявий ривожланишини қўллаб-қувватлаш мақсадида “Карера маркази” ва “Келажакка қадам маркази” ташкил этилган. Иш берувчи ташкилотлардан олинаётган маълумотлар асосида аниқ бўш иш ўринлари базаси шакллантирилиб, битирувчилар учун “Карера куни”, меҳнат ярмаркалари, иш берувчилар билан учрашувлар ташкил этиляпти.

Пресс-тур давомида иштирокчилар институтда ташкил этилган “Регистратор офиси”, Синхрон таржима лабораторияси, “Карера маркази”, “Келажакка қадам маркази” ҳамда “Ситуацион марказ” фаолияти билан ҳам яқиндан танишиб, талабалар билан бевосита мулоқот қилдилар.

Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер