Янги лойиҳалар — янги имкониятлар демак
Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманида чорва наслини яхшилаш, маҳсулдорлигини ошириш, ҳайвонларни касалликлардан асраш, озуқа ерларидан самарали фойдаланиш масалаларига бағишланган амалий семинар ўтказилди. Унда банк-молия тизими вакиллари, Наслчилик миллий маркази, Балиқчилик илмий-тадқиқот институти олимлари ва тумандаги юздан ортиқ чорвачилик йўналишида фаолият олиб бораётган фермер хўжалиги раҳбарлари иштирок этишди.

-Ўтган йил туманимизда 8,2 минг тонна гўшт, 8 минг тонна сут, 86,6 млн.дона тухум, 40,7 тонна балиқ,10,6 тонна асал етиштирилган. Аҳоли жон бошига ҳисоблаганда кўрсаткичларимиз ёмон эмас. Бироқ қанча кўп маҳсулот ишлаб чиқарилса, бу — энг аввало ўзимиз ва туман иқтисодиёти учун фойдали, — деди туман ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими бошлиғи Алимардон Жумабоев. – Айни пайтда чорвадорларимиз ихтиёрида 87 минг 576 гектардан ортиқ ер мавжуд. Яйловнинг ўзи 69 минг 865 гектардан ортиқ. 24 нафар тадбиркоримиз ихтиёридаги қўйлар сони минг бошдан 2-3 минг бошга қадар кўпайган. Демак бугун биз нафақат чорвани кўпайтириш, балки гўшт ва сут маҳсулотларини қайта ишлашни йўлга қўйишимиз зарур.

Маълумотларга кўра, бугун Оҳангарон туманида чорвачилик йўналишида жами 327 та хўжаликлар фаолият юритмоқда. Жорий йил умумий қиймати 848 млрд. сўмлик 59 та лойиҳалар рўёбга чиқарилади. Натижада мазкур лойиҳалар доирасида четдан 6350 бош наслли қорамоллар ва 2961 бош қўйлар ҳамда 816 минг бош наслли паррандалар олиб келинади. Агар рақамларга янада аниқлик киритадиган бўлсак, қорамолчиликда 5,6 млрд. сўмлик 19 та, қўйчиликда 26 млрд. сўмлик 20 та, йилқичиликда 3 млрд. сўмлик 2 та, паррандачиликда 812 млрд. сўмлик 6 та, балиқчиликда 1 млрд. сўмлик 1 та, асаларичиликда 660 млн. сўмлик 10 та, сут маҳсулотини қайта ишлаш борасида 550 млн. сўмлик 1 та лойиҳалар шакллантирилган ва йил якунига қадар ишга туширилади.
Тадбирда Наслчилик миллий маркази директори Олимжон Маматқулов сўзга чиқиб корхонанинг бугунги салоҳияти ва марказнинг ишлаб чиқариш лабораториясида замонавий немис ускуналарида тайёрланиб қадоқланган ва чуқур музлатилган буқа уруғларининг сифати, бу борада кафолатли хизматни йўлга қўйишнинг аҳамияти, мутахассислар малакасини ошириш масалалари бўйича ўз мулоҳазаларини билдирди.

-Ўз касбини пухта эгаллаган, малакали семинатор худди қўли енгил ва билимдон ветврач сингари муаммога ўрин қолдирмайди. Уни одамлар ҳам яхши кўради, ишонади ҳам, — деди Олимжон Маматқулов. — Биз эса етказиб берилаётган буқа уруғларининг сифатига шунчаки эмас, чуқур назорат ва таҳлил натижасига кўра кафолат берамиз. Юқори кўрсаткичлари туфайли аҳолини эътирофига сазовор бўлган мутахассисларни доимий равишда тақдирлаяпмиз. Чунки ишлайман деган одам баҳона қидирмайди, уруғни ҳаракатчанлигию сифатини микроскопда текшириб оладию мижозларини қидириб кетади, хонадонбай ишлайди. Ҳаловатдан кечган, ҳар бир қўнғироққа лаббай, дея жавоб берган мутахассисларнинг даромадини эса Аллоҳнинг ўзи қўша қўша бераверади. Аслида бугунги семинарнинг мақсади ҳам шу – фаровонлик йўлидаги саъй ҳаракатларимизни биргаликда юқори поғонага кўтариш. Бу борада бизнинг эшигимиз ҳамма ва ҳамма учун туну кун очиқ.

Оҳангаронлик фермерларни бошини қовуштириб уларни очиқ мулоқотга чорлаган мутасаддилар ўз телефон номерларини эълон қилишди Муаммо туғилса ё маслаҳат зарур бўлса, бемалол қўнғироқ қилаверинг, биз хизматда дейишди. Шунинг ўзиёқ тадбир шунчаки номига эмас, балки амалий ҳамкорлик тарзида ўтганидан далолатдир.
Абдунаби Алиқулов, “Халқ сўзи.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Абдуқодир Ҳусанов яна бир бор «Реал Мадрид»га қарши ўйнайди
- Болалар саратонига қарши кураш: халқаро ҳамкорликдаги муҳим қадам
- Ўзбекистоннинг 7 та моддий ва номоддий маданий мерос объектлари AYSESKO рўйхатига киритилди
- Суперлиганинг 2026 йилги мавсуми бошланмоқда
- Ҳар бурчагида тарих яширинган шаҳар — Лондондан фоторепортаж
- «Реал Мадрид» мағлубиятга учради
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг