Янги иш бошлаган тадбиркорлар биринчи хато учун «жавобгарликдан суғурталанган» бўлади — Шавкат Мирзиёев

Фото: Президент матбуот хизмати
Шавкат Мирзиёевнинг кичик ва ўрта бизнес вакиллари билан учрашувида янги тадбиркорлар «оёққа туриб олиши» учун, айниқса, улар фаолият бошлаган биринчи йилда қўллаб-қувватлаш жуда муҳимлиги таъкидланди.
Масалан, охирги уч йилда 17,5 минг корхона ташкил этилганига бир йил тўлмасдан тугатилган. Айниқса, Самарқанд, Қашқадарё, Хоразм, Жиззах вилоятлари масъуллари янги корхоналар билан ишлашда энг орқада экани кўрсатиб ўтилди.
«Бундан буён, тадбиркорликка энди қадам қўйганлар учун «биринчи имконият» тамойили жорий этилади. Яъни, илк бор маъмурий ҳуқуқбузарлик қилган тадбиркор жавобгарликдан озод қилиниб, камчиликни бартараф этиш учун имконият берилади.
Бир сўз билан айтганда, янги иш бошлаган тадбиркорлар биринчи хато учун «жавобгарликдан суғурталанган» бўлади», деди Президент.
Ҳозирда барча тоифадаги тадбиркорларга фаолиятини тугатиш учун бир хил талаб белгиланган. Яъни, каттами-кичикми, барчаси молиявий аудитдан ўтишга мажбур. Оқибатда, ихтиёрий тугатишга ариза берган минглаб кичик корхоналар қачон текширувчи келиб, аудитдан ўтказишини кутиб турибди.
Шу боис бу жараён ҳам соддалашиши эълон қилинди. Охирги уч йиллик айланмаси 10 миллиард сўмдан ошмаган, солиқдан қарзи бўлмаган корхонани ихтиёрий тугатишда текширув ўтказилмайди.
2028 йил 1 январга қадар ҚҚС ва фойда солиғи ставкаси оширилмаслиги белгилаб қўйилган.
«Эндиликда кичик ва ўрта бизнесга қўшимча талаб ва мажбурият юклайдиган норматив ҳужжатлар қабул қилишга ҳам уч йиллик мораторий эълон қилинади.
Фермерлар учун ҳам муҳим янгилик – солиқдан қарзини вақтида тўлай олмагани учун шу пайтгача йиғилиб қолган 1 триллион сўмлик пеняни ундиришдан воз кечилади.
«Дунёда сунъий интеллект, инновация, рақамли ва яшил технологиялар, креатив хизматлар орқали «катта сакраш» бўлаяпти.
Юртимизнинг бетакрор табиати, тоғ ва яйловлари, тарихий обидалари – кино индустрияси, концерт-томоша фаолияти ва туризмда янги лойиҳаларни амалга ошириш учун катта имконият», деди давлатимиз раҳбари.
Масалан, «Ичан қалъа» тарихий кино ва сериал олиш учун тайёр саҳна. Кўп давлатлар бундай саҳна павильони қуришга миллионлаб доллар сарфлаяпти.
Ёки, Самарқанд, Бухоро, Шаҳрисабз, Қўқон, Наманган каби йирик шаҳарларимизда халқаро кўргазма, форум ва концертлар ўтказиш учун барча имкониятлар бор.
«Мен ҳам мана шундай соҳаларда лойиҳа қиламан, деган интилувчан тадбиркорларга энг қулай шароитлар яратиб беришга тайёрман», деди давлатимиз раҳбари.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар миқдори 10 фоизга оширилади
- Олимлар Альцгеймер касаллигидан ҳимоя қилувчи парҳез ҳақида маълумот беришди
- Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар хронологияси ёхуд бугунги «уруш»нинг илдизи қаерда?
- Доллар курси ошишда давом этмоқда
- Паркентда йилига 20 минг сайёҳни қабул қиладиган туристик мажмуа очилмоқда
- Ўзгаришларни сўз билан уйғотган журналист
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг