Янги имкониятлар ва чақириқлар

Темур ЭШБОЕВ/«Халқ сўзи». Навоий вилоятида «Сунъий интеллект ахборот хавфсизлигига қандай таъсир ўтказади? Янги имкониятлар ва чақириқлар» мавзусида минтақавий семинар ташкил этилди. Семинар Навоий вилояти ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ҳамкорлигида уюштирилиб, унда мезбон ҳамда Бухоро ва Самарқанд вилоятларида матбуот, телевидение, радио ва интернет журналистикаси йўналишлари бўйича фаолият олиб бораётган оммавий ахборот воситалари вакиллари, блогерлар иштирок этишди.
— Мамлакатимиз Президентининг 2024 йил 14 октябрдаги «Сунъий интеллект технологияларини 2030 йилга қадар ривожлантириш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорида медиа соҳасида сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш истиқболлари, сунъий интеллектнинг ахборот хавфсизлигига таъсири ва айни кунда бу борада соҳа вакиллари олдида турган долзарб вазифалар белгилаб берилган, — дейди Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси в.б. Холмурод Салимов. — Ҳар қандай техник ва технологик янгиликлар қатори сунъий интеллект ҳам қулайликлар билан бирга ўз камчиликларига эга. Табиийки, унинг тарафдорлари ва ёқтирмаётганлари ҳам бор. Бироқ асримиз ахборот асри экан, сунъий интеллект имкониятлари мамлакатимизда ҳам кенг қўлланиб, такомиллашиб бораверади. Ушбу семинарда сунъий интеллектдан фойдаланишнинг хавфсизлигини таъминлаш масалаларига эътибор қаратилади.
Семинар аввалида унинг иштирокчилари учун Навоий шаҳрининг Маҳмуд Торобий кўчасида қад ростлаётган янги, креатив дизайн ва китобсеварлар учун қулай шарт-шароитларга эга 3 қаватли кутубхонага пресс-тур уюштирилди. Зиё маскани бир вақтнинг ўзида 230 нафар китобхонни қабул қилишга мўлжалланган. Замонавий типда қурилаётган ушбу кутубхонанинг эътирофли жиҳатларидан яна бири шундаки, имконияти чекланган китобсевар фуқаролар учун ҳам барча имконият, қулайликлар яратилмоқда. Маскан умумий ҳисобда 171 000 та турли номдаги илмий, бадиий, тарихий адабиётларни ўз фондига жойлаштириш имконига эга.
Журналистлар «БИОТEЧ РEСEАЧ анд ИННОВАТИОН» хорижий корхонаси томонидан асос солинган илон ва чаёнлар питомнигида ҳам бўлди. Хориж инвестициялари асосида барпо этилган, умумий қиймати 20 миллион АҚШ доллари бўлган ушбу лойиҳа 2024 йилда Навбаҳор туманида ишга туширилган. 10 миллион долларлик маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга корхонада 30 та янги иш ўрни яратилган. Питомник туфайли Навбаҳор туманида илк бор 10 мингдан ортиқ илон, 3 мингта судралиб юрувчилар ҳамда 20 мингдан ортиқ ўргимчакларни етиштириш бўйича серпантарий ва террариум ташкил этилди.
Мазкур илмий-ишлаб чиқариш комплекси наслни тиклаш учун реабилитация маркази, вивариум, тадқиқот ва озуқа базаси, қон зардобини ишлаб чиқариш учун хомашё базаси, йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган судралиб юрувчи жонзотлар турлари ва уларнинг ҳаётий фаолияти, маҳсулотларини ўрганиш, заҳарли моддаларга асосланган биоактив қўшилмалар, зардоб ва косметика дориларини ишлаб чиқариш фаолиятини ўз ичига олади.
Куннинг иккинчи ярмида ОАВ вакиллари асосий мавзу «Сунъий интеллект ахборот хавфсизлигига қандай таъсир ўтказади? Янги имкониятлар ва чақириқлар» семинарига тўпланишди. Унда «Янги медиа таълим маркази» директори, филология фанлари доктори Беруний Алимов мавзу бўйича маъруза қилди. Тажрибали журналист сунъий интеллект ахборот хавфсизлигига қандай таъсир ўтказишини замонавий кўргазмали воситалар орқали тушунтириб берди.
Семинар якунида журналистлар соҳа доирасида ўзаро тажриба алмашиб, сунъий интеллект ахборот хавфсизлигини мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшиши мумкинлиги, лекин уни нотўғри қўллаш янги хавф-хатарларни ҳам келтириб чиқариши эҳтимоли мавжудлиги, бу тизим асосида ишлайдиган ахборот тизимларини доимий равишда ривожлантириш билан бирга, юзага келадиган хавфларга қарши курашиш бўйича ҳимоя тизимларини ҳам кучайтириш борасида таклиф ва тавсиялар берилди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Ўзбекистонда долларнинг расмий курси ўзгарди
- Президент Исмоил Жўрабеков вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди
- Ўзбекистон ва Туркманистон: барқарор ривожланиш йўлидан бораётган давлатлар
- Тадбиркорлар янгича ёндашувлар асосида қўллаб-қувватланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг