Янги илмий-тадқиқот маркази иқтидорли талабалар хизматида

18:02 29 Август 2024 Жамият
219 0

Фарҳод ЭСОНОВ/«Халқ сўзи». Мустақиллигимизнинг 33 йиллик байрами арафасида Термиз давлат университетида янгидан қурилган замонавий Илмий-тадқиқот маркази фойдаланишга топширилди.

Бундан саккиз йил муқаддам Сурхондарёда атиги битта олий таълим муассасаси фаолият юритарди. Унда ўн мингга яқин йигит-қиз таҳсил олган бўлса, ҳозирда бешта давлат ва битта нодавлат олий таълим даргоҳида 70 мингдан ортиқ ёшлар ўзлари танлаган касбларни ўрганмоқда.

Етмиш йиллик тарихга эга Термиз давлат университетида йилдан йилга янги йўналишлар ташкил этилмоқда. Ўқув муассасасида 13 та факультет, 44 та кафедра мавжуд бўлиб, уларда 700 дан ортиқ профессор-ўқитувчи 20 мингдан зиёд талабага таълим бермоқда. Хусусан, жорий ўқув йилидан бошлаб университетда яна бир янги йўналиш — журналистика бўлими ҳам фаолиятини бошлади. Эътиборлиси, олийгоҳда 250 нафардан кўп илмий даражага эга педагог фаолият юритмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил октябрь ойида сурхондарёлик сайловчилар билан учрашувида Термиз давлат университети илмий-тадқиқотчиси Азиза Холбоева йирик олий таълим муассасасида кимёвий таҳлиллар ўтказиш лабораторияси йўқлигини айтган эди. Президентимиз ана шу фикр-мулоҳазаларни эътиборга олиб Термизда замонавий лабораториялар мажмуасидан иборат илмий-тадқиқот марказини қуришни таклиф этганди.

Бугун воҳаликларнинг ушбу орзуси рўёбга чиқди. Шу муносабат билан ташкил этилган тантанали маросимда Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов, профессор-ўқитувчилар, илмий тадқиқотчилар, нуронийлар, вилоят фаоллари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

— Энг замонавий лаборатория асбоб-анжомлари билан жиҳозланган Илмий-тадқиқот маркази истиқлолимизнинг 33 йиллигига катта тўёна бўлди, — дейди университет доценти Нормамат Маллаев. — Эндиликда Сурхондарё иқлим шароитига мос бўлган янги навларни, турли ихтироларни яратишда лабораториядаги замонавий асбоб-ускуналар қўл келади. Нафақат вилоятимиз иқтисодиётини, балки мамлакатимиз равнақини янада кўтариш учун янги имкониятлар эшиги очилди. Илм-фан ва илмий тадқиқотчиларга кўрсатилаётган бундай эътибор учун беҳад миннатдормиз.

Мамлакатимизда ягона бўлган етти қаватли замонавий марказда Нефть ва газ кимёси, Полимерлар ва қурилиш-композицион материаллар, Физик-кимёвий тадқиқотлар, Агро-эко мониторинг ва агротехнологиялар, Сунъий интеллект ва рақамли технологиялар, Археология соҳасининг турли лабораториялари, Маҳсулотлар сифатини баҳолаш ва сертификатлаш бўлими ҳамда Ҳудудий тадқиқотлар маркази фаолият юритади. Бу лабораториялардан оқилона фойдаланиш талаба ва магистрантларни илмий-тадқиқот ишларига йўналтириш, илмий натижаларни амалиётга татбиқ этиш ва янги технологияларни ишлаб чиқариб, тижоратлаштиришда муҳим ўрин тутади.

Марказни бунёд этиш учун университетнинг бюджетдан ташқари даромади ҳисобидан 26,6 миллиард сўм маблағ сарфланди, 30 миллиард сўмлик лаборатория асбоб-ускуналари билан жиҳозланди. Шу билан бирга, қиймати 3,4 миллиард сўмлик янги спорт мажмуаси, 700 ўринга мўлжалланган 9 қаватли талабалар тураржой биноси ҳам фойдаланишга топширилди.

Тадбир доирасида вилоят Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси ҳамкорлигида пресс-тур ва матбуот анжумани ҳам ўтказилди. Унда 30 нафардан ортиқ журналист ва блогер янги барпо этилган биноларда илмий тадқиқотчилар, магистрантлар ва талабалар учун яратилган замонавий шароитлар билан яқиндан танишди.

2024-2025 ўқув йили учун бакалавриат, магистратура, иккинчи ва ундан кейинги олий таълим мутахассисликларига жами 4204 нафар қабул квотаси режалаштирилган. Жорий ўқув йили учун бакалавриатга 19 та янги таълим йўналиши қўшилган. Оммавий ахборот воситалари вакилларига илм-фан, инновация ва технологиялар ютуқлари асосида сифатли таълим жараёнини ташкил қилиш, педагог ходимларининг меҳнат самарадорлигини белгиловчи KPI тизимининг афзалликлари, талабаларни ётоқхона ва ижара хонадонларга жойлаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?