“Янги ҳаёт”ликлар янги ҳаёт остонасида
Фото: “Халқ сўзи”
Навбаҳор туманининг “Янги ҳаёт” маҳалла фуқаролар йиғинида 2137 нафар юртдошимиз истиқомат қилади. Расмий статистикага кўра меҳнат лаёқатли аҳолининг 73 нафари ишсиз. Қишлоқда 624 оила мавжудлигини инобатга олсак, бу унчалик кўп эмас. Лекин ушбу рақами ортида кишилар ҳаёти, уларнинг бугунги ҳаётидан мамнунлиги, эртанги кунга ишончи турганлигини ҳисобга олинса, ўта долзарб ижтимоий муаммо эканлиги маълум бўлади.
Шу боис яқинда “Янги ҳаёт” МФЙда ишсиз фуқароларнинг бандлигини таъминлаш, шунингдек имтиёзли кредит ва субсидиялар ажратиш мақсадида бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси ташкил этилди. Ярмаркада 24 та давлат корхонаси 126, хусусий сектор эса 164 та иш ўрни билан иштирок этди. “Янги ҳаёт” ва унга туташ ҳудудлардан 455 нафар фуқаро таклиф этилди. Тадбир самараси ўлароқ шу куни 109 нафар кишига ишга жойлашишлари учун йўлланма берилди. Бундан ташқари хоким ёрдамчилари томонидан 127 нафар ишсиз фуқаролар бандлиги таъминланиб, шундан 6 нафарига тижорат банкларининг имтиёзли кредит маблағлари ҳисобидан асбоб ускуналар, 19 нафар хотин-қизларга ўз фаолиятини бошлаш учун субсидия асосида тикув машинкалари берилди.
Шу кунлари маҳалланинг муҳандислик инфратузилма тармоқлари билан таъминланиш даражасини яхшилаш ва ободонлаштириш ишларини амалга ошириш мақсадида тумандаги корхона ташкилотлар томонидан ҳашар ташкил этилиб, қишлоқнинг 2 километрлик ички хўжалик йўллари шағаллаштирилди. Аҳолини ичимлик суви билан таъминлашни яхшилаш мақсадида 3 км. масофага ичимлик суви қувурлари монтаж қилинди, мавжуд сув қувурларида жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилди. 4 километрлик табиий газ қувурлари таъмирланиб, 2 та табиий газ тақсимлаш қурилмаларида созлаш ишлари амалга оширилди. Газ таъминоти оғир ҳудуддаги аҳолига 204 дона суюлтирилган газ баллонлари етказиб берилди.
Аҳолининг электр энергияси таъминотидаги муаммолари ўрганилиб, 359 дона янги электр узатиш тармоғи таянчлари ўрнатилди. Иккита трансформатор ва 11 км. электр энергия тармоғи янгиланиши натижасида истеъмолчиларга етказиб берилаётган электр энергияси барқарорлиги таъминланди.
- Бор-йўғи икки-уч кун ичида етти ухлаб тушимизга кирмаган ишлар амалга оширилди, - дейди маҳалла фаоли Равшан Неъматов. – Албатта, бу ўзгаришлар қишлоқдошларимиз кайфиятини кўтариши билан бирга фаол бўлишига ҳам туртки беради.
Ҳашар кунлари маҳалла ҳудудидаги 342та хонадонда ободонлаштириш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Қарийб 3,5 километрлик ички хўжалик ариқларида қазиш ва тозалаш ишлари амалга оширилди. Мевали ва манзарали дарахтларга шакл берилиб, ҳашар туфайли қишлоқ 160 тоннадан ортиқ қурилиш ва маиший чиқиндилардан тозаланди.
- Ҳудуд аҳолисининг саломатлиги, ижтимоий муаммоларини ўрганиш мақсадида 256 нафар фуқаро чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилиб, 53 нафарида турли касалликлар аниқланди, - дейди туман тиббиёт бирлашмаси жарроҳи Бобожон Ғаффоров. – Уларнинг 35 нафарига туман, 5 нафарига вилоят тиббиёт муассасаларига даволанишлари учун йўлланмалар берилди. Ўн нафар бемор бепул дори-дармон билан таъминланиб, кундузга стационарда даволаниши тавсия этилди.
Маҳалладаги ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Саховат ва кўмак” жамғармасидан 5 нафар фуқарога тиббий муассасаларда даволаниши ва жарроҳлик амалиётларини ўтказишлари учун маблағ ажратилди. Шунингдек, бир нафар фуқарога уй-жой таъмири учун 20.0 млн. сўмлик қурилиш материаллари етказиб берилди, Маҳалладаги ажрим ёқасидаги икки оила яраштирилиб, ижтимоий муаммолари бартараф этилди. “Аёллар дафтари” жамғармаси маблағлари ҳисобидан 15 нафар фуқарога ОТМ контракт тўловлари учун сертификатлар топширилди. Шунингдек, бир нафар аёлга олий таълим муассасасига ўқиши учун тавсиянома берилди.
Хулоса ўрнида таъкидлаш жоиз, май ойининг сўнгги ҳафтаси Навоий вилоятининг Навбаҳор туманидаги “Янги ҳаёт” маҳалласи ҳаётида мутлақо янги саҳифа очди. Ўзгаришлар маҳалланинг ўз номига муносиб бўлишини таъминлабгина қолмай, қишлоқ аҳлининг интилиш ва шижоатига ҳам қанот бўлаётган эрса ажаб эмас.
Темур ЭШБОЕВ,
(“Халқ сўзи”).
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Саккизта гол урилган ўйинда “Барселона” ғалаба қозонди
- “Башакшеҳир” Туркиянинг гранд клуби билан дуранг ўйнади
- Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун Жаҳон чемпионати қуръаси омадли ўтдими?
- Ўзбекистон терма жамоасининг Жаҳон чемпионатидаги ўйин саналари эълон қилинди
- АҚШ Европадан НАТО мажбуриятларининг асосий қисмини ўз зиммасига олишни талаб қилди
- FIDE жаҳон кубоги чемпиони Жавоҳир Синдаровни кутиб олиш маросими бўлиб ўтди (+фоторепортаж)
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг