Янги давр давлат хизматига — янгича ёндашув

09:30 27 Июнь 2025 Жамият
71 0

Кейинги йилларда Янги Ўзбекистон тараққиётининг муҳим босқичларидан бири сифатида давлат хизматини тубдан ислоҳ қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мазкур жараёнлар билан боғлиқ кўплаб саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Зеро, давлат бошқаруви самарадорлиги, аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифати, энг аввало, ушбу тизимда фаолият юритаётган ходимларнинг касбий савияси ҳамда фидойилиги билан бевосита боғлиқ.

Айни шу мақсадда жорий йилнинг 19 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан “Давлат фуқаролик хизматини янги ёндашувлар асосида ташкил этиш ҳамда профессионал ва натижадорликка йўналтирилган давлат хизматчилари корпусини шакллантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон имзоланди. Мазкур Фармон давлат хизматини янада очиқ, адолатли ва самарасини халқ ҳис қиладиган тизимга айлантиришда янги босқични бошлаб берди, десак, айни ҳақиқат.

Таъкидлаш жоизки, давлат фуқаролик хизмати тизимининг ҳуқуқий, ташкилий ва услубий асосларини белгилаш, соҳага доир қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш бўйича кенг кўламли ишларнинг олиб борилиши натижасида салмоқли ютуқларга эришилди.

Жумладан, “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак” деган халқчил тамойил амалиётга жорий этилиб, давлат хизматчилари фаолиятининг асосий мезони белгилаб берилди. Бунда давлат хизматчилари қуйи бўғинга тушиб ишлаш ва халқ билан очиқ мулоқот қилиш, уларнинг муаммоларини ўрганиб жойида ҳал қилишга алоҳида эътибор қаратилди. Давлат фуқаролик хизматининг аҳолига яқин бўлишини таъминлаш ва масалаларни жойларда ҳал этиш мақсадида маҳаллабай ишлаш тизими жорий этилиб, жаҳон тажрибасида ноёб бўлган “маҳалла еттилиги” институти яратилди.

Эътиборлиси, давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Қонун қабул қилиниб, давлат фуқаролик хизматчиларининг ҳуқуқий мақоми, давлат фуқаролик хизматига кириш, уни ўташ ва тугатиш тартиби белгиланди. Давлат фуқаролик хизматчилари одоб-ахлоқининг намунавий қоидалари тасдиқланиб, уларнинг хизмат фаолияти давомида ва хизматдан ташқари вақтда одоб-ахлоқи, жамоатчилик билан муносабатларига доир талаблар белгиланди, шунингдек, давлат органларида одоб-ахлоқ комиссиялари фаолияти йўлга қўйилди.

Энг муҳими, кадрлар салоҳиятини такомиллаштириш Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларининг устувор йўналишларидан бири этиб белгиланди ва зарур тадбирлар амалга оширилмоқда. Қолаверса, давлат фуқаролик хизматчиларининг билимларини ошириш мақсадида ҳафтанинг энг муҳим ва долзарб мавзулар юзасидан “Сиёсий-маърифат соати” ўтказиш амалиёти йўлга қўйилиб, ҳар ҳафта 30 мингдан ортиқ давлат фуқаролик хизматчилари кузатиб бормоқда. Буларнинг барчаси соҳа тараққиётини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Шу билан бирга, давлат фуқаролик хизматида ҳал этилиши лозим бўлган бир қатор масалалар мавжуд. Ана шундай масалалар ечимида эса юқорида тилга олинган Фармон муҳим аҳамият касб этади.

Замонавий давлат бошқарувида энг асосий тамойиллардан бири, бу —фуқароларга сифатли, ишончли давлат хизматлари кўрсатишдир. Яъни давлат ташкилотлари ва хизматчилари фуқароларга хизмат қилиши керак. Президент Фармонида айнан мана шу ғоя марказий ўринга чиқарилган. Эндиликда ҳар бир давлат хизматчисининг фаолияти натижа ва аҳоли эҳтиёжига йўналтирилади. Бунинг учун тизимли ўзгаришлар кўзда тутилган. Масалан, лавозимларга танловлар очиқ ва шаффоф бўлиши, ходимлар “меритократия” тамойилига асосланган ҳолда танланиши, уларнинг малакаси ва иш самарадорлиги аниқлик билан баҳоланиши белгиланди.

Эндиликда ҳар бир давлат ходими фаолияти KPI, яъни асосий кўрсаткичлар орқали баҳоланади. Бу эса нафақат фаолиятга танқидий ёндашиш, балки ҳар бир ходимнинг ўз устида ишлашига, билим ва кўникмаларини доимий янгилаб боришга туртки беради. Шунингдек, лавозимга мос компетенцияларни аниқловчи электрон тизимлар жорий этилади. Мазкур янгича ёндашув нафақат ўринли ва адолатли тайинловларни таъминлайди, балки бевосита касбий ривожланиш учун аниқ йўналиш беради.

Биламизки, ёш кадрлар давлат хизматининг энг катта салоҳиятидир. Фармон доирасида “ТОП-100” етакчи кадрлар дастури, “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали халқаро амалиётлар, замонавий бошқарув бўйича тайёрлов курслари йўлга қўйилади. Бу эса давлат хизматини замонавий билимли, етук, хорижий тажрибага эга, энг асосийси, ҳалол ва фидойи мутахассислар билан тўлдиришга хизмат қилади.

Хотин-қизларни кенг жалб қилиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож гуруҳлар вакиллари учун имкониятлар яратиш ҳам янги тизимнинг ижтимоий адолатга йўналтирилганини кўрсатади.

Фармон нафақат ходимлар ички баҳосини тартибга солади, балки давлат органлари фаолиятига нисбатан жамоатчилик баҳосини ҳам инобатга олади. 2026 йилдан бошлаб давлат идоралари фаолиятининг миллий рейтинги шакллантирилади. Бу эса жамият олдида очиқликни таъминлайди, рақобатбардош муҳит яратади. Ҳужжат билан 2030 йилгача мўлжалланган Давлат фуқаролик хизматини ривожлантириш стратегияси, унинг мақсадли кўрсаткичлари ва 2025-2026 йилларга мўлжалланган амалий чора-тадбирлар қабул қилинди. Буям соҳа тараққиётини таъминлашга хизмат қилувчи муҳим “йўл харитаси” вазифасини ўташи шубҳасиз.

Яна бир муҳим янгилик —  2025 йил 1 сентябрдан бошлаб “Давлат хизматчиси” мобил иловаси ишлга туширилиши кўзда тутилган бўлиб, бу давлат хизматчиларининг ўз кўникмаларини доимий ривожлантириб бориши ҳамда улар ўртасида ўзаро мулоқотни кучайтириш имконини беради.

Бир сўз билан айтганда, ушбу Фармон давлат хизматини замонавий, самимий ва самарали тизимга айлантириш сари ташланган муҳим қадамдир. Эндиликда давлат хизматчиси лавозим эмас, масъулият тимсоли бўлиши керак. Бу эса Янги Ўзбекистон тараққиётида, “халқ давлатга эмас, давлат халққа хизмат қилади” тамойилининг ҳаётга татбиғида ғоят муҳим ўрин тутади.

Шу билан бирга, Фармон давлат фуқаролик хизматини замонавий стандартлар асосида ташкил этиш, давлат хизматчилари ишини натижадорликка йўналтириш, аҳолининг давлат хизматига бўлган ишончини янада ошириш, соҳага истиқболли кадрларни жалб қилиш ва уларни профессионал мутахассис этиб тайёрлашнинг самарали тизимини жорий қилишда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилади.

Дилафруз АЗИМОВА,

Тошкент давлат юридик университети

Давлат бошқаруви кафедраси доценти.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?