Янги бошқарув тизими жорий этилаётган ҳудудлардаги инвестиция ислоҳотлари муҳокама қилинди

20:25 13 Ноябрь 2025 Сиёсат
214 0

Сўнгги йилларда мамлакатимизда ўзига жалб этувчи инвестиция муҳитини яратиш, ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ва инвестициявий салоҳиятини ошириш ва ҳудудий ҳамкорликни ривожлантириш, ишлаб чиқаришни кенгайтириш, тадбиркорлар, ишбилармонлар ва хорижий ҳамкор инвесторларни қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жорий йил 12 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан янги бошқарув тизими жорий этилаётган 16 та пилот ҳудуд – Бектемир, Қўнғирот, Чимбой, Асака, Ғиждувон, Ғаллаорол, Яккабоғ, Хатирчи, Чортоқ, Булунғур, Сирдарё, Қува, Шовот, Ҳазорасп туманлари ҳамда Марғилон ва Янгийўл шаҳарларида инвестициялар, туризм ва ташқи иқтисодий фаолият соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигини ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Мажлисда сенаторларнинг пилот ҳудудларда ташкил этилган мулоқот майдонлари натижалари тўғрисидаги ахборотлари, шунингдек, маҳаллий Кенгашлар ва ҳокимликлар вакилларининг мавзуга оид фикр-мулоҳазалари эшитилди.

Ҳудудларда инвестиция муҳитини яхшилаш, туризм ва экспорт салоҳиятини ошириш, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда мавжуд муаммоларни бартараф этишга қаратилган аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Таъкидланганидек, жойларда амалга оширилаётган инвестициявий ислоҳотлар самарадорлигини ошириш ишлари сенаторлар томонидан парламент назорати доирасида тизимли ўрганиб борилади. Бунда ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш ва маҳаллий Кенгашлар билан изчил ҳамкорликни кучайтиришга эътибор берилмоқда.

Шунингдек, сенаторлар томонидан ишлаб чиқилган таклифларни амалга ошириш доирасида ҳудудларда «Янги Ўзбекистон – инвестициялар учун катта имкониятлар мамлакати» шиорини кенг тарғиб қилиш ташаббуси ҳам илгари сурилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер