Волейболчи қизларимиз Марказий Осиё чемпионатида ғолибликни қўлга киритди
Фото: Туризм ва спорт вазирлиги
Наманганда ўтказилган волейбол бўйича У-19 қизлар ўртасидаги Марказий Осиё чемпионати ўз якунига етди. Унда минтақамиздаги 4 та давлат – Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон терма жамоалари ғолиблик учун баҳс олиб боришди.
Аввалига жамоалар давравий гуруҳ босқичида кураш олиб боришди. Унда барча ўйинларни ғалаба билан якунлаган қизларимиз ярим финалга гуруҳ ғолиби сифатида йўл олди.
Ярим финалнинг биринчи ўйинида қизларимиз тожикистонлик дугоналарига қарши баҳс олиб борди ва 3:0 ҳисоби (25:11, 25:16, 25:14) билан ғалаба қозонган ҳолда финал йўлланмасига эга чиқишди.
Иккинчи ярим финал жуфтлигида Қирғизистон ва Қозоғистон терма жамоалари тўқнаш келди ва унда мухлислар муросасиз қарама-қаршилик гувоҳига айланишди. Учрашув 5 партия давом этди. Дастлабки икки партияда ғалаба қозонган қозоғистонлик қизлар бироз хотиржамликка берилишди ва оқибатда мувозанат тикланди. Фақат, ҳал қилувчи тай-брекда Қозоғистон ёшлар терма жамоаси аъзолари вазиятни ўнглашга муваффақ бўлишди: Қирғизистон – Қозоғистон – 2:3 (19:25, 22:25, 25:15, 25:19, 9:15).
3-ўрин учун кечган баҳсда қирғизистонлик қизлар тожикистонлик дугоналарини 3:1 ҳисобида (25:17, 21:25, 25:11, 25:13) мағлуб этишди ва мусобақанинг бронза медалларига эга чиқишди.
Финал ўйини ўз номига муносиб тарзда муросасиз кечди. Гуруҳ босқичида ҳамюртларимиз қўшни қозоғистонлик дугоналаридан 3:0 ҳисобида устун келишган ва бу натижа кўпчиликни ажаблантирганди ҳам. Чунки, мустақиллик йилларида юртимиз волейболчилари на қизлар, на аёллар ўртасидаги мусобақаларда Қозоғистон терма жамоасини мағлуб этишган эди. Фақат, Марказий Осиё чемпионатида вакилларимиз тарихий ғалабага эришди.
Финал баҳсида қозоғистонлик қизлар ўша тарихий мағлубият учун реванш олишни мақсад қилишгани дастлабки дақиқалардан сезилиб турди ва улар 3-партиядан кейин 2:1 ҳисобида олдинга чиқиб олишди.
Бироқ, ярим финалда катта куч йўқотган қўшниларимиз толиқиб қолишди шекилли, кейинги икки партияни бой беришди. Якуний натижа 3:2 (26:24, 24:26, 24:26, 25:20, 15:5), Ўзбекистон фойдасига. Шу тариқа тарихий ғалабага эришган Ўзбекистон У-19 ёшлар терма жамоаси Марказий Осиё чемпионати ғолиблигини қўлга киритди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
- Наманганда 3 та йирик институт битта университетга бирлаштирилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг