Вобкентда пайвандлаш орқали “Аvatar” маҳаллийлаштирилмоқда

11:38 04 Сентябр 2025 Жамият
158 0

Дастурхонга қўйилган узумдан малина ва қулупнай таъмини ҳам ҳис қилмоқчи бўлганларга Вобкент туманидаги Латифсобунгар маҳалласида яшовчи Шерали Болтаевнинг хонадонига боришни маслаҳат берамиз. Асл мутахассислиги биолог бўлган бу тиниб-тинчимас инсон узумнинг “Аvatar” навини маҳаллий шароитга мослаштириб, дуруст натижага эришмоқда.

— Бир гектар ерда мевазор ва токзор барпо этганмиз, — дейди у. — Океанортида, яъни АҚШда яратилган бу навли узумни пайвандлаш орқали кўпайтиряпмиз. Даставвал кичик лабораторияда уни синовдан ўтказдик. Иқлимга тез мослашди. Меваси йирик ва уруғсиз. Истеъмол қилганингизда малина билан қулупнайнинг таъмини ҳис этасиз. Олис масофага ташишга ҳам, узоқ муддат сақлашга ҳам яроқли. Майизининг бозори чаққон.

Айтмоқчи, боғ яратиб, узум етиштириш Шерали Болтаев учун ота касб. Боғбонликни илм билан уйғун ҳолда олиб бораётган бу инсон кам бўлаётгани йўқ. “Аvatar”ни парваришлаш агротехнологиясини чуқур ўрганган миришкор энди кеч кузда ундан қаламча тайёрлаб кўпайтириш ниятида. Шу тариқа у нафақат маҳалладошлари, балки тумандошларида ҳам бозорда ҳар килограмми 100 минг сўмдан юқори турган камёб узум етиштиришга рағбат уйғотмоқчи.

Истам ИБРОҲИМОВ

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер