Владимир Норов Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши аъзоси, ташқи ишлар вазири Ван И билан учрашди
2022 йил 28 июль куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири в.б. Владимир Норов Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирлари Кенгаши мажлисида иштирок этиш учун мамлакатимизга расмий ташриф билан келган Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши аъзоси, ташқи ишлар вазири Ван И билан учрашди.
Ўз навбатида, Ван И Янги Ўзбекистоннинг ички ва ташқи сиёсат соҳасидаги муваффақиятларини юқори баҳолади. Хусусан, Хитой томони ҳар томонлама стратегик шерик сифатида Ўзбекистонда амалга оширилаётган улкан ислоҳот ва янгиланишлар йўналишини қатъий ва изчил қўллаб-қувватлашини алоҳида таъкидлади.
Сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар, илмий-техникавий ва бошқа кўплаб соҳаларда Ўзбекистон-Хитой ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларининг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Икки давлат раҳбарларининг қатъияти ва сиёсий иродаси туфайли кейинги йилларда Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги муносабатлар мисли кўрилмаган ўсиш суръатини намоён этиб, янги амалий мазмун билан бойигани мамнуният билан қайд этилди. Томонлар олий даражада эришилган келишувларни ҳар томонлама ва сифатли амалга ошириш, жаҳон миқёсида бир-бирини қўллаб-қувватлашни давом эттириш, икки мамлакат халқлари фаровонлиги йўлида ҳамкорликнинг янги уфқларини белгилашга интилиши тасдиқланди.
Савдо, транспорт-логистика, тиббиёт ва фармацевтика, ахборот-коммуникация технологиялари, экология ва қишлоқ хўжалиги, туризм, фан ва таълим соҳаларида ҳамкорликни кенгайтиришга оид аниқ таклифлар кўриб чиқилди. Хусусан, Ўзбекистон-Хитой товар айирбошлаш ҳажмини 10 миллиард АҚШ долларига етказиш бўйича биргаликда самарали чора-тадбирлар кўриш зарурлиги қайд этилди. Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилиши бўйича кўп томонлама ишларни жадаллаштириш муҳимлиги таъкидланди.
Икки томонлама ва кўп томонлама шаклларда режалаштирилган тадбирларнинг ташкилий-техник ва мазмуний жиҳатлари юзасидан атрофлича фикр алмашилди.
2022 йил 28-29 июль кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган Ташқи ишлар вазирлари кенгаши ва 2022 йил 15-16 сентябрь кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Давлат раҳбарлари кенгашининг йиғилишларига тайёргарлик кўришга алоҳида эътибор қаратилди. Ван И Хитой томони Ўзбекистоннинг ШҲТга раислиги ва унинг доирасида ўтказилаётган тадбирларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашини маълум қилди.
Учрашувда халқаро ва минтақавий сиёсатнинг долзарб масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Афғонистондаги ҳозирги вазият кўриб чиқилди. Хитой ташқи ишлар вазири Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2022 йил 25-26 июль кунлари Тошкент шаҳрида ташкил этилган «Афғонистон: хавфсизлик ва иқтисодий ривожланиш» мавзусидаги халқаро конференция якунларини юқори баҳолади. Давлатлараро савдони кенгайтириш ҳамда Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш учун янги имкониятлар очадиган «Термиз – Мозори Шариф – Кобул – Пешовар» стратегик темир йўл линияси қурилишини тез орада бошлашни Хитой томони ҳар томонлама қўллаб-қувватлаши билдирилди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг