Витебск ва Наманган вилояти ўртасидаги ҳамкорлик тобора ривожланмоқда
Ўзбекистон ва Беларусь республикаси ўртасидаги стратегик муносабатлар ва давлатлараро ўзаро ҳамкорлик алоқалари тобора кенгайиб, мустаҳкамланиб бормоқда. Бунинг исботини ҳудудлар мисолида ҳам яққол кўриш мумкин. Масалан, бугун Наманганда Беларусь Республикаси ва унинг қатор вилоятлари билан олий таълим, тиббиёт, илм-фан, инновациялар, иқтисодиёт каби йўналишларда истиқболли ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган.
Тугалланаётган ҳафтада Беларус Республикаси Витебск вилояти ижроия қўмитаси делегациясининг гуллар шаҳрига расмий ташрифи ҳамкорлик алоқаларининг яна бир амалий ифодаси бўлди. Бу галги ташриф таълим ва иқтисодиёт масалаларига бағишланди ва айни йўналишларда “Наманган тажрибаси” ўрганилди.
Меҳмонлар дастлаб вилоятдаги етакчи умумтаълим муассасаларидан бири — Наманган шаҳридаги “Президент мактаби”да бўлдилар. Улар бу ерда яратилган шароитлар, ўқув синф хоналари, ошхона тўгарак хоналари, ўқувчилар ётоқхонаси, умуман муассасанинг ўзига хос имкониятлари билан яқиндан танишиб, Янги Ўзбекистон таълим тизими ҳақида батафсил маълумотга эга бўлдилар.
Делегация аъзоларининг навбатдаги манзили Давлатобод туманидаги “Фазман текстиль” масъулияти чекланган жамияти бўлди. Жаҳон бозорида ўзининг мустаҳкам ўрнига эга ушбу корхона юқори натижалари билан замонавий гигант бизнес лойиҳа мақомига эга бўлган. Бу ерда қиймати 40 млн. АҚШ долларига тенг икки босқичли лойиҳа муваффақиятли амалга оширилмоқда. Айни пайтда унинг биринчи босқичи ишга туширилиб, мингта иш ўрни яратилган.
Лойиҳанинг иккинчи қисми якуни билан улар сафига яна уч минг киши қўшилади. Яна бир эътиборга молик томони, корхона Европанинг етакчи давлатларидан бири — Германиянинг “Карл Гросс” ва “Дигел” номи остидаги бренд компанияларига йиллик буюртма асосида катта ҳажмда костюм-шим маҳсулотларини етказиб беради.
“Art soft holding” кластери фаолияти билан танишув ҳам меҳмонларда катта таассурот уйғотди. Мазкур кластер вилоятнинг тўрт туманида иш олиб боради. Бугунги кунда пахта, ғалла ва тўқимачилик маҳсулотлари билан бирга керамика ва чинни идишлар ҳам ишлаб чиқарилмоқда. Бу маҳсулотлар асосан экспортга йўналтирилган. Меҳмонлар кластер “Shоwrооm”ида унинг фаолияти билан яқиндан танишдилар . Бошқа бир текстиль корхонаси — момиқ сочиқ маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Aisha home textile” фаолияти ҳам эътибор марказида бўлди.
— Наманганда саноат соҳасидаги кўплаб тажрибалардан андоза олса арзийди, — дейди Витебск вилояти иқтисодиёт қўмитаси раиси Вероника Заболуева. — Бу ерда текстиль соҳасида кластер усулининг кенг йўлга қўйилганлиги, яъни, пахтани экишдан тортиб, тола ва газламага, ўз навбатида тайёр маҳсулотга айлантириш занжирининг мустаҳкам йўлга қўйилганлиги диққатга сазовор. Иккита эркин иқтисодий ва 72 та кичик саноат зоналари тадбиркорлик субъектлари лойиҳалари ижроси учун қулай майдонга айланганлигини кўриб, айни тажрибани ўзимизда ҳам қўллашни мақсад қилдик.
Беларуслар билан эътирофга арзигулик яна бир ҳамкорлик Республика кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган филиали ва Минск кардиология маркази ўртасида ўрнатилган. Яқинда минсклик тўрт нафар кардиохирург ўн кун давомида Наманганда бўлди. Жараёнлар Беларус пойтахтида имзоланган меморандум ҳужжатини алмашиш ва кардиология соҳасида бугун ҳар икки давлатда кузатилаётган касалликлар, уларнинг тури, сони, даволаш чоралари борасида ўзаро фикр алмашинувидан бошланди. Бунда соҳадаги камчиликлар, ютуқлар, шифокорлар малакаси, жарроҳлик амалиётларининг сифати, умуман соҳага доир барча мавзулар кенг муҳокама этилди. Ташриф давомида беларуслик профессор шифокорлар маҳоратидан унумли фойдаланган ҳолда ҳар куни 4-5 та юқори технологик амалиётлар ўтказилди.
Шунингдек, бошқа соҳаларда, жумладан, олий таълим, жамоат саломатлиги техникумларида ҳам Беларус Республикаси билан алоқалар узвий давом этмоқда. Витебск делегациясининг ташрифи давомида ўзаро ҳамкорликнинг бир қатор янги қирраларида ҳам келишувларга эришилди.
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Башакшеҳир” Туркиянинг гранд клуби билан дуранг ўйнади
- Саккизта гол урилган ўйинда “Барселона” ғалаба қозонди
- Ўзбекистонда нақд пулга уй-жой ва машина олди-сотдиси бекор қилинади
- Соғлиқни сақлаш вазирлиги «Электрон рецепт» тизими бўйича расмий баёнот берди
- “Реал Мадрид” аламли тарзда мағлубиятга учради
- Миллий терма жамоанинг ЖЧдаги ўйинлари қачон ва қаерда ўтиши маълум бўлди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг