Инновацион ҳудудга айлантирилаётган туман (шаҳар)лар ҳокими ўринбосарлари Навоий вилоятида: инновацион ҳудудлар тажрибаси ўрганилди

Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар ҳокимларининг инновацион ривожланиш масалалари бўйича ўринбосарлари икки кунлик иш сафарида Навоий вилоятида бўлишди. Ташрифдан кўзланган асосий мақсад — Кармана ва Қизилтепа туманларида амалга оширилаётган инновацион лойиҳалар билан танишиш, амалий тажрибани ўрганиш ва ўз ҳудудларида жорий этиш имкониятларини кўриб чиқишдан иборат бўлди.
Мазкур ташриф Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 6 июлдаги «2022–2026 йилларда Ўзбекистон Республикасини инновацион ривожлантириш стратегияси»ни тасдиқлаш тўғрисидаги қарори доирасида амалга оширилмоқда. Унда ҳудудларда кичик бизнес субъектлари инновацион фаоллигини ошириш, саноат, қишлоқ хўжалиги, тиббиёт ва таълим соҳаларида илғор технологияларни кенг жорий этиш орқали жадал ижтимоий-иқтисодий ўсишга эришиш белгиланган.
Бугунги кунга келиб мамлакатимизда 28 та туман инновацион фаолиятнинг истиқболли йўналишлари бўйича фаолият олиб бормоқда. Кармана тумани ҳам шундай ҳудудлардан бири бўлиб, бу ерда 2021–2024 йиллар давомида умумий қиймати 19,2 миллиард сўмлик 12 та лойиҳа амалга оширилди. Шундан 11 таси тўлиқ ишга туширилган. Шунингдек, Жаҳон банкининг MUNIS лойиҳаси доирасида қиймати 695 минг АҚШ долларига тенг 5 та лойиҳа босқичма-босқич молиялаштирилмоқда.
Кармана туман ҳокимининг инновацион ривожланиш масалалари бўйича ўринбосари Ўткир Тиллаевнинг таъкидлашича, туманда табиий ресурслардан фойдаланиш, қайта тикланадиган энергия манбаларини ишлаб чиқаришга йўналтириш, ҳамда экологик тоза технологияларни жорий этиш бўйича сезиларли ютуқлар мавжуд. «Баркамол авлод» мактабидаги ёш инноваторлар клуби ва иккита умумтаълим мактабида ташкил этилган акцелерация марказлари орқали ёшлар инновацион фаолиятга кенг жалб этилмоқда. Бу эса «Мирзо Улуғбек ворислари» танловига топширилган аризалар сонининг 3 баробар ошишига сабаб бўлди.
Сафарнинг иккинчи куни Қизилтепа туманида давом этди. Делегация бу ерда қоракўл ва озуқа гранулаларидан юқори сифатли кийим-кечаклар ишлаб чиқариш, янги иссиқлик-бетон маҳсулотлари, қурилиш учун латекс қопламали пахта қўлқоплари ишлаб чиқариш, пуркагичли суғориш тизимлари, шунингдек, сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳалари билан танишди.
Хоразм вилояти Гурлан тумани ҳокимининг инновацион ривожланиш масалалари бўйича ўринбосари Ёрқина Акманова Навоий тажрибаси ўзлари учун жуда фойдали бўлганини таъкидлади. «Вилоятимизда 9 миллиард сўмлик 12 та лойиҳа молиялаштирилиб, 9 таси амалга оширилди. Биз Навоийдаги инновацион ёндашувлардан илҳомланиб, ҳудудимиз шароитига мос лойиҳаларни топишга ва жорий этишга интиламиз», — деди у.
Ташриф давомида инновацион ҳудудлар ўртасида тажриба алмашиш, ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш ва инновациялар орқали иқтисодий ривожланишга эришиш масалалари муҳокама қилинди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар миқдори 10 фоизга оширилади
- Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар хронологияси ёхуд бугунги «уруш»нинг илдизи қаерда?
- Олимлар Альцгеймер касаллигидан ҳимоя қилувчи парҳез ҳақида маълумот беришди
- Доллар курси ошишда давом этмоқда
- Паркентда йилига 20 минг сайёҳни қабул қиладиган туристик мажмуа очилмоқда
- Ўзгаришларни сўз билан уйғотган журналист
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг