Вилоятда «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишларни ўрганиш давом этмоқда

11:10 27 Декабрь 2025 Сиёсат
271 0

Хабарингиз бор, Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси Анвар Туйчиев бошчилигидаги ишчи гуруҳ «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида Қашқадарё вилоятида ҳудудларни кўкаламзорлаштириш, дарахтлар экиш ва парваришлаш, яшил боғлар, яшил жамоат парклари барпо этиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳолатини ўрганмоқда.

Хусусан, ишчи гуруҳ Ғузор туманидаги «Шўртан газ кимё мажмуаси» масъулияти чекланган жамияти томонидан амалга оширилган ишлар билан яқиндан танишди.

Мазкур жамият таъсисчилигида Шўртан қўрғони ҳудудида «Шўртан яшил макон» МЧЖ ташкил этилиб, 131 гектар майдонда 53 минг туп сувсизликка чидамли мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилган ҳамда агротехника қоидалари асосида парвариш қилиб келинмоқда.

Таъкидлаш жоизки, дарахт кўчатлари ҳудуднинг иқлим шароитидан келиб чиқиб танлаб олинган.

Экилган кўчатлар суғорилиши ва парвариш ишлари олиб борилиши алоҳида назоратга олиниб, ушбу майдонда 4 та насос станцияси қурилган.

Шунингдек, кўчатларни суғориш учун замонавий томчилатиб суғориш тизими жорий этилган.

Ишчи гуруҳ кўчатларни агротехник талабларга мос равишда экиш, уларни парваришлаш, касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш тадбирларини тўғри ташкил этишга қаратилган керакли тавсиялар берди.

Бундан ташқари, ўрганишларда йирик саноат корхоналари атрофи ва уларга туташ ҳудудларда ҳамда чиқинди полигонлари атрофларида «яшил белбоғлар» барпо этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ҳудудлардаги ўрганишлар давом этмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер