Вилоят ҳокимлари ва прокурорлари дон корхоналарининг мавжуд ишлаб чиқариш ҳажмларини сақлаб қолишга «боши билан» жавоб беради — Президент

17:47 11 Май 2022 Сиёсат
1081 0

Фото: president.uz

Президент ҳузурида ғаллачиликдаги ислоҳотларнинг энг муҳим босқичига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтмоқда. Бу ҳақда Президент матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.

Йиғилишда ун ва ун маҳсулотларининг бозорда тақчиллигига йўл қўймаслик ва нархлар барқарорлигини таъминлашга вилоят ҳокимлари шахсан масъул ва жавобгар бўлиши таъкидланди.

Мутасаддиларга 1 августга қадар 20 та дон корхонасидаги давлат улушини савдога чиқариш, бир ой муддатда дон корхоналари қошида ташкил этилган нон цехлари ва савдо дўконларини хатловдан ўтказиб, савдога чиқариш топширилди.

«Вилоят ҳокимлари ва прокурорлари яхшилаб эшитиб олсин. Ўзгаришларни баҳона қилиб, жойларда ун ишлаб чиқариш ҳажмларини камайтириб юбориш, нарх-навони асоссиз ўсишига йўл қўйишга «саботаж» деб, сиёсий баҳо берилади.

Шу боис, вилоят ҳокимлари ва прокурорлари дон корхоналарининг мавжуд ишлаб чиқариш ҳажмларини сақлаб қолишга «боши билан» жавоб беради», деди Президент.

Бу борада вилоят ҳокимлари, ички ишлар ва прокуратура органлари раҳбарларига ижтимоий тармоқларда чиқиш қилиб, янги ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, қандай чоралар кўрилиши ва режалари бўйича тушунтириш бериш вазифаси қўйилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?