Вазир ва ҳокимлар янги-янги хизмат турларини кўпайтириш бўйича ҳар куни изланишда бўлади

Фото: Президент матбуот хизмати
Шавкат Мирзиёев раислигида ўтаётган хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантириш бўйича асосий вазифалар муҳокамаси йиғилишида ҳамма ҳудудларда ҳам хизматлар бирдек ривожланмаётгани қайд этилди.
Мисол учун, Нукус туманида ўтган йили 363 миллиард сўмлик хизматлар кўрсатилиб, 22 фоизга ўсган. Лекин аҳолиси ундан 2 баравар кўп бўлган Гулистон туманида хизматлар ҳажми Нукус туманидан 30 миллиард сўмга кам.
Ёки, Наманган шаҳрида жон бошига тўғри келадиган хизматлар 13 миллион сўмга ҳам етмаслиги (Жиззах шаҳрида – 33 миллион сўм) ҳамон «хуфиёна иқтисодиёт» юқорилигидан далолат беради.
Нишон, Янгиқўрғон, Нарпайда IT хизматлари анча орқадалиги, Самарқанд ва Янгиер шаҳри, Мирзаобод, Мирзачўлда молиявий хизматлар ҳажми пасайгани, Қарши шаҳри, Жомбой, Ургут, Урганч, Учтепа туманларида савдо ўсмаётгани, Фарғонанинг 7 та туманида тиббий хизматлар ҳажми қисқаргани танқид қилинди.
Ҳамма вазир ва ҳокимлар янги-янги хизмат турларини кўпайтириш бўйича ҳар куни изланишда бўлиши кераклиги кўрсатиб ўтилди.
Бу йилда хизматлар ҳажмини 15 фоизга ошириб, 82 миллиард долларга, экспортини эса 8,5 миллиард долларга олиб чиқиш, соҳада 2,5 миллион одамни даромадли қилиш бўйича катта марра олинган.
Охирги уч йилда 3 мингта кўп қаватли уй фойдаланишга топширилди, 38 миллион квадрат метр нотурар жойлар пайдо бўлди.
Девелоперларга янги массивлар ҳудудининг 10-15 фоизини нотурар тоифага ўтказишга рухсат берилди. Улар бу мулкни сотишдан, савдо ва сервис тармоқлари эса ижарага ёки лизингга олишдан манфаатдор. Лекин уларни бир-бирига боғловчи тизим йўқ.
Бу борада банкларнинг девелоперлардан мулкларни тўғридан-тўғри сотиб олиш ва тадбиркорларга қулай шартларда ижара ёки лизингга бериш таклифи маъқулланди.
Бу орқали 50 минг квадрат метрли нотурар жойлар муомалага киради, бюджетга 70 миллиард сўм тушум ва 100-150 минг иш ўрни яратилади. Энг муҳими, лизинг шартлари ижарага нисбатан камида 15-20 фоиз арзон бўлади.
Мутасаддиларга девелоперлар билан ишлаб, нотурар жойларни ўзига бириктирилган соҳаларда лизингга бериш бўйича 4 триллион сўмлик лойиҳалар пакетини тайёрлаш топширилди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар миқдори 10 фоизга оширилади
- Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар хронологияси ёхуд бугунги «уруш»нинг илдизи қаерда?
- Олимлар Альцгеймер касаллигидан ҳимоя қилувчи парҳез ҳақида маълумот беришди
- Доллар курси ошишда давом этмоқда
- Паркентда йилига 20 минг сайёҳни қабул қиладиган туристик мажмуа очилмоқда
- Ўзгаришларни сўз билан уйғотган журналист
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг