Вашингтонда АҚШ Конгресси ҳузуридаги «Ўзбекистон бўйича кокуси»нинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди

20:52 10 Июнь 2022 Сиёсат
1429 0

АҚШдаги дипломатик ваколатхонамиз маълум қилишича, 8 июнь куни Вашингтонда шаҳрида Қўшма Штатлар Конгресси ҳузуридаги «Ўзбекистон бўйича кокуси»нинг иккинчи йиғилиши бўлиб ўтди. 

Тадбирда Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси, Конгресс аъзолари, Оқ уй, Давлат департаменти, Пентагон, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID), нуфузли конгрессмен ва сенаторлар маъмурияти вакиллари, ҳамда нодавлат ташкилотлар, халқаро институтлар, шунингдек, АҚШнинг етакчи таҳлил марказлари ходимлари иштирок этишди.

Тадбир аввалида иштирокчиларга Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, мамлакатимиздаги сиёсий ва иқтисодий модернизациясини чуқурлаштириш жараёнлари, шунингдек, хорижий инвестицияларни жалб қилишга қаратилган фаол ишбилармонлик муҳити яратилаётганлиги ҳақида маълумотлар берилди. Бундан ташқари, кенг қамровли Ўзбекистон — АҚШ ҳамкорлигини ривожлантириш истиқболлари, жумладан, тўғридан-тўғри ва ўзаро манфаатли алоқалар чуқурлаштириш истиқболлари айтиб ўтилди.

АҚШдаги элчихонамиз хабарига кўра, Ўзбекистон Кокус ҳамраиси конгрессмен Трент Келлининг сўзларига кўра, ушбу дўстлик гуруҳи ташкил этилган 2018 йилдан буён ҳар икки давлат қонунчиларининг ўзаро ташрифлари сезиларли фаоллашуви кузатилмоқда. Хусусан, сўнгги йилларда Ўзбекистонга 35 дан ортиқ конгрессмен ва стафферлар ташриф буюрган, бу эса, унинг фикрига кўра, Капитолий тепалигида Ўзбекистонга нисбатан доимий ва икки партиявий қўллаб-қувватлаш мавжудлигидан далолатдир.

Бундан ташқари, Конгресс вакилининг таъкидлашича, «Ўзбекистон бўйича кокус» ўз фаолиятини бошлаганида 4 нафар конгрессмен унга аъзо бўлган бўлса, қисқа вақт ичида кокус кенгайиб, аъзо конгрессменлар сонини 17 нафарга етди. «Биз ҳозирги кунда «Ўзбекистон бўйича кокуси»ни икки томонлама стратегик шерикликни кенгайтиришнинг ишончли ва самарали платформасига айлантиришдан манфаатдормиз. Шу муносабат билан яқин вақт ичида ушбу гуруҳи аъзолари сонини 30 нафарга етказиш ниятидамиз», дейди Т.Келли.

Ўз навбатида, Ўзбекистон Кокус кенгаши ҳамраиси, демократ конгрессмен В. Гонсалес Ўзбекистон АҚШ Конгресси кун тартибида муҳим ўрин тутишини таъкидлади. Хусусан, Ўзбекистон мустақиллиги ва суверенитетини қўллаб-қувватлашга ва Ўзбекистон — Америка ҳамкорлигини ривожлантиришга қаратилган АҚШ Конгреси резолюцияси 21 нафар конгрессмен томонидан қўллаб қувватлади. «Биз тез орада АҚШ Конгресси спикери Ненси Пелоси ушбу резолюцияни маъқуллаши учун яна 4 та овоз олишни кутмоқдамиз», таъкидлади П. Карилло.

Конгрессмен В.Гонсалес мамлакатимизга нисбатан «Жексон-Веник» тузатишининг қўлланилишини тўхтатишга қаратилган махсус «HRes-1913» номли қонун лойиҳасини олдинга силжитиш ниятида эканлигини алоҳида қайд этди. Ушбу қонун лойиҳаси Ўзбекистон — АҚШ савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши алоҳида айтиб ўтилди.

«Ўзбекистон бўйича кокус»нинг иккинчи йиғилишида иштирок этган экспертлар ҳамжамияти вакиллари Ўзбекистондаги демократик ўзгаришлар бутун минтақада ижобий янгиланишлар учун замин яратаётганини алоҳида таъкидлашди.

Тадбир якунида мазкур дўстлик гуруҳи ҳамраислари конгрессменлар В. Гонсалес ва Т. Келли томонидан имзоланган «Ўзбекистон бўйича Комиссиянинг иккинчи мажлиси баённомаси» қабул қилинди ва унда аъзо конгрессменлар яна бир бор мамлакатимиз билан кўп қиррали ҳамкорликни янада чуқурлаштириш стратегик аҳамиятга эга экани, икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш ва кенгайтиришга интилишларини маълум қилишди.

Шунингдек, баённомада парламентлараро мулоқотни янада фаоллаштириш, савдо ва сармоявий ҳамкорликни кенгайтириш, ишбилармон доиралар ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларни қўллаб-қувватлашди. Ҳужжатда америкалик вакиллар Конгресснинг бошқа аъзоларини Кокус фаолиятига қўшилишга ҳам чақишди.

Эслатиб ўтамиз, Қўшма Штатлар Конгресси ҳузуридаги «Ўзбекистон бўйича кокуси» 2018 йилда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил топган. Ўрнатилган амалиётга кўра, Кокус икки марта йилда бир маротаба йиғилиб, АҚШ — Ўзбекистон ҳамкорлигини янада ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилади. Ушбу гуруҳ аъзолари, бошқа конгрессменлар, АҚШ расмий ва ишбилармон доиралари вакилларининг биринчи учрашуви 2019 йил февраль ойида бўлиб ўтган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?