Вакцина олгандан сўнг белгиланган талабларга риоя қилинса, “Сovid-19"га қайта чалинмаслик кўрсаткичи юқори — мутахассис

18:12 07 Июль 2021 Жамият
1826 0

Коронавирусга қарши вакцина олганлар орасида ҳам “COVID-19» билан касалланиш ҳолатлари кузатилаётгани ростми?
ССВ Матбуот хизматининг ушбу саволига вазирлик ҳузуридаги Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси, тиббиёт фанлари доктори Нодир ҲАЙДАРОВ жавоб берди:

— Маълумки, бугунги кунда коронавирус инфекциясига қарши курашишнинг энг самарали усули сифатида вакциналарга жуда катта ишонч билдирилмоқда, — дейди Н.Ҳайдаров. — Аҳамиятлиси, дунёнинг айрим мамлакатлари ушбу восита ёрдамида пандемияни жиловлашга эришмоқда. Бу эса вакциналарнинг самарадорлиги қанчалик юқори эканидан далолатдир.

Тўғри, бугун вакцина олганидан сўнг ҳам баъзи инсонларда касаллик қайта аниқланмоқда, бироқ бунинг бир неча сабаблари бор:

Биласиз, юртимизда коронавирусга қарши оммавий вакцинация жорий йилнинг апрель ойидан бошланган эди. Деярли 100 кун бўляпти. Шу вақтгача мамлакатимизга келтирилган уч турдаги вакцинадан бирини ихтиёрий равишда танлаб, эмланганлар организмида иммун ҳимоя таначалари ишлаб чиқилган ва бу жараён ҳали ҳам давом этмоқда.

Дастлаб эмланганларда иммун ҳужайралар ишлаб чиқилишининг максимал ҳимоя кўрсаткичига шу кунларда ва ундан кейин эришилади.

Бугунги кунда шу жараёнда тўлиқ эмланиб улгурмаганлар тўлақонли иммун ҳимояси ҳосил бўлмаган бўлсада, карантин қоидаларига риоя қилмаганликлари боис касалликка чалинмоқда.

Шунингдек, ҳозирги кунда юртимизда касаллик кенг тарқалаётгани учун вакцина билан қамраб олиш контингенти ҳам кенгайтирилди. Яъни, 18 ёшдан катталарнинг барчаси эмланиши мумкинлиги белгилаб берилди.

Аммо аҳоли орасида карантин қоидаларига тўлиқ риоя қилмайдиган инсонлар борки, улар организмига вакцина олаётган вақтда вирус тушган ва касалликнинг яширин даври кечаётган ёки баъзилар бу хасталикни симптомларсиз бошдан ўтказаётган бўлиши мумкин.

Айнан шундай кишиларда вакцина олгандан сўнг ҳам ҳали иммун ҳимоя ишга тушмагани сабабли касаллик юзага чиқиши ва ПЗР-тестда тасдиқланиши кузатилмоқда.

Бундай ҳолларда вакцина олиш вақти ёки олингунига қадар организмга вирус тушган бўлади. Шу сабабли, вакцина бу ерда ўз ишини бажара олмайди, у фақатгина касалликни юзага чиқадиган даврига тўғри келиб қолган бўлади.

Бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун, агарда вакцина олмоқчи бўлган инсонда бемор билан контактда бўлганлиги борасида бирор аниқ жавоб бўлмаса, ПЗР-тест топшириши ва натижа манфий чиқсагина вакцинани олиши мумкин бўлади. Бу каби текширув ўтказиш вакцинанинг бесамар кетишини ҳам олдини олади.

Яна бир гап. Вакцина, айниқса, Astra-Zeneca ва «Спутник V” векторли вакциналар бўлгани боис организмга тушганида, енгил ЎРВИ кўринишида касаллик чақириши уларнинг кўрсатмаларида ҳам келтирилган. Вакцина олгандан кейин бирламчи иммун ҳимоя таначалари 2 ҳафта давомида ишлаб чиқилиши борасида биз доим гапириб келамиз.

Вакцинациядан кейинги даврда енгил ЎРВИ касаллигини бошдан кечириш жараёнида ҳимояланмаган контакт, яъни карантин қоидаларига риоя қилмаслик коронавирусни организмга тушишини келтириб чиқаради.

Хулоса қилсак, вакцинация бу коронавирусдан ҳимояланишнинг энг қулай ва самарали усули эканлигини бутун дунё ва бизнинг давлатимиз олимлари ҳам таъкидлаб келмоқда.

Ўз эътиборсизлигимиз, яъни вакцинани олиш жараёнидаги талаб ва тартибларга, шунингдек, карантин қоидаларига риоя қилмаслигимиз бу касалликни янада ортишини келтириб чиқармоқда. Энг ёмони, вакцинага бўлган асоссиз шубҳа ва ишончсизликни кўпайтирмоқда.

Вакцина тўғрисида кўпроқ билимга эга бўлиш орқали эса ўзимиз ва атрофимиздаги инсонларнинг саломатлигини ҳимоя қилишга эришишимиз мумкин.

Фуқароларга «Вакцина олдим, энди менга вирус юқмайди», демасдан, карантин қоидаларига риоя қилишлари, организмда иммун ҳимояси ҳосил бўлгунга қадар ўзини ва атрофидагиларни асраши лозимлигини яна бир бор таъкидлашимиз фойдадан ҳоли эмас.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?