Вакант ўринларга рақамли технологиялар орқали номзодлар танланмоқда
Нукус шаҳрида Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси филиали томонидан 2023 йил давомида амалга оширилган ишлар юзасидан матбуот анжумани ўтказилди.
Тадбир аввалида Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг Ахборот хизмати раҳбари С. Закирова сўз олиб, Агентлик томонидан амалга оширилаётган ишлар ва раҳбар лавозимларига муносиб кадрларни тайинлаш бўйича яратилган тизим ҳақида гапириб ўтди.
Анжуманда Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси филиали бош инспектори К. Сеитниязов Агентликнинг Қорақалпоғистон Республикаси филиали фаолиятида 2023 йилдаги муҳим кўрсатгичлар юзасидан тақдимот қилди.
Унда келтирилишича, “vacancy.argos.uz” порталида эълон қилинган 1328 та вакант лавозимлар учун 29 мингга яқин номзодлардан ҳужжат келиб тушган. Танлов якунига етган 1231 та вакант лавозимларнинг 549 таси, яъни 45 фоизи малакали ходимлар билан тўлдирилди. Қолган 682 та вакант лавозимларга эса, қайта танлов эълон қилинди.
— Миллий кадрлар захирасига 75 нафар ва салоҳиятли кадрлар захирасига 45 нафар номзод киритилиб, уларнинг 21 нафари раҳбар лавозимларига тайинланди, — дейди Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси филиали раҳбарининг ўринбосари А. Реимбаев. — Фаолиятимиз давомида давлат хизматчиларининг билим ва малакаларини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Бу борада ўтган йилда 1 минг 659 нафар давлат фуқаролик хизматчиларининг билим ва кўникмалари оширилди ҳамда шу йўналишда 46 та семинар-тренинглар ташкил қилинди.
Шу билан бирга фаолиятимизни янада самарали ташкил қилиш мақсадида жамоатчилик орасида ижтимоий сўровномалар ҳам ўтказиб келинади. Ҳисобот даврида 14 та сўровнома ўтказилган бўлса, унда давлат фуқаролик хизматчилари, олий таълим битирувчилари, маҳалла ходимлари ҳамда аҳоли вакилларидан жами 10 минг 865 нафар фуқаролар иштирок қилиб ўзларининг фикрларини билдиришган. Албатта, бунда билдирилган таклиф ва фикрларни биз келгуси фаолиятимизни такомиллаштиришда инобатга оламиз. Бугунги анжуманда ҳам қилинган ишлар ҳақида ахборот бериш билан бирга оммавий ахборот воситалари вакиллари билан очиқ мулоқот қилиб, уларнинг ҳам таклифларини тингладик. Эътиборлиси, вакант ўринларга муносиб кадрларни танлаш борасида инсон омилини камайтириш ва рақамли технологиялар орқали энг салоҳиятли номзодларни танлаш имконини яратишга ҳаракат қилмоқдамиз.
Тадбирда Агентликнинг филиали томонидан вазирлик ва ташкилотларда фаолият кўрсатувчи ходимларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш йўналишида ҳам ўрганишлар ўтказилиши таъкидланди. Бу борада 44 та ўрганиш ҳамда мониторинглар ўтказилиб, натижаси юзасидан 15 та тақдимнома ва 11 та огоҳлантириш хати киритилгани, 15 нафар мансабдор шахс интизомий жавобгарликка тортилгани келтириб ўтилди.
Ғайрат Отажонов, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг