Ваъдалар қўша-қўша, вазият ўша-ўша...
Фахриддин БОЗОРОВ/«Халқ сўзи». Ҳар бир ота-она ўз фарзандини билимли, маърифатли ва юрт тақдирига дахлдор инсонлар бўлиб камолга етишини орзу қилади. Кўркам ва замонавий мактабларда, энг сўнгги русумдаги компьютер синфхоналарида таҳсил олиб, янги Ўзбекистон учун малакали кадрлар бўлиб улғайишини исташади. Бундай саъй-ҳаракатларни Паркент туманидаги “Самаробод” маҳалла фуқаролар йиғини аҳли мисолида ҳам кузатиш мумкин. Улар 1994 йилда аҳолига томорқа учун ер ажратилаётганда 2 гектарини мактаб қурилиши учун қолдиришган эди. Шундан буён ҳеч ким бу ерда иморат ёки бошқа бир хўжалик субъекти қуришга жазм эта олмайди. Чунки одамлар мазкур ер мактабга ажратилганини яхши билишади. Қачонлардир муҳташам илм маскани барпо этилишидан умидвор.
Ота-оналарнинг кўзлари йўлда
Бу жой бўш турмаслиги учун қўшни қишлоқдаги 10-мактабга тажриба участкаси сифатида фойдаланишга рухсат этилган. Тажриба участкаси узумзорга айлантирилган. Ҳар йили 5 тоннадан зиёд ҳосил олинмоқда.
Ернинг бўш турмагани яхши, аммо самарободлик ўқувчилар 3-4 километр йўл босиб, қўшни қишлоқдаги 43-мактабга қатнашаётгани ташвишли. Йўл жуда серқатнов. Гарчи йўл бошида светофор ўрнатилган бўлса-да, ўқувчилар билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисалари тез-тез содир бўлмоқда. Бундан ота-оналарнинг хавотири янада ортган. Боз устига 43-мактаб илгари боғча бўлган, яъни мослаштирилган бинода жойлашган. Спорт зали ва ўқув-лаборатория хоналари мавжуд эмас. Дарс икки сменада ташкил этилган — бошланғич синф ўқувчилари куннинг иккинчи ярмида мактабга боришади. Қишнинг совуқ кунларида 1-синф ўқувчиларининг шунча йўл босиб, мактабга қатнашини тасаввур қилиб кўринг.
— Фарзандларимиз кўз ўнгимизда, ўзимизнинг мактабда ўқиса қандай яхши, — дейди самарободлик Бахтиёр Ҳусанов. — Аммо афсуски, ҳудудимизда мактабга жой бору, иморат йўқ. Болаларимизнинг серқатнов катта трассадан ўтиб, қўшни қишлоқдаги мактабда таҳсил олаётгани ноқулайлик туғдиради. Алоҳида айтишим жоизки, аҳоли 2 гектар ерни мактаб қурилиши учун 30 йилдан буён кўз қорачиғидек асраб-авайлаб келмоқда. Туман раҳбарларига шу ерда мактаб қуриш учун узоқ йиллардан буён мурожаат қиламиз. 2016 йилда “Мактаб қурилар эмиш”, деган гап-сўзлар пайдо бўлди, лекин иш бошланмади. 2018 ва 2020 йилларда ҳам қурилиш инвестиция дастурига кирмай қолди. Ниҳоят, 2022 йилда мутасаддилар “Қурилиш бошланади”, деб ваъдани катта беришган эди. Кейин 2023 йилда пойдевор ташланишини айтишди. Аммо мана, 2024 йил охирлаяпти ҳамки, ваъда ваъдалигича қолиб кетмоқда. Мақсадимиз — ўзимизда илм ўчоғи барпо этилса... Эндиликда давлатимиз раҳбари томонидан мактаб қурган тадбиркорларга катта имтиёзлар берилди. Бу кўнглимизга чироқ ёққандай бўлди. Аммо ҳамон амалий ҳаракат бошлангани йўқ.
Икки йилда 9 та фалокат...
Дарҳақиқат, ота-оналар хавотири бежиз эмас. Катта трассада болалар билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар содир бўлаётгани ачинарлидир. Бу ҳақда “Самаробод” МФЙ раиси Мирсобит Жамолов фикрлари билан қизиқдик.
— Икки ой ичида ўқувчилар билан боғлиқ 4 та йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди, — дейди у. — Масалан, айни пайтда 12 ёшли ўқувчининг қўл-оёғи гипсда. Охирги аварияда эса 11 ёшли ўқувчи жароҳат олиб, шифохонада оғир аҳволда ётибди. Икки йил давомида 9 та авария бўлди, шундан 4 бола оғир жароҳат олиб, ногирон бўлиб қолди. Бу ҳақда биз туман ва вилоят раҳбарларига ёзма равишда маълум қилдик.
Ҳисоб-китобларга кўра, қўшни Наврўз қишлоғидаги 43-мактабга 360 нафар ўқувчи қатнаб ўқияпти. Бундан ташқари, 10-мактабда — 150, 9-мактабда — 40, 4-мактабда — 29, 5-мактабда — 37 ва 1-мактабда 10 нафар маҳалламиз болалари йўл танобини тортиб, таҳсил олмоқда. Шунинг учун ҳам аҳоли маҳалламизда мактаб қурилишини тезлаштиришни сўрашаётир. Агар илмни, маърифатни қадрлайдиган саховатли тадбиркор топилиб, бу хайрли ишга қўл урса, элнинг дуосини оларди.
Энди қиш-қировли кунларни бир кўз олдингизга келтиринг. Айниқса, бошланғич синф ўқувчиларининг шунча йўл босиб, мактабга бориши... Бунинг устига Сўқоқ қишлоғидаги дам олиш зоналарига борувчиларнинг кўплиги туфайли йўл жуда серқатнов. Ёш болалар эса йўлнинг турли қисмини кесиб ўтишига тўғри келяпти.
— Икки нафар фарзандим — Шоҳсанам ва Шамсиддин серқатнов йўлдан ўтиб, қўшни маҳалладаги 43-мактабда ўқийди, — дейди самарободлик Феруза Дадаматова. — Болаларимни ўзим катта йўлдан ўтказиб қўяман. Бир кун бора олмаган эдим, кичик ўғлим Шамсиддин фалокатга учради. Шундан буён кўзи хира кўрадиган бўлиб қолди. Боқувчисини йўқотган оила бўлганимиз учун ўғлимни даволатиш оғирлик қилмоқда. Агар қишлоғимизда мактаб қурилса, кўнглимиз хотиржам бўларди.
Спортга қизиқувчилар кўп, бироқ шароит йўқ
Машҳур “Суюнчи” фильми қаҳрамони Шермат оилавий футбол жамоаси тузмоқчи бўлиб, не-не маломатларга қолганини томошабинлар яхши эслашади. Ҳар гал ўйин пайтида хонадонлардан бирининг деразасининг ойнасини синдиргани эса маҳаллада дуруст стадион йўқлигидан далолат беради. Қарангки, Самаробод маҳалласида ҳам худди шундай ҳолат. Болалар асфальт йўл ўртасида иккита тошни дарвоза қилиб қўйиб, футбол ўйнашади. Қишлоқ ёшларида спортга қизиқиш кучли. Айниқса, улар мамлакатимиз боксчиларининг Париж Олимпиадасидаги улкан ғалабаларига ҳавас билан қарашади. Баҳодир Жалолов, Ҳасанбой Дўсматов каби Олимпиада чемпиони бўлишни орзу қилишади. Орзуга айб йўқ, аммо қишлоқда бокс билан шуғулланиш учун имконият ҳам йўқ-да. Аммо на бино, на шароит бўлмаса-да, спортда муваффақият қозонган 28 нафар ёш бор.
— Агар ҳудудимизда мактаб қурилганида, спортзал ҳам, футбол майдони ҳам бўларди, — дея фикрини давом эттиради самарободлик кураш бўйича халқаро мусобақалар совриндори Ихтиёр Азимбоев. — Бу ерда спортни жон дилидан севадиган ёшларнинг кўплигидан қувонсам, уларнинг дуч келган жойда футбол ўйнаётганига ачиниб кетаман. Ота-оналарнинг таклифи асосида укаларим билан қишлоқда спортзал қуришга киришганимнинг сабаби ҳам шунда. Ҳозирга қадар 80 фоиз ишни уддаладик. Насиб этса, болалар учун эни 21, бўйи 34 метр бўлган спортзални фойдаланишга топширамиз. Давлатимиз раҳбарининг мактаб қурган тадбиркорларга бераётган имтиёзларини эшитган маҳалламиз аҳли яна умид кўзини тикиб турибди. Боиси 2018 йилда Самарободда тадбиркор мактаб қурмоқчи бўлиб, ҳаракат бошлаган эди. Аммо унга рухсат берилмади. Шундан сўнг самарободликларнинг орзулари яна рўёбга чиқмай қолиб кетди. Мана бугун, тадбиркорларга мактаб қуриш учун кенг йўл очилди. Бу имтиёз миллат болаларини илмли, маърифатли бўлишига хизмат қилади. Илм йўлида сарфланган сармоя эса энг савобли ишдир.
Давлатимиз раҳбарининг шу йил 30 сентябрда Ўқитувчи ва мураббийлар куни арафасида соҳа вакиллари билан таълим соҳасида амалга оширилаётган ишлар ва келгусидаги устувор вазифалар юзасидан ўтказган мулоқотида ҳам бу хусусда фикрлар билдирилди. Аҳоли ўсиш даражаси юқорилиги туфайли йилига мактабларда 120 мингта, боғчаларда 30 мингта қўшимча ўринга талаб юзага келаётгани айтилди. Шунингдек, келгуси йили бюджетдан ажратиладиган 3 трлн. 200 млрд. сўм ҳисобидан 375 та мактаб ва 97 та боғча реконструкция қилиниши ҳамда янгилари барпо этилиши маълум қилинди. Демак, ота-оналар мурожаати бўйича Самаробод қишлоғида ҳам 2025 йилда мактаб қуриш учун имконият бор.
— Биз Самаробод қишлоғида мактаб қуришни 2025 йил инвестиция дастурига киритиш таклифини берганмиз, — дейди Паркент тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи Набижон Юнусов. — Ўзи туманимизнинг Самар-обод, Яшнобод, Истиқбол ва Қизилсой ҳудудларида янги мактаб қуришга эҳтиёж мавжуд. Ҳозир Қизилсойда 2 коэффициентга яқинлашиб қолган мактабимиз бор. Биринчи навбатда ўша ҳудудга қурилиши керак. Агар инвестиция дастурига ҳаммаси кирса, тўртала мактабни ҳам бир йилда қуриб берамиз. Асосийси, Самаробод маҳалласида мактабга ажратилган ер бор. Бошқа жойларда эса янги таълим муассасаси қуриш учун жой масаласи муаммо бўлиб турибди.
Ота-оналар Самарободга қўшни маҳалладаги 43-мактаб илгари боғча бўлгани, спортзал ва ўқув-лаборатория жиҳозлари мавжуд эмаслиги ҳақида айтишяпти. Бу мактаб ҳам инвестиция дастурига киритилиб, бир қатор ишлар бажарилган. Тўғри, спорт зали йўқ, лекин туманда битта у мактабда эмас, 9 та мактабда шу аҳвол. Бу бўйича ҳам ҳозир иш олиб бориляпти. Албатта, ота-оналар кўтарган масалаларни имкон қадар тезроқ ҳал этишга ҳаракат қиламиз.
Н. Юнусов айтганидек, бу йил Самар-обод қишлоғида мактаб қурилса, одамларнинг 30 йиллик орзуси рўёбга чиқади. Аммо кўнгилга ҳадик оралайди: бу шунча йил кутиб, тоқати тоқ бўлган аҳоли учун берилган навбатдаги ваъда эмасмикан? Айтинг-айтинг, бу гал ҳам одамлар бармоқ тишлаб, “ваъдалар қўша-қўша, вазият ўша-ўша” деб қолишмасин! Зотан, жадид боболарнинг “Дунёда турмоқ учун дунёвий фан ва илм лозимдур, замона илми ва фанидан бебаҳра миллат бошқаларга поймол бўлур”, деган оташин даъватини ҳеч қачон ёддан чиқармаслигимиз керак.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
- Наманганда 3 та йирик институт битта университетга бирлаштирилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг