V Тошкент Халқаро марафони Париж-2024 Олимпиадасига йўлланма беради

20:02 24 Февраль 2023 Спорт
752 0

Бугун «Бунёдкор» стадионида 12 март куни ўтказиладиган V Тошкент Халқаро марафонига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда Ёшлар сиёсати ва спорт вазирининг ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов, Ёшлар ишлари агентлиги директорининг ўринбосари Дилноза Каттахонова, Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси Бош котиби Камолиддин Рўзимуҳаммедов, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги вакили Лазиз Мингишев ва соҳа мутасаддилари, ОАВ ходимлари иштирок этишди.

Даставвал Шаҳрулло Маҳмудов сўз олиб, мусобақанинг мамлакатимизда оммавий спорт тарғиботи, ёшлар орасида соғлом турмуш тарзини янада кенг ёйишдаги ўрни хусусида тўхталди. Марафонни юқори савияда ўтказиш учун олиб борилаётган ишлар хусусида тўхталди. Шунингдек, Лазиз Мингишев пойгалар талабалар орасида катта қизиқиш уйғотаётгани, бу йилги баҳсларда ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ олий таълим муассасалари қамраб олинаётгани хусусида маълумот берди.

Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси Бош котиби Камолиддин Рўзимуҳаммедов марафон регламенти ва у ҳақидаги асосий маълумотларни гапирди. Унга кўра, айни пайтгача 2200 нафардан ортиқ кўнгилли мусобақада иштирок этиш учун рўйхатдан ўтган. Регистрация якунигача бу рақамлар 5000 нафардан ошиши, пойгаларда 20 дан ортиқ мамлакат вакиллари иштирок этиши кутилаётгани ҳақида қўшимча қилди. Шунингдек, марафон Бутунжаҳон енгил атлетика федерациясидан ташриф буюрадиган экспертлар томонидан назорат қилиниши, унда Париж-2024 нормативини бажарган атлетлар Олимпиада йўлланмасини қўлга киритиши мумкинлигини таъкидлади.

Шундан сўнг ОАВ ходимлари ўзларини қизиқтирган саволлари билан мурожаат қилишди. Камолиддин Рўзимуҳаммедов мусобақани янада оммалаштириш ҳақида тўхталар экан, мобил компаниялар билан ҳамкорлик асосида барча абонентларга марафон ҳақида маълумот смс тарзида юборилишини айтди. Шунингдек, у пойтахтимиздаги баҳслар билан бир вақтда Республикамизнинг барча вилоятларида «Янги нафас» оммавий югуриш мусобақаси ўтказилиши, пойтахтдаги тадбир доирасида болалар учун алоҳида дастур, шунингдек, скандинавча юриш бўйича ҳам тадбирлар ўтказилишини қўшимча қилди.

Маълумот учун, бу йилги пойгалар қуйидаги масофаларда ташкил этилади:

– Классик марафон (42 км, 195 м);

– Ярим марафон (21 км, 97,5 м);

– 10 кмга югуриш;

– 3 кмга югуриш.

Баҳсларга 12 март куни соат 08:00 да старт берилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?