Узунда кўзи ожизлар учун замонавий кутубхона барпо этилмоқда

12:02 08 Январь 2026 Жамият
184 0

Мамлакатимизда ижтимоий соҳани ривожлантириш, аҳоли, айниқса имконияти чекланган фуқаролар учун муносиб шарт-шароитлар яратишга қаратилган ишлар изчил давом этмоқда. Ана шундай эзгу ташаббуслардан бири бугун Сурхондарё вилоятининг Узун туманида амалга оширилмоқда.

Ташаббусли бюджет маблағлари ҳисобидан жами 950 миллион сўм ажратилиб, Сурхондарё вилояти кўзи ожизлар махсус кутубхонасининг Узун туман филиали учун янги, замонавий бино қурилмоқда. Янги иншоот кўзи ожиз ва заиф кўрувчи фуқароларнинг эҳтиёжлари тўлиқ инобатга олинган ҳолда лойиҳалаштирилгани билан аҳамиятли.

Қурилаётган бинода қулай инфратузилма, кенг ва ёруғ ўқув заллари, махсус мосламалар ҳамда замонавий ахборот технологиялари жойлаштирилиши режалаштирилган. Бу эса имконияти чекланган китобхонлар учун билим олиш, маънавий ривожланиш ва жамият ҳаётида фаол иштирок этиш имкониятларини янада кенгайтиради.

Мазкур лойиҳа қурилиш ишларини «Мурод кафолат» хусусий корхонаси амалга оширмоқда.

— Бу кутубхона оддий бино эмас, балки инсон қадри улуғланаётган жамиятимизнинг яна бир амалий ифодасидир, — дейди корхона раҳбари У. Муродов. — Қурилиш жараёнида кўзи ожиз фуқаролар учун барча зарур қулайликларни яратишга алоҳида эътибор қаратяпмиз. Лойиҳани сифатли ва белгиланган муддатда топширишни ўз олдимизга мақсад қилганмиз.

Аҳамиятлиси, ушбу лойиҳа аҳолининг бевосита ташаббуси ва фаол иштироки асосида амалга оширилмоқда. Бу эса жамиятда инклюзив муҳитни мустаҳкамлаш, эҳтиёжманд қатламга бўлган эътибор ва ғамхўрликни янада оширишга хизмат қилади.

Шубҳасиз, Узун туманида барпо этилаётган ушбу замонавий кутубхона келгусида кўплаб юртдошларимиз учун маърифат ва маънавият масканига айланади.

Фарҳод ЭСОНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер