Узумчиликда яхши тажриба орттирган олтиариқликлар

17:02 20 Декабрь 2024 Жамият
241 0

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Узум Олтиариқнинг ўзига хос бренди. Ҳар бир даласи, ҳар бир ҳовлисида узумчилик яхши ривожланган. Туманнинг 72 та маҳалла фуқаролар йиғинидаги 40 мингдан ортиқ хонадоннинг деярли ҳар бирида ушбу мева маҳсулоти етиштирилади.

Айни пайтда туманда 4,5 гектар ерда 25 навдан зиёд узумлар парваришланиб, йилига ўртача 35-40 минг тонна узум экспорт қилинади. Ҳозирда МДҲ, Осиё, Европа қитъаси, араб давлатлари, ҳатто АҚШда ҳам Олтиариқ узуми харидоргир бўлиб улгурган. Олтиариқлик миришкорлар давр талаби асосида жаҳон бозорида харидоргир янги навларни маҳаллийлаштириш бўйича изланишлар олиб бормоқда. Шу мақсадда дунёнинг турли қитъаларидан олиб келинган янги узум навлари маҳаллий иқлим шароитига мослаштирилиб, илмий-амалий тажрибалар амалга оширилмоқда.

Туманда ҳосилни кейинги мавсумгача токда, омборхоналарда сифатли сақлаш бўйича ҳам ўзига хос тажриба шаклланган. Хусусан, тумандаги “Кўлбўйи” маҳалла аҳли йиллар давомида узум етиштириш ва уни сақлашнинг ҳадисини олган. Хусанбой Ғофуров узумчилар сулоласининг бешинчи авлоди. Бу хонадонда қиш чилласида ҳам худди янги узилган, банди кўм-кўк ҳолда сақланаётган узумларни кўриб ҳавасингиз келади.\

— Хонадонимиз томорқасида етиштириладиган 25 навдаги узумларни кейинги йил ҳосили пишгунча сақлаймиз, — дейди “Меҳнаткаш деҳқон” кўкрак нишони соҳиби Ҳусанбой Ғофуров. — Асосан “Келин бармоқ”, “Ҳусайни” навли узум узоқ ва сифатли сақланади.

Узум сақлашнинг уч хил усули бор. Биринчиси, узумни токдан узмай, совуқ об-ҳаводан ҳимоя қилиб сақлаймиз. Кейинги махсус қутиларга жойлаб, анъанавий уй-шароитида сақланади. Энг оммалашган тури, “бакалашка”, яъни пластик идишларда сақлаш ҳисобланади. Кейинги йилларда бу усул анча оммалашди. Пишган узумни калтаги билан кесиб, пластик идишдаги сувга солиб қўйилади. Натижада узум узоқ вақт ўз таъми ва кўринишини йўқотмайди.

Хонадонда узум сақлашга мослашган омборхона мавжуд. Омборда 500 килограммдан 2,5 тоннагача узум сақлаш имконияти бор. Узумчи боғбонинг айтишича, томорқада хориждан келтирилган “Аватар”, “Аливека” каби маҳаллий иқлим шароитига мос серҳосил, экспортбоп уруғсиз узум навларини етиштириш борасида тажрибалар олиб борилмоқда.

Туман маҳаллаларида узумчилик йўналишида агротуризм анъаналари ривожланиб, ўтган йилдан Олтиариқда узум фестивали ўтказиш йўлга қўйилди. Узум етиштириш, сақлаш борасидаги тажрибалар билан яқиндан танишиш, тажриба алмашиш истагида бўлган хорижлик ва маҳаллий сайёҳлар сафи тобора кўпаймоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер