Uzbekistan Airways авиапарки яна битта Airbus А320neo билан тўлдирилди

21:36 27 Июль 2023 Жамият
5906 0

Фото: Юнус Бўриев / “Халқ сўзи”

Бугун, 2023 йил 27 июль куни пойтахт аэропортида навбатдаги Airbus А320neo тантанали равишда кутиб олинди.

Uzbekistan Airways авиакомпанияси ўн тўққизинчи Airbus ҳаво кемасини қабул қилиб олганини маълум қилади. Янги авиалайнер ишлаб чиқарувчининг Тулузадаги заводида Uzbekistan Airways компаниясига топширилди. Анъанага кўра, янги ҳаво кемаси Тошкент аэропортида сув аркаси билан кутиб олинди. Ҳаво кемаси стандарт бир тоифали компоновка тартибида 186 йўловчини ташиш учун мўлжалланган.

Эслатиб ўтамиз, бугунги кунда Airbus А320neo ўз синфидаги энг яхши ўрта масофали ҳаво кемаси бўлиб, барча хавфсизлик ва ишончлилик талабларига жавоб беради. Бу аввалги авлод ҳаво кемаларига қараганда 15% тежамкор, карбонат ангидрид чиқариши эса халқаро стандартларга мувофиқ меъёрдан 50% камроқ.

“Умумий ҳисобда, жорий йил охирига қадар биз ушбу турдаги бешта ҳаво кемасини қабул қилиб олишни режалаштирганмиз. Бугун эса иккинчисини кутиб олмоқдамиз, биринчиси 16 июнь куни Ўзбекистонга етиб келган эди ва дарҳол парвозлар жадвалига киритилиб, халқаро ва маҳаллий йўналишларда парвозларни муваффақиятли амалга ошириб келмоқда” – деди Шухрат Худайкулов, “Uzbekistan Airways” АЖ Бошқарув раиси.

Авиақатновларга бўлган талаб юқори бўлган бир пайтда янги ҳаво кемалари бизга ҳозирданоқ вақтни самарали режалаштириш ва янги йўналишларни очиш масалаларини ҳал қилишга ёрдам беради. Келгусида авиакомпания уларни бизнес класс билан икки тоифали компоновкага айлантириш устида иш олиб боради. Шунингдек, яқин келажакда бренд ливреяни янгилаш режалаштирилган, шунинг учун ўн саккизинчи ва ўн тўққизинчи ҳаво кемалари соддалаштирилган фюзеляж кўринишида қабул қилинмоқда. Авиакомпания янги ҳаво кемасидан Тошкент шаҳри ва вилоятлардан амалга ошириладиган авиақатновларда фойдаланишни режалаштирмоқда. Avialayner BOC Aviation компанияси томонидан узоқ муддатли ижара асосида етказиб берилди.

Шундай қилиб, авиакомпания паркида 30 дан ортиқ Boeing ва Airbus самолётлари, жумладан, иккита А-330 ҳамда Ўзбекистон бўйлаб парвозларни амалга ошириш учун Чехия ишлаб чиқарувчисидан сотиб олинган, қисқа масофага парвоз қилувчи L410 ҳаво кемалари мавжуд.

Ҳаво кемалари сонининг ортиши муносабати билан авиакомпания янги учувчилар ва борт кузатувчиларни тайёрлаш бўйича самарали ишларни бажариб келмоқда. “Ўқув-машғулот маркази” МЧЖ мутахассислари ва Uzbekistan Airways учувчи-инструкторлари томонидан эса экипаж аъзоларини сифатли ўқитиш ва авиакомпанияда фаолият олиб бориш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Янги авиалайнерни Uzbekistan Airways раҳбарияти ва ходимлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, авиаспоттерлар ва Тошкент давлат транспорт университетининг авиация транспорти муҳандислиги факультети талабалари кутиб олди.

Фото: Юнус Бўриев / “Халқ сўзи”

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?