Урганчда янги тиббий клиникалар иш бошлади

17:17 17 Февраль 2025 Жамият
246 0

Одилбек ОДАМБОЕВ/«Халқ сўзи». Мамлакатимизда амалга оширилаётган «Тиббиёт – инсон қадри учун» концепцияси доирасида хусусий тиббиёт муассасаларини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мисол тариқасида айтадиган бўлсак, бугунги кунда Хоразм вилоятида 500 дан ортиқ хусусий клиникалар аҳолига тиббий хизмат кўрсатмоқда. Яқинда улар сафига яна иккита тиббиёт муассасаси қўшилди.

Статистик маълумотлар бўйича вилоятда йилига 16 минг никоҳ ва 43 мингдан зиёд туғруқ қайд қилинар экан. Афсуски, бугунги кунда янги қурилган оилаларнинг айримлари бепуштлик муаммосидан азият чекади. Бепуштликни анъанавий усуллар билан даволаш имконияти бўлмаган ҳолатларда, замонавий технологиялар, жумладан, ЭКУ амалиёти орқали тез фурсатларда ижобий натижага эришиш мумкин. 2019 йилда мамлакатимизда «Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш тўғрисида»ги Қонуннинг қабул қилиниши ёрдамчи репродуктив технологиялар, яъни ЭКУ йўналишини амалиётга татбиқ этиш учун янги имкониятларни яратиб берди. Урганч шаҳрида иш бошлаган «IVF-Medline» ЭКУ маркази ҳам ушбу йўналишда аҳолига тиббий хизмат кўрсатади.

— Қозоғистоннинг 30 йиллик тажрибага эга Репродуктив тиббиёт институти (IRM) ва Ўзбекистондаги «Доктор Д» клиникалари билан ҳамкорликда ўз фаолиятини бошлаётган ушбу клиника нафақат Хоразм вилояти, балки қўшни давлатлар ва вилоятлар фуқаролари учун ҳам хизмат қилади, — дейди клиника раҳбари Қудрат Жуманиёзов. — Шу билан бир қаторда клиникамиз вилоятда тиббий туризмнинг ривожланишига, оилавий ажримларнинг олдини олишга ҳам катта ҳисса қўшади. Айни кунда клиникада 20 нафар тиббий ходимлар иш билан таъминланган бўлиб, келгусида иш ўринларини янада кўпайтириш кўзда тутилган.

Урганч шаҳрида яна бир тиббий муассаса — «Grand Kardio Pro» хусусий клиникаси ҳам иш бошлади. Мазкур клиника юрак-қон томир касалликларини эрта аниқлаш ва даволашга ихтисослашган бўлиб, АҚШ, Россия, Хитой, Германия, Жанубий Кореяда ишлаб чиқарилган 74 турдаги тиббий асбоб-анжомлар билан жиҳозланган. Клиниканинг кардиология, кардиожарроҳлик, реанимация бўлимларида 44 та стационар шифо ўринлари мавжуд, шунингдек, консультатив поликлиника, функционал диагностика ва лаборатория, ангиография амалиёти хонаси фаолият кўрсатади.

Клиникада ўз соҳасининг етук, тажрибали мутахассислари томонидан 24/7 режимида туну кун нафақат Хоразм вилояти, балки бошқа вилоятлардан келадиган беморларга ҳам юқори малакали тиббий хизмат кўрсатилади.

Янги тиббиёт муассасаларининг очилишига бағишланган тадбирларда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?