Урганчда математикларнинг халқаро конференцияси давом этмоқда
Фото: Халқ сўзи
Урганч давлат университетида замонавий математиканинг долзарб муаммоларига бағишланган биринчи ал-Хоразмий халқаро конференцияси давом этмоқда. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон Фанлар академиясининг Романовский номидаги математика институти, Калифорния университети, Ўзбекистон миллий университети ҳамда Нукус давлат педагогика институти ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу анжуманда хорижий олий таълим муассасалари, илмий марказларнинг қирққа яқин, юртимиздан юздан зиёд математик олимлар «офлайн» ва «онлайн» тарзда иштирок этмоқда.
Хоразм заминида азалдан математика йўналишида кучли мактаб шаклланган бўлиб, бу анъаналар бугунги кунда ҳам изчил давом этмоқда. Вилоятда ал-Хоразмий номидаги жамғарма ва халқаро илмий марказни ташкил этиш рeжалаштирилган бўлиб, мазкур конференция ана шу йўлдаги дастлабки қадамлардан биридир.
— Алгоритм асосчиси Муҳаммад ал-Хоразмий ватанида ўтказилаётган халқаро конференцияда иштирок этаётганимдан жуда мамнунман, — дейди Калифорния университети академиги, дунёга машҳур математик олима Светлана Житомирская. — Конференциянинг ялпи йиғилишларида ва бешта шўбага бўлинган ҳолда ўтказилаётган илмий мунозараларда дунёнинг етакчи олимлари, шунингдек, ёш тадқиқотчиларнинг илмий маърузалари билан танишяпмиз. Бир ҳафта мобайнида Урганч давлат университетида ўзбекистонлик ва америкалик докторантлар ҳамда талабаларга маърузалар ўқийман. Шу билан бирга бу қадимий воҳанинг маданияти, тарихи билан яқиндан танишиш ниятидаман.
Конференция доирасида дунё тан олган таниқли математик олим, Хоразмда ўзига хос математика мактабини яратган академик Азимбой Саъдуллаев таваллудининг 75 йиллик юбилейига бағишланган тадбирлар ҳам ўтказилади.
Одилбек Одамбоев «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
- Наманганда 3 та йирик институт битта университетга бирлаштирилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг