Унутилаёзган миллий болалар ўйинлари

Халқ ўйинлари болалар учун жуда қизиқарли ҳисобланган. Бу ўйинларнинг қоидалари осон ва тушунарли бўлган. Шунинг учун боғча боласидан тортиб, катталаргача биргаликда ўйнашган. Кейинчалик ота-оналар бандлиги ва болалари билан тўлиқ мулоқот қила олмаслиги сабабли уларни қўғирчоқлар, машиналар ва турли ўйинчоқлар билан машғул қилган. Боғчаларга борсангиз ҳам шкафлардан тортиб, кўргазмали залларгача темир, елим ва матоли ўйинчоқлар эгаллаб олган. Буям яхши, бола ўйинчоқлар орқали дунёни ўрганади. Аммо бу болаларнинг ички дунёсини бойитишга камлик қилади.
Хўш, бугун боғча опаларнинг ўзлари болаларга ўргатиши учун миллий болалар ўйинларидан хабардорми? Бугунги кунда болалар кўпроқ замонавий ўйинларга берилиб кетмоқда. Планшет, телефон ва компьютер ўйинлари уларнинг асосий қизиқишига айланиб улгурди. Эртадан-кечгача бир жойда ўтириб фақат телефон экранидан кўз узмайди. Ҳаракат камлиги сабабли ортиқча вазнли болалар кўпайиб бормоқда. Асабий, жиззаки, ҳатто компюьтер ўйинлари сабабли кўзойнак тақаётганлар ҳам кўп. Натижада аждодларимиздан мерос бўлиб келаётган миллий ўйинлар аста-секин унутилмоқда. Ҳолбуки, миллий ўйинлар халқимиз тарихи, қадриятлари ва турмуш тарзининг ажралмас қисмидир.
Бувимнинг айтишларича, миллий ўйинларнинг фойдаси беқиёс, улар боланинг соғлом улғайишига, ақлини чархланишига ва ҳаракатчан бўлишига ёрдам беради. Аслида ҳам халқимиз азал-азалдан “Чиллак”, “Мак-мак” “Оқ теракми, кўк терак” “Қиз қувлаш” “Арқон тортиш” “Яшинмачоқ” “Кўр-кўрона” “Тош ўйини” каби ўйинлар орқали болаларни чиниқтириб жисмонан бақувват ва ақлан тетик қилиб тарбиялаган. Биз ҳам болалигимизда “Мак-мак” “Оқ теракми, кўк терак” ўйинларини кўп ўйнардик. Бу ўйинлар нафақат тезкорликни оширади, балки болаларда чаққонликни, сабр-тоқат, дўстлик, аҳиллик ва жамоавийликни шакллантиради, куч бирликдалигини ўргатади. Шифокорларнинг фикрича, миллий ўйинлар болаларни чиниқтиради ва соғлом бўлиб вояга етишига хизмат қилади. Психологлар бу ўйинлар болаларнинг руҳиятига ижобий таъсир кўрсатишини, уларни қувноқ, фаол, эпчил бўлишида муҳим аҳамиятга эгалигини таъкидлайди. Шу сабабли миллий ўйинларни мактаб дарсликларига, боғча машғулотларига янада кўпроқ киритиш лозим. Боғчаларда эса ҳар жума болаларга халқ ўйинларини ўргатадиган маданий кун сифатида белгиланса яхши бўларди. Чунки бу ўйинларнинг тарбиявий аҳамияти ниҳоятда катта.
Миллий ўйинлар халқимизнинг бебаҳо мероси, аждодлардан қолган тарбия мактабидир. Уларни асраб-авайлаш ёшларимизга ўргатиш ва кенг тарғиб қилиш барчамизнинг бурчимиздир. Чунки миллий ўйинлар болаларни ҳам ақлан, ҳам жисмонан соғлом қилади. Ушбу миллий қадрият даражасидаги баҳслар авлодлардан авлодларга ўтиб, абадий яшаб қолади.
Нозима АШУРОВА,
Ўзбекистон журналистика ва оммавий
коммуникациялар университети
талабаси.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- Қондаги глюкозани пасайтириш учун кечки овқатланишнинг идеал вақти маълум бўлди
- Сардобанинг сири нимада?
- Камчатка соҳилларидаги кучли зилзиладан сўнг Ўзбекистон Консуллиги ватандошларимизга мурожаат қилди
- Бухоролик докторант ниманинг эвазига Президент совғаси – автомобилга эга бўлди?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг