Умра хизматларини лицензиясиз реклама қилган турфирмалар жаримага тортилди

16:29 05 Апрель 2025 Жамият
311 0

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси туроператорлар томонидан «Умра» тадбирини ташкил этиш ва ўтказишга оид рекламаларнинг қонунийлигини ўрганди. Бу ҳақида қўмита матбуот хизмати хабар берди.

Унга кўра, ўтказилган ўрганишлар натижасида, Наманган, Навоий, Фарғона, Хоразм, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармалари томонидан, лицензия ҳужжатлари мавжуд бўлмаган ҳолда рекламалар жойлаштирган жами 7 та тур фирма аниқланган.

Дастлабки маълумотларга кўра, лицензия ҳужжатлари мавжуд бўлмаган ҳолда реклама жойлаштирган фирмалар, «EMIR VOYAGE», «MAKAN UNITED TRAVEL GROUP», «EZOFAYZ», «MURABBIY TRAVEL», «ZAYTUN TOURISM», «SMART SYSTEMS COMPANY» ҳамда «NAZIR TRAVEL N1» МЧЖлар эканлиги ойдинлашган.

Мазкур туроператорларга нисбатан «Реклама тўғрисида»ги Қонун талаблари бузилиши аломатлари билан ишлар қўзғатилиб, ишни кўриб чиқиш якунлари юзасидан молиявий жарималар қўлланилган.

Бундан ташқари, қўмитанинг Наманган ва Фарғона вилоятлари ҳудудий бошқармалари томонидан, жами 5 та («Боғдодликлар Телеграм канали админлари Н.Шукуруллаев ва Р.Усмонов», «Zaytun_Travel_official» , «Musaffo turizm», «Dastorqozi_202 MILLIY TAOMLARI») туроператор мансабдор шахслари ҳамда Телеграм админлари юқоридаги каби қонунчилик талаблари бузилиши юзасидан маъмурий жавобгарликка тортилган.

Шунингдек, 12 дан ортиқ лицензияга эга бўлмасдан реклама материаллари тарқатаётган ахборот ресурсларини юритувчи шахсларга аниқлик киритиш мақсадида Ички ишлар вазирлиги, Киберхавфсизлик марказига мурожаат қилинган.

«Ҳурматли фуқаролар, нотўғри, ишончсиз ва шубҳали реклама ахборотлари берилган ҳолатлар кузатилса ёки бундай ахборот туфайли зарар кўрган тақдирингизда Рақобат қўмитасининг ягона ишонч рақами, 1159 га мурожаат қилишингизни сўраймиз», — дейилади хабарда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?