«Умид қиламанки, кийимларим муҳтожларга берилади»: 10 ёшли фаластинлик боланинг васиятномаси БМТ Бош Ассамблеясида ўқиб эшиттирилди

16:35 25 Сентябр 2025 Дунё
139 0

Фото: «Al Jazeera»

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси йиғилишида фаластинлик 10 ёшли Раша исмли боланинг васиятномаси тадбирда қатнашаётган дипломатларга ўқиб эшиттирилди. Бу ҳақида «Al Jazeera» нашри маълум қилди.

Хабарда айтилишича, жорий йилнинг июнь ойида Исроилнинг Ғазога қилган ҳужуми вақтида ҳалок бўлганлардан таъсирланган 10 ёшли Раша исмли фаластинлик болакай ўз васиятномасини ёзишга киришади.

Кеча, 24 сентябрь куни ушбу васиятнома сўнгги икки йил давомида Ғазода кўнгилли бўлиб ишлаб келган америкалик шифокор Тайр Аҳмад томонидан БМТ Бош Ассамблеяси қатнашчиларига ўқиб эшиттирилган.

«Агар мен шаҳид бўлсам ёки оламдан ўтсам, илтимос, мен учун йиғламанг, чунки сизнинг кўз ёшларингиз мени азоблайди. Умид қиламанки, менинг кийимларим муҳтожларга берилади», — дея ёзилган ушбу васиятномада.

Шифокор Аҳмаднинг сўзларига кўра, Раша ўз васиятномасида қолган буюмлари ака-укаларига бўлиб берилиши кераклиги ҳамда ота-онаси унинг 11 ёшли акасига кўп бақирмаслигини сўраган.

Маълум бўлишича, 10 ёшли Раша ушбу васиятномасини ёзганидан салкам уч ой ўтиб, Исроилнинг навбатдаги ҳужумлари оқибатида ҳалок бўлган.

Рашанинг ушбу васиятномаси 70 дан ортиқ давлатдан ташриф буюрган дипломатлар томонидан Ғарбий Соҳил ва Ғазодаги фаластинлик болаларни ҳимоя қилишга қаратилган маърузалар вақтида ўқиб эшиттирилган.

Ғазо соғлиқни сақлаш расмийлари берган маълумотларга кўра, 2023 йилнинг октябрь ойидан буён Исроил ҳужумлари оқибатида Ғазода 20 мингдан ортиқ бола ҳалок бўлган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?