Улуғбек Лапасов Ўзбекистоннинг илк Кубадаги фавқулодда ва мухтор элчиси бўлди

12:38 21 Ноябрь 2024 Сиёсат
371 0

Фото: Dunyo AA

Ўзбекистоннинг Кубадаги фавқулодда ва мухтор элчиси Улуғбек Лапасов Куба Президенти Мигель Марио Диас-Канель Бермудесга ишонч ёрлиқларини топширди. Шу тариқа, дипломат мустақиллик давридаги Ўзбекистоннинг илк Кубадаги фавқулодда ва мухтор элчиси унвонига сазовор бўлди. Бу ҳақда «Дунё АА» хабар берди.

Маълум қилинишича, тантанали маросимдан сўнг ўтказилган суҳбат чоғида Куба раҳбари Ўзбекистон билан дўстлик ва ўзаро ҳурмат асосидаги муносабатларга алоҳида аҳамият қаратишини таъкидлади. Шунингдек, Куба ҳукумати Тошкент билан сиёсий мулоқотни фаоллаштириш ва ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қизиқиш билдиргани қайд этилди.

Мигель Бермудес икки давлат ўртасида савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда, шунингдек, соғлиқни сақлаш ва туризм йўналишларида ҳамкорликни янада чуқурлаштириш учун катта салоҳият мавжудлигини таъкидлади. Куба Президенти Ўзбекистон Президентига ўзининг энг яхши тилакларини етказишни сўради. Учрашув муносабати билан ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди.

Улуғбек Лапасов Гаванада бўлган вақт давомида Кубанинг миллий қаҳрамони Хосе Марти ҳайкалига гул қўйиш маросимида иштирок этди. Шунингдек, у Кубанинг ташқи ишлар вазирлиги, парламенти ва соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбарлари билан учрашувлар ўтказди. «БиоКубаФарма» биотехнология ва фармацевтика компаниялари гуруҳи билан ҳам музокаралар ташкил этилди.

Ўзбекистон ва Куба ўртасида дипломатик муносабатлар 2006 йилнинг 13 мартида ўрнатилган. Улуғбек Лапасов 18 йил ичида Кубага тайинланган биринчи элчи ҳисобланади. У 2023 йил 3 август куни Ўзбекистоннинг Нью-Йоркдаги БМТдаги доимий вакили лавозимига ҳам тайинланган эди.

42 ёшли Улуғбек Лапасов Тошкентдаги Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ҳамда хорижий ўқув дастурларини тамомлаган. ТИВ тизимида стажёр сифатида иш бошлаб, марказий аппарат ва хориждаги элчихоналарда фаолият юритган. У француз, инглиз ва рус тилларини мукаммал билади.

Қайд этиш керакки, мамлакатлар бир-бирининг ҳудудида дипломатик ваколатхоналарга эга эмас. Февраль ойидан буён Кубанинг Озарбайжондаги элчиси Карлос Валдес де ла Консепцион Кубанинг Ўзбекистондаги элчиси вазифасини бажариб келмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер