Улуғ олимнинг инсоний фазилатлари

09:25 07 Май 2022 Маданият
2868 0

Фото: Архив сурат

Ўз даврининг етук олими, устоз Ботирхон Валихўжаев чин маънода устозликнинг залварли юкини зиммасига олган зиёлилардан бири эди. Инсонийлик ва олимлик хислатлари бу инсонда уйғун ва мукаммал кўринишда бўлган. Устозни бугун хотирлар эканмиз, унинг гўзал инсоний фазилатлари, қанчадан-қанча ёшларга йўл-йўриқ кўрсатиб, ҳаётда ўз ўрнини топишига кўмаклашгани, мамлакатимизда илм-фан ривожига қўшган ҳиссаси беқиёс бўлгани хаёлдан ўтади.

Биричи талаби — ҳалоллик ва илмий далилларга асосланиш

Устознинг илмий-педагогик соҳада шогирдларига қўядиган биринчи талаби — ҳалоллик, асл манбаларга суяниш, илмий далилларга асосланиш эди. Домла араб ёзувидаги қўлёзма манба қайси тильда ёзилган бўлишидан қатъи назар, оригиналида эркин ўқирди ҳамда уни илк тадқиқотчи сифатида таҳлил ва талқин қиларди. Шогирдларидан ҳам ҳар қандай ёзма манбани тадқиқ этишда ишга худди шундай ёндашишни талаб этарди. Шу сабабли домланинг шогирдлари нафақат адабиётшунос, балки манбачи ва матншунос, тарихчи ва шарқшунос бўлиб ҳам етишар эди.

Устоз раҳбарлигида аспирантурада халқимизнинг улуғ шоири Машрабнинг бадиий адабиётдаги талқини мавзусига оид тадқиқот ишини олиб бордим. Қўлимда Машраб ҳақида маълумот берувчи иккита нодир қўлёзма бўлиб, улардаги маълумотларнинг ўзи ҳам ишимни якунлашга етар эди. Бироқ Ботирхон Валихўжаев шоирнинг 15 йиллик умри ўтган Қашқар атрофи ва Или водийсига бориб, у ердаги манбалар асосида тадқиқот ишимни янги маълумотлар билан тўлдиришни маслаҳат берди. Шу боис Хитойнинг Шинжон ҳудудига бориб, Машрабнинг Йоркент хонлигидаги фаолиятини ўргандим, қимматли маълумотлар тўпладим. Эски ўзбек (чиғатой) тилида ижод қилган бошқа шоирлар ҳақида ҳам янги манбаларни қўлга киритдим.

Устозга изланишларим натижаларини, хулосаларимни тақдим қилдим. Улар ўзига хос эди: биринчидан, Машрабнинг асл оти Бобораҳим эмас, Раҳимбобо экан. Иккинчидан, Машраб Маккага борган ва ҳожи бўлган. Учинчидан, Йоркент хонлигида Машрабдан ташқари чиғатой тилида 20 дан зиёд адиблар ижод қилган... Бу ҳақдаги маълумотлар билан танишган устоз «Қашқардан хазинани олиб келибсизку», деди кўзлари чақнаб.

«Диссертациямда Машрабни Бобораҳим деб атайми ёки Раҳимбобо? Дарсликларда Бобораҳим дейилган, манбаларда Раҳимбобо», деб сўраганимда, устоз «Мулло Валий билан муҳтарама Биби Салима туғилган фарзандларини қандай аташган?» деб саволимга савол билан жавоб берди. Сўнг «шоирни ота-онаси атагандек Раҳимбобо атанг, бу ҳам ўзига хос бир янгилик бўлсин. Машрабнинг бадиий қиёфаси акс этган ҳаж сафари ҳақидаги янги маълумотларни ҳам бу ишингизда эълон қилинг, бу катта янгилик! Шарқий туркистонлик номаълум шоирлар ҳақидаги маълумотларни эса кейинги илмий ишларингизда эълон қилсангиз, яхши бўлади», деди.

Устознинг бутун илмий фаолиятимни қолипга солиб берган ўгитлари илмий ишларим ёки ёзган китобларим учун доим йўлчи юлдуз бўлиб келмоқда. Шу кўрсатмалар асосида «Раҳимбобо Машраб ва унинг бадиий адабиётдаги талқини» мавзусидаги номзодлик диссертацияни ҳам, «Ўзбек — Хитой адабий алоқалари генезиси: фольклор ва адабиётда муштараклик» номли докторлик ишини ҳам муваффақиятли ёқладим. Афсуски, фан доктори бўлишимни жуда истаган уч азиз инсон — онам, отам ва улуғ устозим кўрмади. Улар бунгача фоний дунёни тарк қилган эди.

Ўз даврининг мутасаввуфи

Ўтган асрнинг 90 йиллари бошларида демократия шамоли эсиб, адабиётда «диний-клерикал», «сарой адабиёти» деб номланиб келинган шоирлар ижодига, диний манбаларга қизиқиш анча кучайди. Ўша вақтлари устоз Ботирхон Валихўжаев раҳбарлик қилаётган кафедрада ўқитувчи бўлиб иш бошлаган кезларим эди. Бир куни домла кафедра ўқитувчилари билан уч саволдан иборат сўровнома ўтказди. Бу саволлар ичида «Адабиётни ўрганмоқ учун Қуръони каримни ўқув жараёнига татбиқ қилмоқ керакми?» мазмунидаги савол ҳам бор эди. Мен шу саволга бошқалардан фарқли ўлароқ «Йўқ» деб жавоб бердим.

Тушликка яқин стол атрофида кафедра аъзолари билан сўровнома жавоблари муҳокамаси бўлди. Устоз Ботирхон Валихўжаев ҳамманинг олдида мендан «Сиз адабиёт дарсларида Қуръони карим китобининг ўқитилишига қаршимисиз?» деб сўради. «Албатта, устоз», дедим. Атрофдагиларнинг жиддий қиёфасидан бунга норозилиги сезилиб турарди. «Ундоқ бўлса, фикрингизни бизга тушунтириб берсангиз», деди Ботирхон Валихўжаев.

«Қуръони Карим оддий китоб эмас! У филологлар таҳлил қиладиган бадиий ёки илмий асар ҳам эмас, у Яратган эгамнинг каломи! Бу китобни ўрганмоқ учун, аввало, араб тилининг зеру забарлари, ислом фалсафаси мағзини англашдан ташқари, ҳам жисмонан, ҳам руҳан таҳоратли бўлишимиз, тилимиз, кўзимиз, сўзимиз пок, бир оз бўлсада, шариат қоидаларидан хабардор бўлишимиз зарур. Ҳозирги ҳолатимизда бу илоҳий китобни ўрганишга муносиб ҳам эмасмиз, тайёр ҳам эмасмиз, деб биламан», дедим. Устозим табассум қилиб, «Раҳмат сизга!» деб, қўлимнинг устига қўлини қўйди.

Дарҳақиқат, устоз бўлар-бўлмасга дин, тасаввуф ҳақида гапираверишни, билиб-билмай уларнинг муаммоларига аралашаверишни маъқул кўрмас эди. Мутасаввуф билан сўфийни фарқлаш кераклигини, мутасаввуф сўфий, сўфий эса ҳар доим мутасаввуф бўла олмаслигини таъкидларди. Гарчи устоз Хожа Аҳрор Валий ҳақида рисолалар ёзган бўлсада, улардаги маълумотларни ривоят, афсона ёки тахмин нуқтаи назаридан эмас, балки аниқ-тиниқ фактлар асосида келтирган, гарчи устознинг ўзи даврининг мутасаввуфи эрсада, Хожа Аҳрор Валий ҳақидаги маълумотларда тасаввуфнинг назарий томонларига урғу беришни ортиқча иш деб билган.

Устоз валиймиди?

Устозда инсон психологиясини англаш хислати жуда мукаммал тарзда ривожланганди. Бу инсонда ростдан ҳам аллақандай ғайритабиий хусусиятлар шаклланганди. Домланинг ҳали юз бермаган нарса-воқеаларни олдиндан айтиб турадиган хислатлари бор эди.

Бунга бир мисол. Кафедрада ўқитувчилар дарс соати тақсимотлари билан мен шуғулланар эдим. Бир куни деканимиз Тоҳир Қурбонов мендан шу тақсимотни келтиришимни сўраганида негадир бу қоғозларни топа олмадим. Тақсимот уйда ҳам, кафедрада ҳам йўқ эди. Мендаги безовталикни кўрган домла «Сиз излаётган қоғозлар маъруза қилган минбар устида қолиб кетган», деган ва ҳақ бўлиб чиққан эди. Бир неча марта устоздан дарсларимга оид китобларни ёки зарур маълумотни сўрамоқчи бўлиб, хаёлимга келтирганимда «у китоб фалон жойда» ёки «фалон манбани кўринг, ўша ерда жавоб бор», тарзида маслаҳат берар эди. Айтилмаган саволга овозли жавобни эшитиш бир оз ноодатий туюларди...

Ботирхон Валихўжаев Хожа Аҳрор Валий ҳақидаги изланишларини давом эттираётган бир пайтда Мирзо Улуғбек, унинг етук шогирдлари ва Абдулатиф Мирзо, падаркушлик ва ноқобил фарзанд психологияси ҳақида суҳбатлашиб қолдик. Устоз фикрларини хулосалаб, илм йўлида заҳмат чекаётган шогирдларининг ўзи учун маънавий фарзанд эканлигига урғу берди. Домланинг фикрича, бу фарзандларнинг дунёга келишига гарчи устоз сабаб бўлмаган эсада, лекин унинг зиёсидан, берган илмидан инсон сифатида шакллангандир.

Устоз отанинг пушти камаридан бўлган ўғлонлар баъзан оталар истагандек эмас, бошқача ҳам бўлиши мумкинлигини юқоридаги тарихий ҳолатлар мисолида куюниб гапирди. Сўнг менга қараб, савол берди: «Сизнинг-ча, жисмоний фарзанд устунми ёки маънавий фарзанд?» Мен негадир домланинг бунчалик таъсирланишини кутмаган эдим, шошиб, «Икки тоифадаги фарзандлар ҳам бирдек азиздир», деб жавобни қисқа қилдим. Устоз бир оз жим турдида, сўнг деди: «Маънавий фарзанд устун экан!»

Бу савол ва жавобда мен оталарнинг ишончини оқлолмаган фарзандлар ҳақида умумий бир хулосани англагандек бўлдим.

Видолашув дуоси

2005 йил август ойининг охирларида, устоз вафот этишидан уч кун олдин тилшунос олим Толиб Жўраев билан бирга хонадонига бордик. Уй ичидагилар беморни асраш мақсадида четдан келувчиларни ичкарига киритмаётган, домла ҳолдан тойган ва кўп ҳам ҳаракатланмаётган экан. Биз ҳам қайтмоқчи бўлиб энди шайланган эдикки, устоз келганлигимизни қайдандир билиб, чақиртирди. Биз домла ётган уйга кирмай, бўсағага яқин жойдаги курсиларга ўтирдик, уй ичида тўшакда ётган устозим билан сўрашган бўлдик. Устоз базўр белигача қаддини кўтардида, икки қўлини дуога очди. Мен умрим бино бўлиб бунақа таъсирли ва узун дуони эшитмаган эдим. Устознинг товушлари титрарди. Тушундимки, устоз бизни алқаш асносида аслида видолашарди. Кўзимиздан ёш оқди, ўрнимдан туриб бориб устозни, оёқларини маҳкам қучмоқчи бўлдим. Бироқ йўлимни тўсишди. Бунга рухсат йўқ экан. Устоз билан кўз-ёш қилиб хайрлашдик...

Устоз Ботирхон Валихўжаев барчага ибрат бўладиган хокисор инсон, чин маънодаги зукко олим сифатида умр кечирди. Домланинг ҳар бир дарси адабиётшунослик учун кичик бир кашфиёт эди. Афсуски, ўша вақтда факультетда на диктофон, на магнитофон бўлмаган, олтинга тенг маърузалар ёзиб олинмаган. Устоз бир дарсини ҳеч қачон иккинчи марта шу тарзда такрорламас, аудиторияларга қоғозсиз, маъруза матнисиз кирар, мавзуни тўхтамай, ёддан қўнғироқдан қўнғироққа довур сўзлар эди. Устоз дарс вақтини жуда қизғанар, ҳатто дақиқа ва сонияларни бекорга сарфламас, шу сабабли дарс вақтида талабалар йўқламасини қилмасди. Йўқлама қилмасликнинг бошқа бир сабаби ҳам бор эди: талабалар домланинг дарсини сира қолдирмасди. Ҳатто бошқа курс, факультет талабалари ёки оддий адабиёт ихлосмандлари келиб, домланинг дарсларини тинглашга, суҳбатини олишга муштоқ эди. Афсуски, бундай мукаммал инсонлар ҳаётда жуда-жуда кам, дунёга ҳам балки юз йилда бир келар...

Шукронамиз шуки, Ботирхон Валихўжаевдек етук олим, кенгфеъл, самимий инсон, миллатимиз ойдини биз билан замондош бўлди.

Эркин МУСУРМОНОВ,

Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университетининг 

Буюк Ипак йўли илмий-тадқиқот маркази бошлиғи, 

филология фанлари доктори, профессор.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер