Улуғ алломанинг ишончи ва даъвати
Астрономия фани ўз кечмишида бошқа фанлар сингари гуркураб ривожланиш ва турғунлик даврларини бошидан кечирган. Ана шундай кенг миқёсли ўсиш даври қадимги Юнонистонда милоддан аввалги ВИ асрда бошланиб, милодий II асрда машҳур юнон астрономи Клавдий Птолемейнинг 13 китобдан иборат «Ал-Мажистий» асари билан якунланган. Шундан кейин бир неча аср давомида астрономия фани тақдирида турғунлик даври ҳукм сурган.
Само илми, умуман, аниқ фанларнинг ривожидаги уйғониш янги дин — исломнинг пайдо бўлиши билан боғлиқ. VIII асрнинг охирларида Бағдодда «Байт ул-ҳикма» деб номланган илмий марказ вужудга келади. Шу пайтдан бир неча аср давом этган ва фанда «Мусулмон астрономияси» деб ном олган давр бошланади. Баъзи манбаларда, айниқса, Ғарб адабиётларида бу давр нотўғри, яъни «Араб астрономияси» дейилади. Бунинг сабаби шундаки, ҳар қандай фан ривожида унинг ғоялари ва кашфиётлари муҳокамаси учун умумий тил бўлиши керак. Ўрта асрларда бундай тил вазифасини араб тили бажарган. Шунинг учун адабиётларда ҳозиргача «Араб астрономияси» атамаси ишлатиб келинади.
Мусулмон фалакиётининг ва умуман, Ўрта аср астрономиясининг энг ривожланган даври XV асрда Самарқанддаги Мирзо Улуғбек илмий мактаби билан боғлиқ.
Мирзо Улуғбек 1394 йилнинг 22 мартида Султония шаҳри яқинида буюк бобоси Амир Темурнинг ҳарбий юриши пайтида дунёга келади. Соҳибқирон ўшанда Мардум қалъасини (ҳозирги Эрон ҳудудида) ишғол қилишга катта тайёргарлик кўраётган эди. Гап шундаки, анча вақтдан бери Мардум аҳолиси буюк саркарда қўшинига қаршилик кўрсатиб, унинг қаттиқ ғазабини уйғотган эди. Амир Темур қароргоҳига набираси дунёга келгани ҳақидаги хушхабар етиб келганида у буни шундай хурсандчилик билан қабул қиладики, у Мардумни ишғол қилишдан воз кечади ва қалъа халқини афв этади. Шундай қилиб, Мирзо Улуғбекнинг дунёга келиши ҳукмдорнинг марҳамати билан нишонланади.
Амир Темур 1405 йилда вафот этганидан кейин мамлакатда шаҳзодалар орасида тахт учун урушлар авж олади. Лекин кўп ўтмай Амир Темурнинг кичик ўғли, Мирзо Улуғбекнинг отаси Шоҳруҳ Мирзо 1409 йили мамлакат тахтини эгаллайди. У ўзининг қароргоҳини Ҳирот (ҳозирги Афғонистон)га кўчириб, Мовароуннаҳр ҳокими этиб Мирзо Улуғбекни тайинлайди. Шундан сўнг мамлакатда 40 йил давомида нисбатан тинчлик даври ҳукм суради. Ушбу даврда мамлакатда кенг кўламда ободонлаштириш, ноёб меъморий обидалар барпо этиш, илм-фан, маданият, таълим, ҳунармандчилик каби соҳалар ривож топади.
Мирзо Улуғбек табиатан буюк илм-фан намояндаси бўлган. Унинг истеъдоди, айниқса, фалакиёт ва математика соҳасида кучли эди.
Ўрта аср мусулмон астрономиясининг асосий амалий вазифаси, бу мутахассислар доирасида кенг фойдаланиладиган зижлар яратиш бўлган. Зижлардан тарихчилар турли тақвимларда келтирилган саналарни ҳижрий-қамарий тақвим саналарига ўтказиш, мусулмонлар намоз пайтларини билиш ва диний байрамлар (масалан, Қурбон ҳайити) саналарини аниқлаш, меъморлар масжидлар барпо этишда қибла йўналишини белгилаш, аҳолини саросимага солиши мумкин бўлган Қуёш ва Ой тутилишлари саналарини олдиндан чамалаш, мунажжимлар эса толеномалар (гороскоп) учун сайёралар жойлашувини ҳисоблашда кенг фойдаланишган.
Мусулмон астрономлари ҳаммаси бўлиб 250 га яқин ана шундай зижларни тузган. Мирзо Улуғбек ҳам анъанага риоя қилган ҳолда зиж тузиш билан шуғулланади. Лекин унинг зижи бошқаларникидан фарқли ўлароқ, қўшимча равишда 1018 та юлдузнинг жадвалини ўз ичига олади.
Астрономия тарихидаги илк 1022 та юлдузнинг координаталари келтирилган каталог милоддан аввалги ИИ асрда машҳур юнон астрономи Гиппарх томонидан тузилган. Гиппархнинг каталоги юқорида қайд этилган Клавдий Птолемейнинг «Ал-Мажистий» китобида келтирилган. Лекин юлдузларнинг координаталари вақт ўтиши билан ўзгариб туради. Птолемей ўзгариш қийматини аниқлаб, Гиппарх каталогига тузатишлар киритган. Кейинчалик бу усулдан фойдаланиб, мусулмон астрономлари ҳам бир нечта юлдузни кузатиш асосида юлдуз координаталари ўзгаришининг қийматини аниқлаб, Гиппарх-Птолемей каталогига тузатишлар киритиб келишган.
Ана шу асосда тузилган каталоглар орасида Мирзо Улуғбек даврига келиб Берунийнинг замондоши Х асрда яшаган Абдураҳмон Суффий каталоги машҳур ва кенг тарқалган эди. Мирзо Улуғбек бу каталогни синчковлик билан текшириб, унда келтирилган юлдузларнинг координаталари, уларнинг осмондаги жойлашувига кўп ҳолларда тўла мос келмаслигини аниқлаган. Бу номутаносиблик мусулмон астрономларининг координаталар ўзгаришини етарлича аниқликда тополмаганидан келиб чиққан. Шундан кейин Мирзо Улуғбек оригинал кузатишларни амалга оширишга қарор қилади. Шу мақсадда, у Самарқанд яқинидаги Кўҳак тепалигида улкан расадхона (обсерватория) барпо этади ва 1018 юлдузни ўз ичига олган каталог тузади. Айнан шунинг учун у ўзининг зижини «Кўрагоннинг янги жадваллари» деб номлайди. Ва айнан шу юлдузлар жадвали Мирзо Улуғбекнинг фалакиёт фанига қўшган энг салмоқли ҳиссасидир. Чунки бу астрономия фанида Гиппарх давридан кейинги ўн олти аср давомида оригинал кузатишлар асосида тузилган биринчи каталог бўлди.
Ушбу каталог илк бор Буюк Британиядаги Оксфордда 1648 йили, яъни Мирзо Улуғбек вафотидан икки аср ўтгач чоп этилганда ўзининг аниқлиги, юлдузлар сони ва айниқса, тузилиш санаси бўйича европалик олимларнинг эътирофини қозонди.
Шундан кейин бу каталог Ғарб ва Шарқдаги илмий марказлар томонидан кўп маротаба чоп этилган ва таҳлил қилинган. Бу таҳлиллар ҳатто замонавий нуфузли журналларда ҳам нашр этиб келинмоқда.
ХВИИ асрда яшаб ўтган машҳур поляк астрономи Ян Гевелий ўзининг «Уранография» китобида турли даврларда яшаган ва юлдузлар жадвалларини тузган астрономларнинг каталогларини келтирган. Улар орасидан мусулмон астрономларидан биргина Мирзо Улуғбекнинг каталоги ўрин олган. Бу китобда бир ажойиб рамзий гравюра келтирилади. Унда қадим юнонларнинг астрономия илоҳаси — Урания атрофида турли даврларда яшаб ижод қилган Гиппарх, Птолемей, шаҳзода Гаусс, Вилгелм, Ян Гевелийнинг ўзи ҳамда Мирзо Улуғбек давра ҳосил қилиб ўтиришибди. Ўша гравюрада Ян Гевелий Мирзо Улуғбекни Ураниянинг ўнг томонида биринчи бўлиб жойлаштиргани унинг буюк бобомизга юксак ҳурмати ва эътирофидан далолат беради.
Мирзо Улуғбекнинг фанга қўшган яна бир буюк ҳиссаси — у барпо этган расадхонадир. Афсуски, расадхонада ишлатилган биронта ҳам асбоб-ускуна бизгача етиб келмаган. Расадхонанинг бош ускунаси — меридиан бўйлаб йўналтирилган иккита улкан ёйнинг ер ости қисмигина сақланиб қолган. Улардаги градус белгиларидан биз бу ускунанинг радиуси 40 метр бўлганини билиб олдик. Лекин у квадрант (тўлиқ айлананинг тўртдан бири) ёки секстант (тўлиқ айлананинг олтидан бири) бўлгани ҳануз илмий баҳсларга сабаб бўлмоқда.
Умуман олганда, мусулмон астрономлари томонидан қўлланилган армилляр сфера, секстант каби асбоб-ускуналар таърифи тарихий манбаларда сақланиб қолган. Булар орасида Мирзо Улуғбекнинг сафдоши Жамшид Кошийнинг рисоласини айтиб ўтиш мумкин. Бундай рисолаларни ўрганиб, биз, умуман олганда, Самарқанд обсерваториясида қўлланилган асбоб-ускуналарни тиклашимиз мумкин. Аммо расадхонанинг бош ускунаси — бу ноёб қурилма. Мирзо Улуғбек даҳоси барпо этган бу мукаммал ва ноёб ускуна шакли ва тузилишини тиклаш бизга у қолдирган қийин жумбоқдир.
Улуғ аллома илмий изланишларида консерватизм анъаналарига тўлиқ риоя қилган. Биз бир вақтлари унинг зижидан фойдаланиб, юлдуз туркумларининг туркий номларини ўрганмоқчи бўлганмиз. Лекин зижни очиб таажжубга тушганмиз. Унда келтирилган юлдуз туркумлари номлари қадимги юнонлар қўйган номларнинг ўзгинаси эди. Масалан, «Етти қароқчи» ўрнига «Катта айиқнинг тиззасидаги юлдуз», «Кичик айиқ думининг учидаги юлдуз» каби номларни кўрдик. Аслида, Мирзо Улуғбек бу иши билан буюк олимлигини намойиш этган. Бордию у ўзича юлдузларни ихтиёрий равишда туркумларга бўлиб, уларни «Амир Темур», «Мовароуннаҳр» деб номлаб чиққанида эди, унинг барча меҳнатлари зое кетган бўлар эди. Шунинг учун ҳам Мирзо Улуғбекнинг юлдуз жадвали илк бор Европада чоп этилганида уни салкам икки минг йил давомида тузиб келинган бошқа жадваллар билан ҳеч қандай муаммосиз солиштириш имкони бўлган.
Шуни таъкидлаш керакки, Узоқ Шарқда хитой, япон ва корейс астрономлари тузган каталогларда юлдузлар бошқача юлдуз туркумларига бўлинган ва шунинг учун улар анъанавий (юнон-мусулмон) каталоглари билан солиштирилмаган ҳамда жаҳон астрономлари томонидан таҳлил этилмаган ва ўрганилмаган. Ҳозирда бу мамлакатларнинг астрономлари ҳам юнон-мусулмон анъаналарига асосланган замонавий туркумлар билан иш кўришади. Уларнинг қадимий каталоглари эса тарихчилар томонидан маҳаллий тарихий анъана сифатида ўрганилади.
Яна бир муҳим фикр. Мирзо Улуғбекнинг ҳаёти фожиали тугади, лекин унинг илмий ижодининг юлдузи ниҳоятда порлоқ бўлди. Биринчидан, у ўзининг бош асари — «Кўрагоннинг янги жадваллари»ни якунлашга улгурди. Иккинчидан, бу асар Европада XVII асрда, ўз вақтида, унга зарурат бўлганида эълон қилинди ва жаҳон фанига салмоқли ҳисса бўлиб қўшилди.
Бобурий Султон Муҳаммадшоҳ томонидан XVIII асрда Ҳиндистонда илмий изланишлар Самарқанд астрономия мактабининг анъаналарида ташкил этилганида мусулмон астрономиясининг даври ўтиб бўлган эди. У пайтда Европада астрономия анча илгарилаб кетганди. Италияда Галилео Галилей телескопни осмонга қаратиб Юпитернинг йўлдошларини кашф этган, Тихо Браге кузатишларига асосланиб Йоганн Кеплер сайёралар ҳаракатини белгиловчи учта қонунни очган, Исаак Нютоннинг бутун дунё тортишиш қонунини кашф қилиши натижасида Николай Коперникнинг гелиоцентрик системаси тўлиқ илмий асосини топганди.
Шундай қилиб, Аҳмад Фарғонийдан IX асрда бошланган мусулмон астрономияси XV асрда ўзининг энг юксак чўққисига Самарқандда чиққан. Ўшанда Мирзо Улуғбекнинг илмий мактаби жаҳоннинг астрономия марказига айланган эди.
Юқорида қайд этилган гравюрада Ян Гевелий ҳар бир астрономга тегишли ибораларни келтирган. У «Ўз ишимни муносиб авлодларимга қолдирдим», деган иборани Мирзо Улуғбек номидан келтирган. Буюк бобокалонимизнинг ушбу ишончи ва даъватига муносиб бўлиш бизнинг бурчимиздир.
Шуҳрат ЭГАМБEРДИЕВ,
Ўзбекистон Фанлар академияси
Астрономия институти директори, академик.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистон Президенти ва халқига Янги йил байрами муносабати билан самимий қутловлар келмоқда
- Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон халқига Янги йил табриги
- Ўзбекистоннинг Ғазодаги вазиятга нисбатан ҳозирги аниқ позицияси қандайлиги айтилди
- Эркинжон Турдимов: «Муаммо бинода эмас, муаммо раҳбар ва унинг иш услубида»
- Ўзбекистонга нечта давлатдан туристлар келаётгани очиқланди
- Президент прокуратура органлари ходимлари ва фахрийларига табрик йўллади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг