Украина Россиянинг 41 та ҳарбий самолётини йўқ қилди — ОАВ

Иллюстратив фото
Украина хавфсизлик хизмати Россия — Украина чегарасидан узоқда жойлашган бир қанча вилоятлардаги рус аэродромларига ҳужум уюштирган. Бу ҳақда “Украинская правда”, “Бабел”, “РБК-Украина” ва бошқа нашрлар махсус хизматлардаги манбаларга таянган ҳолда хабар бермоқда.
Манбаларига кўра, “Ўргимчак тўри” деб номланган ушбу операцияни Украина хавфсизлик хизмати раҳбари Василий Малюк шахсан бошқарган. Ҳужум натижасида 40 дан ортиқ рус самолётлари, жумладан, “А-50”, “Ту-95” ва “Ту-22 М3”лар зарар кўрган. Таъкидланишича, ушбу ҳужум оқибатида Россия армияси тахминан икки миллиард доллар зарар кўрган.
Украина оммавий ахборот воситаларининг ёзишича, камида тўртта аэродромга ҳужум қилинган. Улар Рязан вилоятидаги Дягилево, Мурманск вилоятидаги Оленья, Иркутск вилоятидаги Белая ва Иваново вилоятидаги Иваново аэродромларидир.
Иркутск вилояти губернатори Игорь Кобзев дрон ҳужуми ҳақидаги маълумотни тасдиқлаб, бу уруш бошланганидан бери Сибир ҳудудига биринчи зарба эканлигини таъкидлади. Унинг нишони Средний қишлоғидаги ҳарбий қисм эканини ва тинч аҳолининг ҳаёти ва соғлиғига ҳеч қандай таҳдид йўқлигини расман билдирди.
Мурманск вилояти губернатори Андрей Чибис ҳам ҳудудга дрон ҳужуми содир этилганини тасдиқлади. Бироқ унинг нишони нима эканлигини аниқ айтмаган. Рязан вилояти губернатори Павель Малков фақат дрон ҳужуми билан боғлиқ воқеа фактини маълум қилди. Бироқ унинг сўзларига кўра, фақат хусусий уйлардан бирининг томи шикастланган.
“Baza” ва “Mash” Телеграм каналлари Мурманск ва Иркутск вилоятларидаги дронлар яқин атрофдаги автомагистралларда турган юк машиналаридан ҳавога кўтарилганини хабар қилди. Мурманск вилоятида юк машинаси ҳайдовчиси қўлга олинди, деб ёзади “База”. Манбанинг ёзишича, эҳтимол ҳайдовчи ўз машинасида нима борлигини билмаган.
Иркутск вилояти губернатори Игорь Кобзев дрон ҳақиқатан ҳам юк машинасидан учганини тасдиқлади. “Дронлар учирилган манба аллақачон блокланган. Бу юк машинаси. Асосийси ваҳима қилмаслик керак”, деди у.
Уруш тарафдори бўлган “Рибарь” Телеграм канали ҳужум натижасида Россия армияси бир нечта “Ту-95М” самолётларини йўқотгани ҳақида хабар берди.
“Аввал айтиб ўтганимиздек, “Ту-95” ва “Ту-22” стратегик авиация самолётлари узоқ вақтдан бери ишлаб чиқарилмайди ва уларни қайта тиклаш учун ҳеч нарса йўқ. Шунга кўра, бу йўқотишларни тиклаш мумкин эмас. Бу, шубҳасиз, стратегик таркибий қисмга жуда жиддий зарар, ҳам махсус хизматлар ишидаги жиддий нотўғри ҳисоб-китоблар, ҳам барча ҳужумлардан кейин ҳам очиқ майдонда яширилмай қолдирилган ҳаво кемаларига бепарво муносабатдир.”, деб ёзади “Рибарь”.
Ўз навбатида, “Fighterbomber” канали ушбу воқеага изоҳ бераркан, ҳужумни Россия авиацияси учун “қора кун” деб номлади ва бу кун ҳали тугамаслигини ёзди.
Украина оммавий ахборот воситалари манбаларига кўра, Украина хавфсизлик хизмати “Ўргимчак тўри” махсус операциясини бир ярим йилдан кўпроқ вақт давомида тайёрлаган. Тайёргарликни президент Владимир Зеленский шахсан назорат қилган.
Операция логистика нуқтаи назаридан жуда мураккаб деб аталади. Дастлаб Россияга FPV дронлари, кейин эса мобил ёғоч қутилар олиб келинган. Уларнинг ичига дронлар яширилган, шундан сўнг улар юк машиналарига жойлаштирилган. Керакли вақтда дронлар масофадан ишга туширилган. Украина махсус хизматидаги манбаларнинг айтишича, ушбу махсус операция иштирокчилари аллақачон Украинага қайтиб келган. Операция давомида жами 41 та Россия стратегик авиация самолёти уриб туширилган.
Киев бу операцияга расман изоҳ бермади. Украина расмийсининг “Axios” нашрига айтишича, Киев АҚШ президенти Дональд Трамп маъмуриятини Россия аэродромларига ҳужум ҳақида олдиндан огоҳлантирмаган.
Россия ва Украина ўртасидаги музокараларнинг янги босқичи шу йилнинг 2 июнь куни Истанбулда ўтказилиши режалаштирилган. Тахминларга кўра, томонлар ҳар икки томон ўт очишни тўхтатиш шартларини ўз ичига олган меморандумларни алмашадилар.
Манбаларга кўра, “Ўргимчак тури” махсус операцияси доирасида Украина хавфсизлик хизмати Амур вилоятидаги ҳарбий авиабазасига ҳам ҳужум қилишни режалаштирган, аммо бу ҳужум муваффақиятсизликка учраган. Нашр бундай хулосага Василий Малюкнинг операция диаграммаси билан суратини ўрганиб чиқиб келган.
“Осторожно, новости” Телеграм канали гувоҳларга таяниб, Амур вилоятида, Серйшево қишлоғи ва “Украинка” аэродроми яқинида бугун трассада юк машинаси ёниб кетгани, тахминларга кўра, унда Украина учувчисиз учоқлари бўлиши мумкинлиги ҳақида ёзди.
Россия Мудофаа вазирлиги Украина дронларининг Россия аэродромларига ҳужум қилганини тасдиқлади. Ҳарбий департамент баёнотига кўра, Мурманск, Иркутск, Иваново, Рязан ва Амур вилоятларидаги бешта аэродромга ҳужум қилинган. “Иваново, Рязан ва Амур вилоятларидаги ҳарбий аэродромларда барча терактлар қайтарилди. Мурманск ва Иркутск вилоятларида аэродромлар яқинида жойлашган ҳудуддан FPV дронларининг учирилиши натижасида бир нечта самолётлар ёниб кетди”, — дейилади Россия Мудофаа вазирлиги хабарида.
Вазирлик маълумотларига кўра, дронлар ҳужуми натижасида ҳарбий хизматчилар ва тинч аҳоли вакиллари орасида қурбонлар бўлмаган. Барча ёнғинлар ўчирилган. Қайд этилишича, террорчилик ҳужумларининг айрим иштирокчилари қўлга олинган.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар миқдори 10 фоизга оширилади
- Олимлар Альцгеймер касаллигидан ҳимоя қилувчи парҳез ҳақида маълумот беришди
- Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар хронологияси ёхуд бугунги «уруш»нинг илдизи қаерда?
- Доллар курси ошишда давом этмоқда
- Паркентда йилига 20 минг сайёҳни қабул қиладиган туристик мажмуа очилмоқда
- Ўзгаришларни сўз билан уйғотган журналист
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг