Уйи борнинг ташвиши йўқ

17:24 24 Февраль 2025 Жамият
152 0

Ғайрат Отажонов/«Халқ сўзи». Инсон учун шахсий тураржойнинг ўрни жуда муҳим. Ҳаётидан рози бўлиб умргузаронлик этишида асосий омиллардан саналади. Одамларнинг уй-жой билан таъминланганлик даражасидан қониқиш ҳисси оилавий бахт-саодатга элтувчи асосий омил саналади.

Қорақалпоғистонда жорий йилнинг дастлабки ойида юзлаб хонадон соҳиблари янги уйларга кўчиб ўтишди. Биргина Қўнғирот туманининг «Жаслиқ» посёлкасининг ўзида 180 хонадонли янги кўп қаватли уйлар фойдаланишга топширилди.

— Ушбу посёлкада 36 йилдан бери яшаймиз. Уйда етарли шароит бўлмагани учун қийналардик, — дейди янги хонадон эгаси Бағила Ўразбекова. — Ҳукумат вакиллари бинонинг авария ҳолатига келиб қолганини, бизга янги уй қуриб берилишини айтганда ишонмагандик. Мана, биз кутган кунлар келди. Энг чекка ҳудудда барча шароитларга эга янги уйларга кўчиб ўтганимиздан хурсандмиз.

«Жаслиқ» посёлкасида яшовчи оқсоқолларнинг бири Серик оға Мухамбеталиевнинг айтишича, овулида 40 йилдирки мана шундай янги уйлар қурилмаган экан. Конликўл туманидаги «Бостан« овул фуқаролар йиғинида яшовчи Жолдасбай Қошпанов, Айназар Тўрешовлар оиласи ҳам яқинда янги уйларга кўчиб ўтишди. Улар уй-жой борасида қилган мурожаатлари ижобий ҳал бўлганидан миннатдор. Оролбўйининг бошқа туманларида ҳам «Инсон қадри учун» тамойили асосида оғир ҳудудлар тоифасига киритилган фуқаролар йиғинларида қурилиш-ободонлаштириш ишлари амалга оширилиб, тупроқ йўлларга қум-шағал аралашмаси ётқизилди. Шунингдек, ўтган йилда жами 21 мингдан ортиқ эҳтиёжманд оилалар уй-жойларида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилди.

Маълумот учун: Қорақалпоғистон Республикасида ўтган йилда аҳолини уй-жой билан таъминлаш дастури доирасида ҳудудларда 71 та кўп хонали уйлар фойдаланишга топширилган. Қонликўл, Қораўзак, Кегейли ва Элликқалъа туманларидаги «Янги Ўзбекистон» массивларида 13 та, уй-жойга талаб юқори бўлган бошқа ҳудудларда 58 та уй-жойлар қурилган бўлса, жами 2 минг 734 хонадон соҳиблари уй-жойли бўлишди. Мана шу хонадонларнинг ҳар бирига 4 нафар аҳоли яшаш учун кўчиб ўтган бўлса, 10 мингдан ортиқ инсон уйли бўлиш ташвишидан халос бўлгани қувонарли.

Халқимиз «Уйи борнинг ташвиши йўқ», дейишади. Бу уй-жойнинг инсон ҳаёти учун қанчалик муҳимлигини англатади. Қорақалпоғистонда ўтган йилда 10 мингдан ортиқ аҳоли уйли бўлиб, бахтли манзилларда бахтиёр яшамоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?