Буюк шоир хотирасига бағишланган маънавият байрами

23:02 20 Октябр 2025 Маданият
277 0

Фото: Акмал Муҳаммадов/«Халқ сўзи»

19-20 октябрь кунлари пойтахтимизда ва Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида элимизнинг суюкли фарзанди, Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидовнинг бетакрор ижодига бағишланган «Э воҳ» республика ўзбек тили ва адабиёти олимпиадаси ва Ўзбек тили байрамига бағишланган навбатдаги фестиваль бўлиб ўтди.

Фото: Акмал Муҳаммадов/«Халқ сўзи»

Унда вазирликлар, халқаро ташкилот ва дипломатик корпус вакиллари, Эркин Воҳидов ижод мактаби устозлари ва ўқувчилари (Фарғона), таниқли шоир ва адиблар, «Э воҳ» олимпиадасининг финал босқичида иштирок этган маҳаллий ва чет эллик ўқитувчилар, ОАВ ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Фото: Акмал Муҳаммадов/«Халқ сўзи»

Бундан тўққиз йил муқаддам давлатимиз раҳбари томонидан Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш тўғрисидаги қарори асосида Марғилон шаҳрида ижодкорлар боғи ҳамда Эркин Воҳидов номидаги мактаб-интернат ташкил этилган эди. Ўтган йиллар мобайнида ушбу масканда Эркин Воҳидовнинг ҳайкали ўрнатилди ва мемориал музейи бунёд этилди.

Фото: Акмал Муҳаммадов/«Халқ сўзи»

— Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Воҳидов номига қўйилган мактаб-интернатга 2018−2019 ўқув йилида 5−8-синфларга 150 нафар истеъдодли ўқувчиларни қабул қилган эдик, — дейди муассаса раҳбари Нигора Маннопова. — Ҳозирги пайтда уларнинг сони 200 нафардан ошиб кетди. Мактабда ўқувчилар учун барча шароитлар яратилган бўлиб, ётоқхона, ошхона, кутубхона, фаоллар зали ва ўқув-лаборатория жиҳозлари мавжуд.

Фото: Акмал Муҳаммадов/«Халқ сўзи»

Давлатимиз раҳбари ўтган йили Эркин Воҳидов ижодига бағишланган фестиваль қатнашчиларига йўллаган табригида шундай деган эди: «Биз ушбу адабий фестивални ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиш таклифини қўллаб-қувватлаймиз. Зеро, буюк тарихга эга бўлган, ўз ўтмишидан ғурурланиб, айни вақтда, келажакка юксак ишонч билан интилаётган бугунги ўғил-қизларимиз маънавий булоқларимиздан баҳраманд бўлиб, янги Ўзбекистоннинг чинакам бунёдкорлари бўлиб вояга етишида мана шундай анжуманларнинг ўрни ва таъсири беқиёс, албатта. Бу адабиёт байрамининг бардавом бўлишини истаб қоламан».

Фото: Акмал Муҳаммадов/«Халқ сўзи»

Бугун мактаб таълими тизимида она тили ва адабиёти фанларига бўлган эътибор тобора ортиб бормоқда. Таълим мазмуни янгиланмоқда, фанлар кесимида миллий қадриятларимиз ва тил маданиятини сингдириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. «Э воҳ» олимпиадаси ана шу эзгу жараённинг давоми сифатида, иқтидорли ўқувчиларни кашф этиш, уларни илмий ва ижодий йўналишда қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.

Фото: Акмал Муҳаммадов/«Халқ сўзи»

Бу йил олимпиада илк бор рақамли платформада ўтказилаётгани ҳам муҳим қадам бўлди. Бу орқали юртимизнинг барча ҳудудларидан, ҳатто хорижда таҳсил олаётган ёшлар ҳам онлайн тарзда иштирок этиш имкониятига эга бўлишмоқда.

Фото: Акмал Муҳаммадов/«Халқ сўзи»

Фестиваль доирасида сўзга чиққан олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов шундай деди:

— Бу олимпиада нафақат буюк шоир ва давлат арбоби Эркин Воҳидов хотирасига ҳурмат, балки тил, адабиёт ва маънавиятга бўлган муҳаббатимиз ифодасидир. «Э воҳ» сўзи — ҳайрат, илҳом ва юксак эҳтиром рамзи. Шу ном остида ўтказилаётган бу тадбир юртимиздаги ҳар бир ёшнинг қалбида она тилига садоқат ва ифтихор туйғусини янада кучайтиришга хизмат қилади.

Бугунги кунда давлатимиз раҳбарининг ўзбек тилининг нуфузини ошириш, уни жаҳон миқёсида танитиш борасидаги ташаббуслари доирасида кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. «Э воҳ» олимпиадаси ана шу эзгу мақсадларнинг амалдаги давоми бўлиб, иқтидорли ёшларни аниқлаш, уларнинг бадиий ва илмий салоҳиятини ривожлантириш, замонавий фикрлайдиган мутахассислар етишиб чиқишига хизмат қилади.

Бу йилги олимпиада илк бор рақамли форматда ташкил этилмоқда. Бу эса таълим тизимида инновацион ёндашувларни жорий этишга бўлган амалий қадамлардан биридир. Олимпиадада нафақат мамлакатимиз ўқувчи ва педагоглари, балки хорижда ўзбек тилини ўрганаётган ёшлар ҳам иштирок этаётгани биз учун фахрдир.

Сизларнинг ҳар бирингиз бу олимпиадада фақат ғолиблик учун эмас, балки она тилининг қадрини янада юксалтириш, унинг жозибаси ва гўзаллигини англаш учун қатнашмоқдасиз. Бу — ҳар бир юртдошимиз учун шарафли масъулиятдир.

Фото: Акмал Муҳаммадов/«Халқ сўзи»

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) Сурайё Раҳмонова:

— Буюк шоир Эркин Воҳидов ижоди ҳар биримиз учун илҳом ва ифтихор манбаидир. Унинг қаламидаги ҳар бир сатр Ватанга муҳаббат, она тилига садоқат, инсон қалбидаги эзгуликка ишонч билан йўғрилган.

Бизнинг мақсадимиз — ҳар бир бола ўз она тилида эркин фикрлай оладиган, сўз қудрати билан янгилик ярата оладиган, дунёга юртимиз маданиятини танита оладиган авлод бўлиб вояга етишидир. Шу маънода «Э воҳ» олимпиадаси билим, маънавият ва инсонпарварликнинг ёрқин намунасига айланмоқда.

Фото: Акмал Муҳаммадов/«Халқ сўзи»

Фестивалда сўзга чиққан Тошкент вилояти ҳокими ўринбосари Ҳаким Бобожонов, Халқаро Нордик университети ректори Шерзод Мустафоқулов, «Э воҳ» республика ўзбек тили ва адабиёти олимпиадаси Ҳакамлар ҳайъати раиси Олимжон Давлатов ва бошқалар она тилимиз — миллат қалби, унинг орияти ва келажаги экани, уни асраш ва севиш ҳар бир ватандошимизнинг энг олий бурчи эканлиги ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Фото: Акмал Муҳаммадов/«Халқ сўзи»

Олимпиада якунига кўра, биринчи ўрин – олтин медалга Тошкент шаҳрида фаолият кўрсатаётган «Sodiq school» мактаби устози Мансур Сиддиқов муносиб кўрилди.

Фото: Акмал Муҳаммадов/«Халқ сўзи»

Иккинчи ўрин – кумуш медаль Сирдарё вилояти, Боёвут тумани 13-мактаб ўқитувчиси Дилором Бердимуродова, Фарғона шаҳри 41-мактаб ўқитувчиси Муаттар Меҳмоналиева, Хоразм вилояти Тупроққалъа тумани 6-мактаб ўқитувчиси Мунаввара Нурмановага насиб этди.

Фото: Акмал Муҳаммадов/«Халқ сўзи»

Учинчи ўринни эса Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари академик лицейи ўқитувчиси Саодат Ашурова, Қорақалпоғистон Республикаси Амударё туманидаги ихтисослаштирилган мактаб ўқитувчиси Моҳира Собирова, Тошкент вилояти Паркент туманидаги 40-мактаб ўқитувчиси Шаҳло Ҳомидова, Бухоро вилояти Бухоро шаҳридаги ихтисослаштирилган мактаб ўқитувчиси Феруза Эргашева, Фарғона вилояти Ўзбекистон туманидаги 16-мактаб ўқитувчиси Шоирахон Шокирова қўлга киритди.

Фото: Акмал Муҳаммадов/«Халқ сўзи»

Финал босқичигача етиб келган 79 нафар ўқитувчи, устоз-мураббийлар фестиваль якунида махсус сертификатлар ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. Фестиваль давомида таниқли хонандалар ва санъат усталари ижросида куй-қўшиқлар янгради.

Нуруллоҳ Остонов,

Акрам Хамрақулов

(«Халқ сўзи»).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?