Углеродсиз энергия олиш экология учун ўта фойдали

21:54 17 Июнь 2022 Иқтисодиёт
766 0

Иллюстратив фото

Бугунги кунда мамлакатимизда Атом энергетикасини ривожлантириш (UzAtom) агентлиги фаолият олиб бормоқда. Агентликда Республикамизда атом энергетикасини ривожлантиришда чет эл инвестицияларини жалб қилиш, экологик шароит нуқтаи-назаридан Атом электр станцияларидан фойдаланиш, Атом энергиясини ишлатишда халқаро ташкилотларнинг илғор технологияларини жалб қилиш юзасидан самарали иш олиб борилмоқда.  

Ҳозирги вақтда электр энергиясидан фойдаланмайдиган бирор соҳани топиш мушкул. Шунинг учун ҳам электр энергияси ишлаб чиқариш, табиий ресурслар ўрнини эгалловчи ва кўпроқ фойда берувчи манбага эга бўлиш эҳтиёжи йилдан-йилга ортиб бормоқда. Бу борада атом энергетикасининг самараси анча юқори. Масалан 1 кг уран 2,5 тонна кўмир ёнганда берадиган миқдорда иссиқликни беради. Демак, бунинг экологияга ҳам катта фойдаси бор.

Лекин ҳар қандай фойда келтирадиган ишнинг ҳам ўзига яраша афзалликлари ҳамда салбий оқибатлари мавжуд. Иқтисодиётни саноатлаштириш ўз йўлига, аммо атом энергетикаси бошлангандан бери у билан боғлиқ ядровий ҳалокатлар инсониятни хавотирга солади. Аммо тан олиш керак, атом энергиясидан воз кечиш, нефтга қарамликни оширади. Қулай томони эса атом энергияси тоза ва ёнганда экологияга хавф туғдирмайди. Шундоқ ҳам Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган электр энергиясининг 85 фоизи газ ва кўмир ҳисобидан олинса, бор-йўғи 15 фоизи гидроэлектр станциялари ҳиссасига тўғри келади.

— Маълумки, дунё олимлари глобал исишнинг олдини олиш бўйича бош қотирмоқда, — дейди агентлик матбуот котиби Гулрухсор Равшанова. — Яъни атмосферага карбонат ангидрид чиқармайдиган энергия олиш тизимига ўтиш йўллари изланмоқда. Атом электр станциясида углеродсиз энергия олиш имконияти мавжуд ва бу экология учун ўта фойдали тизимдир.

Савол туғилади, дунё атом энергиясига муҳтожми? Халқаро энергетика агентлиги (МАГАТE) маълумотларига кўра, ҳозирда 31 та давлатда атом электр станциялари бор. Дунёда ишлаб чиқарилаётган атом энергиясининг қарийб ярми АҚШ ва Францияга тўғри келади.  

Мутахассисларнинг фикрига кўра, Ўзбекистонда ҳам яқин келажакда Атом электр станцияси қурилиши режалаштириляпти ва унга Жиззах вилояти Фориш туманидаги Тузкон ҳудуди устувор майдон сифатида танланган. Албатта, АЭС ишга тушгач, экологик тоза муқобил энергия манбаига эга бўламиз. АЭС қурилиши натижасида кўплаб малакали кадрларни ишга жалб этилади. Энг муҳими, мамлакатимизда электр энергияси тақчиллигининг олдини олишда атом электр станциясининг ҳиссаси катта бўлади.

Маржона АБДУРАҲМОНОВА, ЎзДЖТУ талабаси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер