Учувчисиз учадиган аппаратлардан ноқонуний фойдаланганлик учун жавобгарлик енгиллаштирилмоқда

11:40 19 Январь 2024 Сиёсат
499 0

Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”

Сенатнинг қирқ тўққизинчи ялпи мажлисида “Айрим тоифадаги жиноий қилмишлар учун жавобгарлик либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун муҳокама қилинди.

Сенаторлар қайд этганидек, мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада демократлаштириш ва эркинлаштириш, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари фаолияти самарадорлигини ошириш ҳамда жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш ва қонунийликни мустаҳкамлаш борасида қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Инсонпарварлик, адолатпарварлик ғояларига асосланган қонунлар қабул қилинмоқда.

Муҳокама қилинган Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга учувчисиз учадиган аппаратларни, уларнинг бутловчи ва эҳтиёт қисмларини қонунга хилоф равишда олиб кириш, ўтказиш, олиш, сақлаш ёки улардан фойдаланиш билан боғлиқ маъмурий жавобгарликни назарда тутувчи янги норма киритилмоқда.

Хусусан, маъмурий ҳуқуқбузарлик натижасида аниқланган учувчисиз учадиган аппаратлар давлат ҳисобига мусодара қилиниши, қонунга хилоф равишда ҳаракатларни содир этган шахс, агар у учувчисиз учадиган аппаратларни, уларнинг бутловчи ва эҳтиёт қисмларини ўз ихтиёри билан топширса, жавобгарликдан озод қилиниши ҳамда ушбу тоифадаги маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар жиноят ишлари бўйича судлар томонидан кўриб чиқилиши белгиланмоқда.

Шунингдек, Жиноят кодексининг 2444-моддасида белгиланган санкцияларга муқобил жарима, ахлоқ тузатиш ишлари, озодликни чеклаш каби жазо турлари киритилмоқда, яъни шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, жиноий жавобгарлик назарда тутилмоқда.

Сенаторларнинг фикрича, Қонуннинг амалиётга татбиқ этилиши натижасида қонунга хилоф равишда ушбу қилмишни биринчи маротаба содир этган шахслар учун жиноий жавобгарлик эмас, балки маъмурий жавобгарлик белгиланиб, бу ўз навбатида, жамиятимизда ушбу турдаги жиноятлар кўпайишини олдини олишга хизмат қилади.

Муҳокама якунида Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?